1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

43-боб. Қайтган қизини қарамоғига олган кишининг фазли

21:10 / 01.06.2019 2613 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

80. Мусо ибн Улай отасидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Суроқа ибн Жуъшумга:

«Сени энг улуғ садақага ёки энг улуғ садақалардан бирига йўллаб қўяйми?» дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.

«Сенга қайтиб келган ва сендан бошқа қаровчиси йўқ қизинг», дедилар».

Шарҳ: Ота-онанинг бир қизни катта қилиб, тенгини топиб, келин қилиб узатиши катта иш. Албатта, ҳеч ким келин бўлган қизининг оиласи бузилиб, ота уйига қайтиб келишини истамайди. Бир оиланинг бузилиши катта бахтсизлик ҳисобланади. Аммо дунёнинг ишлари кишиларнинг истаги асосида бўлмайди. Гоҳида банданинг истагига зид ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Жумладан, баъзи оилаларнинг бузилиш, келин бўлиб тушган қизларнинг ота-онаси уйига қайтиб келиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Албатта, ота-она ҳам, бошқа манфаатдор тарафлар ҳам оиланинг бузилмаслиги ва келиннинг ота уйига қайтиб бормаслиги учун қўлидан келган барча чораларни кўришади, эр-хотиннинг орасини тузатишга, келишмовчиликларни яхшилик билан бартараф этишга, оиланинг бахтли бўлиб кетишига ҳаракат қилишади. Лекин баъзида барча уринишлар ҳам кўзланган натижани беравермайди. Баъзи қизлар ота уйига қайтиб келишади. Ана шунда ота-она эридан қайтиб келган қизига нисбатан қандай муносабатда бўлиши керак? Бу ҳолда мусулмон маданияти нимадан иборат бўлади?

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, эридан қайтиб келган қизга меҳр кўрсатиш, уни қаровсиз қолдирмаслик керак бўлади. Эрдан қайтиб келган қизга кўрсатиладиган яхшилик энг улуғ садақа ёки энг улуғ садақалардан бири бўлади. Бу ҳақиқатни ҳамма билиши лозим.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Садақанинг улуғи ва энг улуғи ҳам бўлиши.

2. Бир нарсани айтишдан олдин «Айтиб берайми», қабилида сўраб олиш мумкинлиги.

3. Эрдан қайтиб келган қизнинг ҳурматини жойига қўйиш энг улуғ садақа ўрнига ўтадиган иш экани.

4. Фарзандга кўрсатиладиган мурувват садақа ўрнига ўтиши.

81. Суроқа ибн Жуъшумдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Суроқа!...» дедилар».

Давоми худди аввалги ривоятдаги каби.

Шарҳ: Муҳаддис уламолар бу каби ривоятларни аввал ўтган маънони таъкидлаш ва кучлантириш учун келтирадилар. Хабарнинг ривоятчиси ва ривоят йўллари қанча кўп бўлса, унинг кучи ҳам шунча зиёда бўлади. Бу ҳол ҳадис ва турли ривоятлар илмида кенг тарқалган услубдир.

Бугунги кунда ҳадис нима, ривоят нима, уларга оид қоидалар нималигидан мутлақо бехабар кимсалар такрорни нуқсон дея сўзлашга журъат қилаётганлар билмаган ишларига аралашмаганлари маъқул. Чунки илмда такрордан ҳам маълум мақсад кўзланган бўлади.

82. Миқдом ибн Маъдийкарибдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ўзинг учун топган таоминг сен учун садақадир. Болангга берган таоминг ҳам сен учун садақадир. Жуфтингга берган таоминг ҳам сен учун садақадир. Ходимингга берган таоминг ҳам сен учун садақадир», деганларини эшитдим».

Шарҳ: Одамлар ичида «бева-бечора, фақир-мискин ва муҳтожларга қилинган хайр-эҳсон савобга эриштирадиган садақадир» деган тушунча юради. Ана ўшаларга қилинган иқтисодий ёрдамни садақа деб тушунадилар ва савоб умидида бўладилар.

Кишининг ўзи учун қилган сарф-харажати садақа бўлиши мумкинлигини кўпчилик хаёлига ҳам келтира олмайди.

Отанинг боласига, эрнинг хотинига ва хўжайиннинг ходимига берган таоми ва бошқа нарсаларининг ҳам садақа бўлишини тушуниб етадиган одам кам.

Ушбу ҳадиси шарифдан мазкур тушунчани яхшилаб англаб, ҳалол-пок йўл билан шариатга мувофиқ равишда қилинган ҳар бир сарф-харажат ҳам аслида садақа бўлишини билиб олмоқдамиз.

Зотан, ҳаромдан топилган маблағни мазкур шахсларга сарфлаш гуноҳ саналади. Бинобарин, уларга ҳалолдан топиб сарфлаш савоб бўлади, садақа ўрнига ўтади.

Мусулмон эркак учун хотини, бола-чақаси ва ўз қарамоғидагиларнинг нафақаси вожиб ҳисобланади. Ўша нафақани шариатнинг ҳукми эканини тушунган ҳолда адо этган одам вожиб ибодатни бажарган бўлади.

Мўмин-мусулмон киши бир яхши ёки мубоҳ ишни «Аллоҳ мубоҳ қилган» деган ният ила амалга оширса, эвазига ажр олади. Шунингдек, бир ёмон ёки мункар ишдан «Аллоҳ қайтарган», дея қайтса ҳам ажр олади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон банданинг ўзи учун топган таоми садақадир.

2. Мусулмоннинг боласига берган таоми садақадир.

3. Мусулмоннинг хотинига берган таоми садақадир.

4. Мусулмоннинг ходимига берган таоми садақадир.

 

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
27. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир кишининг ўз отаонасини сўкиши гуноҳи кабиралардандир,, дедилар..Қандай қилиб ўз давоми...

5151 10:30 / 05.12.2018
24. Саъд ибн Абу Ваққосдан ривоят қилинади.Аллоҳ таолонинг Китобида мен ҳақимда тўртта оят нозил бўлган.Онам агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан давоми...

3432 10:03 / 25.11.2018
. ,. . . ,. . ,. .Мужоҳиддан ривоят қилинади.Яъла ибн Умайя фатҳдан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига давоми...

3449 11:05 / 01.02.2020
111. Ибн Умардан ривоят қилинади.Бошимизга шундай замон ёки пайтлар келдики, бир одамнинг бир динори ёки дирҳами бўлса, ўшанга унинг мусулмон биродаридан кўра давоми...

3354 09:10 / 20.09.2019
Аудиолар

213381 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132601 14:35 / 11.08.2021