1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Хотиннинг бурчлари (биринчи мақола)

17:40 / 22.05.2019 3394 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оилада аёлларнинг ўз эрлари олдида бир неча бурчлари борлиги шариатда Қуръони rарим ва Суннат асосида баён қилинган. Аёлларнинг бу бур-чларини эркаклар эмас, балки Аллоҳ таолонинг шариати белгилагандир.

1. Хотиннинг эрга итоат қилмоғи.

Исломда аёлнинг эрига итоат қилиши шариатга итоат қилишидир. Шунинг учун ҳам шариатга хилоф ишларда аёлнинг ўз эрига итоат қилмасликка тўла ҳаққи бор.

Маълумки, ҳар бир жамиятнинг ўз раҳбари бўлади. Раҳбари бўлмаган жамиятнинг жамиятлиги қолмайди. Оила ҳам кичик бир жамият. Унда жамиятнинг барча белгилари митти кўринишда мавжуддир.

Оила ҳаётида бошлиқ вазифасини эр адо этишини бугунги кунда барча халқлар бир овоздан тасдиқламоқдалар. Исломда эрнинг оиладаги бу раҳбарлигига «масъулият» деб қаралади. Лекин «оила бошлиғи» дегани, баъзилар хаёл қилганидек, оиланинг бошқа аъзоларига жабр-зулм ўтказиш, «айтганим-айтган, деганим-деган» йўсинида «ҳокими мутлақ» бўлиш эмас. Балки бу эрнинг ўз оиласининг ҳамма тарафдан баркамол бўлиб, саодатли, тинч-омон яшашига оила бошлиғи сифатида масъул бўлишидир.

Оила кичик бир жамият. Унинг раҳбари эркакдир. Бинобарин, оиланинг саодатли бўлишининг шартларидан бири эрга итоатдир.

Баъзи эркаклар буни мутлақ ҳокимлик деб англайдилар. «Мен нимани хоҳласам, шу бўлиши керак» деб, шаръий ҳуқуқларини суиистеъмол қиладилар, ҳатто аёлларга зулм қилиш даражасигача етадилар ва буни, ўзларича, «шариат ҳукми» деб талқин қиладилар.

Баъзи аёллар эса, аксинча, эрга итоат қилишни хору зорлик, ўзини пастга уриш, мутелик деб тушунадилар-да, уни тан олмайдилар. Ана шундай сар-кашликлар натижасида орада тушунмовчиликлар келиб чиқади.

Аслида эса ундай эмас. Аввало, бу итоат чекланган, чунки шариат қоидаси бўйича, Аллоҳ гуноҳ деб ҳисоблаган ишларда бандага итоат қилиб бўлмайди.

Масалан, ота-онами, эрми, бошлиқми, ким бўлмасин, ҳаром, гуноҳ ишга буюрса, унга ҳеч ким бўйсунмайди. Қолаверса, оиладаги итоат эрнинг оила раҳбари сифатидаги ҳурмати юзасидан бўладиган итоатдир. Шунинг учун бу савобли иш оилавий ҳаёт доирасида ва ақл-идрок билан адо этилиши шарт.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида, эрига итоаткор аёлларнинг мақтовида қуйидагиларни айтади:

«Солиҳа аёллар – итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир» (34-oят).

Яъни мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткор» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитаатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила давомий итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлнинг ўз эрига итоат қилиши қўрққанидан, мажбурликдан ёки бошқа бирор боисдан эмас, балки ўз масъулиятини тушунганлигидан келиб чиққан бўлади. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган оқил инсоннинг итоатидир.

Мўмина, солиҳа аёлларнинг ажойиб табиатларидан яна бири, улар:

«Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир».

Яъни, эрлари ёнларида турган пайтлардагина эмас, бирор сабаб билан оиладан узоқда бўлган чоғларида ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, обрў-эътиборларини, мол-мулкларини муҳофаза қиладилар. Муҳофаза қилишлари ҳавои нафсга мувофиқ ёки ўз фикрларича ёҳуд эрларининг талабига биноан бўлмайди. Балки, бу борада ягона ҳоким, ҳуқуқ ва бурчларни энг тўғри белгилаб берувчи олий ҳакам – Аллоҳ таоло бор. Шунинг учун ҳам оятда «Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича», дейилмоқда. Бундай аёллар Аллоҳ таоло ҳифз қилинишини амр қилган нарсаларни муҳофаза қиладилар.

