1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Ўзлигингизга қайтинг, ўзбегойимлар (иккинчи мақола)

15:00 / 24.05.2019 3143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аслида ҳаё қабоҳатни йўқотиш учун ато этилган хулқдир. Ҳаёли инсонга ҳар ким ҳам журъат қилиб гапира олмайди, унинг қадрини топташга бировнинг ҳадди сиғмайди. Ҳаё – бу мустаҳкам қўрғон бўлиб, ўз соҳибини дунё ва охират хижолатлигидан ҳимоя қилади. Набий алайҳиссалом: «Ҳаё фақат яхшилик олиб келади», деганлар. Ҳаёли кишининг баъзи айблари ҳам кўзга ташланмайди.

Ҳаё ҳақида гап кетар экан, шу ўринда овқатланиш, ўзини тутиш, сўзлаш ва кулиш одоблари каби муҳим масалаларни ҳам айтиб ўтишимиз лозим.

Қиз боланинг баланд овозда кулиши, бақириб сўзлаши, жамоат жойларида ўзини тута билмай, ҳар хил қилиқлар қилиши ўта хунук ҳолатлар ҳисобланади. Бошини орқага ташлаб, оғзини катта очиб кулаётган қизларга қараб туриб, ойнаи жаҳоннинг салбий таъсирини кўргандек бўламан. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулгилари фақатгина табассумдан иборат бўлганини билармикин?

Баъзан тантаналар муносабати билан ёзиладиган дастурхон атрофида кузатиб ўтираман: аёлларимиз ўзаро ҳол-аҳвол сўрашгач, овқатланиш билан бирга ғийбатга ҳам киришиб кетишади. Уй эгасининг ҳалол дастурхонида ўтириб, тансиқ таомларга солиб пиширилган ҳалол гўштлар билан қўшиб ўз биродарларининг ҳаром гўштини чунонам туширишадики, уялиб кетасан киши. Аслида йиғинларга дийдорлашиш умидида борилади, қорин ғамида эмас. Шу нафс уйда ҳам тақдирида ёзилган ризқини еб, ором олади-ку! Қолаверса, нозик хилқат саналмиш аёлларга лунжини тўлдириб таом ейиш ҳам ярашмайди. Бунинг устига, оғзида овқати билан гапириш нафақат бизда, балки бутун дунёда ҳам одобсизлик, тарбиясизлик саналади. Майли, меҳмонга борган аёл ўзи билан бирга ўтирган меҳмонлардан, мезбонлардан уялмасин, лекин Аллоҳдан, ўзидан, ҳолидан уялсин. Биз «Иззат тиласанг кам де, сиҳҳат тиласанг кам е» деб, бу борада бутун дунёга устоз бўлган зотларнинг авлодимиз ахир!

Энди ҳаё ҳақидаги суҳбатни иккинчи тоифа вакилалари билан давом эттирамиз.

Сизлар, эй бошида рўмоли бўла туриб, қалбида ҳаёси бўлмаган қизлар!

Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига нозланиб, бурилиб тушган суратларини жойлаб, мастуралар шаънига доғ тушириб юрган қизлар!

Аллоҳ фарз қилган ҳолатда юрганини даъво қилиб, аслида шайтоннинг етовида йўрғалаган қизлар, гапимни диққат билан эшитинг!

Билиб қўйинг, Аллоҳ сизларнинг кийимингизга, бу тахлит зўраки ёпинишингизга зор эмас. У Зот фақат ўзингизнинг манфаатингиз, тинч-хотиржам яшашингиз, бадназарлар, ҳирсли қарашлар, разил ўй-фикрлардан ҳимояланишингиз учунгина буни амр қилган. Ҳа, бу илоҳий ҳукм фақат сизнинг фойдангиз учун чиқарилган!

Тор либосларда, сочларни туянинг ўркачига ўхшатиб турмаклаб юришингиз рисоладаги муслиманинг кўринишига асло тўғри келмайди. Бу юриш-туришингиз нафақат ўзингизга, балки гўзал суратингизга маҳлиё бўлиб, кўнгли суст кетган кўчадаги бегона эркакларга ҳам ботмон-ботмон гуноҳни юклаб қўймоқда. Нима қиласиз уларнинг назарига, беҳаё ўйларига нишон бўлиб? Бу чинакам муслима аёлнинг сифатларидан эмас-ку?! Ахир Фотима онамиз розияллоҳу анҳо: «Аёлларнинг яхшиси бегона эркакларнинг хаёлида бўлмаганидир», демаганми эдилар?

Кийиниш маданиятини, жамоат этикетини билмасангиз, одамларнинг фикрини оёқости қилиб, ясан-тусан қилиб кўчага чиқишингиз, ҳатто энг улуғ байрамлар – Қуръони карим мусобақаларига ҳам тўйга кетаётгандек ясаниб боришингиз – буларни қайси андозага, қайси қолипга сиғдириш мумкин?

Давлатимиз раҳбарлари ҳам, дин уламолари ҳам сизлардан Бухорий ва Термизийларни, Ибн Сино, Берунийларни кутмоқда. Бир мулоҳаза қилиб кўринг, бу улуғ зотларни дунёга келтирган момоларимизнинг қайси жиҳатларини, қайси хислатларини, қайси фазилатларини сизларга қиёслаш мумкин? Уларни қўятуринг, ўзингизни дунёга келтирган оналарингиз ҳам сизларга ўхшаб кийинмаган, сизга ўхшаб пардоз-андоз қилмаган, кўчадагиларни ўзига қаратмаган бўлса керак?