Имом Ибн Жарир Табарий ва Ибн Абу Ҳотим раҳимаҳуллоҳлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, ўз нафсида ва молингда сени муҳофаза қиладиганидир», – деганлар.

Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар қайси бир аёл беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер», дейилади», – деганлар.

Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳийрога бориб, уларнинг Марзубонларига сажда қилаётганларини кўрдим. (Ўзимча) бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақлироқлар, дедим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, буни у зотга айтдим. Шунда у зот:

«Айт-чи, бир қабрнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилармидинг?» дедилар.

«Йўқ», дедим.

«Ундай қилманглар! Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилувчи бўлсам, Аллоҳ уларга (эрларга) улар (хотинлар) устидан берган ҳақнинг сабабидан аёлларни эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлар эдим», дедилар».

Абу Довуд, Ҳоким ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида: 

«Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилувчи бўлсам, хотинни эрига сажда қилишига амр қилган бўлур эдим», дейилган.

Эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.

Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса, оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг ҳар бир аъзоси яхшилаб тушуниб олмоғи зарур. Шу билан бирга, Аллоҳ таолога гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилиш йўқлиги умумий қоида эканини ҳам доимо ёдда тутиш керак.

2. Ҳузурида эри бор вақтда аёл киши эрнинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим.

Аёлнинг ўз эри олдидаги ушбу бурчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан олинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёл киши учун эрининг ҳузурида унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол эмас», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Аёл кишининг фарз рўза тутиши учун ҳеч кимнинг изни керак эмас, лекин ҳузурида эри бор вақтда эрнинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим. Эр ғойиблигида тутса, бўлаверади. Чунки ҳар қандай пайтда эри у билан бирга бўлишга рағбат қилиб қолиши мумкин. Нафл рўза эса, бу ишга тўсиқ бўлади. Аёл киши эрининг изнисиз нафл рўза тутиб олган бўлса, эр бундан бехабар, аёли билан бирга бўлиш истагида ёнса-ю, мақсадга эриша олмаса, орада келишмовчилик, уруш-жанжал чиқиши мумкин. Бу нарсанинг бир неча марта такрорланиши эса, ёмон оқибатларга олиб бориши турган гап.

Қаранг, Исломда турмуш ўртоғининг шаръий ҳаққи нафл ибодатдан устун қўйилмоқда! Бу ҳақиқатни мусулмонлар жуда яхши тушуниб етмоқлари ва унга оғишмай амал қилмоқлари лозим.

3. Аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги шарт.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёл киши учун эрининг ҳузурида унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол эмас», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Аёл кишининг бегона одамни эрининг рухсатисиз уйига киритмаслиги ҳам эрнинг аёлдаги ҳақларидан биридир. Чунки эри йўқлигида унинг уйига кирган одам туфайли оилага катта зарарлар етиши мумкин. Ўша одам ёмон одам бўлса, ёлғиз аёлга ёмон кўз билан қараши ёки тажовуз қилиши, оиланинг сирларини ташқарига олиб чиқиши ёхуд ўша одам эрига мутлақо ёқмайдиган, унга душман одам бўлиши мумкин.

Ўзини билган ҳар қандай муассаса ва ташкилот ҳам бошлиғининг изнисиз ўзининг ҳурматли жойларига ҳар кимни киритавермайди. Оиланинг муҳтарам маскани бўлмиш хонадонга, оила бошлиғининг изнисиз, тўғри келган одамни киритавериш ҳам эрга нисбатан ҳурматсизлик бўлади.

(давоми бор)

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргани келдилар. Шунда ичкаридан қизлари Оиша розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳга овозларини давоми...

2053 13:24 / 17 январь
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир 38. Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан бири ndash олдиларига кирганда ва чиққанда давоми...

2108 18:02 / 02.08.2020
Ислом дини оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратган. Чунки оила жамият асоси ва ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия масканидир. Шу маънода давоми...

1383 16:58 / 19.12.2023
Оилада эрни рози қиладиган ишга эътибор бермаслик ва ҳистуйғуларини инобатга олмаслик доим муаммо сифатида қараб келинган. Мазкур муаммонинг ечими ўлароқ, давоми...

2495 17:01 / 12.03.2022
Аудиолар

120319 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41958 14:35 / 11.08.2021