Шу ўринда дунё ва жаннат аёлларининг саййидаси Фотима розияллоҳу анҳонинг иффату иболари хусусида зарбулмасал бўлган бир ҳикояни эслагим келди.

Фотима розияллоҳу анҳо бетоб бўлиб, ўлим тўшагида ётганларида Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳо у кишини кўргани келдилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо унга: «Асмо, мен аёлларга қилинадиган нарсани ёқтирмайман. Аёл кишининг устига битта мато ташлаб қўйилади, бу эса уни васф қилиб туради», дедилар (Фотима онамиз ушбу сўзлари билан «Вафот этганимда тобутим эркаклар олдига олиб чиқилиб, уларга менинг жисмим билиниб туришидан ҳаё қиламан», деган маънони ирода қилган эдилар. Чунки ўша вақтда тобутлар текис тахтадан иборат бўлиб, маййит унга ётқизилар, устига эса мато ташлаб қўйилар эди. Бундай тобутда жасаднинг шакли аниқ билиниб турарди). Шунда Асмо розияллоҳу анҳо: «Эй Расулуллоҳнинг қизлари, Ҳабашистонда ўзим кўрган нарсамни сизга (ясаб) кўрсатайми?» деб, хурмонинг ҳўл новдаларидан олиб келишни сўрадилар. Сўнгра уларни букиб, тахтанинг устига ўрнатиб, тобут ясаб кўрсатдилар. Кейин уларнинг устига мато ташладилар. Буни кўргач, Фотима розияллоҳу анҳо: «Қандай яхши, қандай гўзал экан! Аёл киши эркак кишидан ажралиб турар экан», дедилар (чунки бундай тобут жасаднинг шаклини билдирмай турар эди).

Мана сиз ўрнак олишингиз, тақлид қилишингиз лозим бўлган фитрат!

Мана сизга ҳам беқиёс кўрк, ҳам виқор бахш этувчи зийнат!

Мана сизни дунё ва охират шарафига етакловчи сийрат ва сурат!

Ҳой қизлар, Аллоҳдан ҳаё қилинг: У Зот динимизга эркинлик, илм-маърифатга равнақ бериб турган пайтда нуқсонга йўл қўйишдан ҳаё қилинг!

Ҳой қизлар, Аллоҳдан ҳаё қилинг: мана шу кўринишда бўла туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликни даъво қилишдан ҳаё қилинг!

Одамлардан ҳаё қилинг: фақат бахтиёр маҳрамингизга аталган гўзалликни бегоналарга намойиш қилиб, уларни ҳам гуноҳлар оло-вига ташлашдан ҳаё қилинг!

Ота-онангиздан ҳаё қилинг: минг бир азобда улғайтиргани эвазига гуноҳингизга шерик қилишдан ҳаё қилинг!

Наҳотки ўзбекнинг Ўзбек ойимлари ўтган кунлардагина қолган бўлса?

Наҳотки ўзбекнинг Офтоб ойимларини энди фақат «Ўткан кун-лар»дагина ўқиб танисак?

Наҳотки ибо, назокат, латофат, малоҳат намунаси бўлган Кумушбибилар энди тупроқ остидагина қолган бўлса?

Наҳотки миллатнинг шаъни бўлган момоларимиз эртакларга айланиб қолди?

Ҳаёсизлик маданият ҳисобланиб қолган, уялиш, тортиниш каби асл фазилатлар кулги қилинадиган бизнинг давримизда иффат ва ҳаё ҳақида ёзиш балки ғалати туюлар... Эҳтимол, болаларда бу хислатни шакллантириш ақл доирасидан ташқари деб баҳоланар, аммо биз бу нарсаларга эътибор қилмаймиз.

Ота-она ўзининг эринчоқлиги боис ёки бошқа сабаблар билан болани телевизор қаршисига «михлаб» қўйиши унинг ҳаё пардалари тирналишига илк қадам ҳисобланади. Биз «мультфилм» деб атайдиган, аслида катталар ҳам кўрса уяладиган саҳналарга бой анимациялар ҳали шаклланиб улгурмаган гўдак онгида илк беҳаёлик уруғларини экади.

Сўзим якунида эслатиб ўтаманки, ушбу мақола кимнингдир дилини оғритиш ёки айблаш мақсадида ёзилмади. Балки орамизда учраб турадиган иллатлардан Аллоҳ қодир қилганича бир-биримизни хабардор этиб, ўзаро ислоҳ йўлини тутиш умидида битилди. Мўмин мўминнинг ойнаси экан, айбларимиз устидан ғайридинлар кулмасидан туриб, ўз ичимизда ўзаро бир-биримизни ислоҳ этишни истаймиз. Бундан муслима опа-сингилларимиз тўғри хулоса чиқарадилар, асло ранжимайдилар, деган умиддамиз.

«Қизларжон...» китобидан

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан 65та ҳадис ривоят қилганлар. Баъзи уламоларнинг таъкидлашларича, у киши бу борада Оиша давоми...

2657 16:12 / 22.01.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн саккиз ёшларида ажраб қолган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо у зотдан кейин яна қарийб ярим аср умр кўрдилар. У киши бу давоми...

3559 12:45 / 13.01.2019
VIIРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Қайси бирларининг қуръаси чиқса, ўша аёлларини ўзлари давоми...

2891 15:00 / 19.02.2019
Ойнанг бўлсин, лекин у ойнага сиғинма. Фоний эканингни унутма. Чиройли бўл, лекин гўзаллик сени еб битирмасин. Бошингдан тортиб оёғинггача бутун тананг сенга давоми...

1966 14:00 / 07.08.2022
Аудиолар

120140 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41803 14:35 / 11.08.2021