1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ният ва рўзадорга мустаҳаб амаллар (давоми)

17:00 / 15.05.2019 2506 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайрда бўлурлар», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Абу Довуднинг лафзида: 

«Модомики одамлар ифторни тез қилишар экан, дийн устун бўлур. Чунки яҳудий ва насронийлар уни кечга сурурлар», дейилган.

Термизий ва Аҳмаднинг ривоятларида эса: 

«Аллоҳ азза ва жалла «Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир», деди», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятларда вақт бўлиши билан дарҳол ифторлик қилишга тарғиб этилмоқда ва бу туфайли қуйидагича яхшиликлар бўлиши ваъда қилинмоқда.

1. Кишиларнинг хайрда бардавом бўлишлари.

2. Ислом дийнининг устун бўлиши.

3. Аллоҳ таоло учун маҳбуб бандалардан бўлиш. Шунинг учун ифтор вақти кириши билан дарҳол оғизни очишга одатланишимиз лозим.

Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Масруқ иккимиз Оишанинг олдига кириб:

«Эй мўминларнинг онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши, икковлари ҳам яхшиликни ортга сурмайдилар. Бирлари ифтор билан (Шом) намозни тезлатади. Бошқаси эса ифтор билан (Шом) намозни ортга суради», дедик.

«Икковларидан қай бири ифторни ва намозни тезлатади?» деди. 

«Абдуллоҳ ибн Масъуд», дедик.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар», деди.

Бошқаси Абу Мусо эди». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Тобеъинлардан Абу Атийя ва Масруқ розияллоҳу анҳулар икки катта саҳобийларнинг ифторни тез қилиш ва Шом намозини эрта ўқиш бўйича икки хил иш қилаётганларини мулоҳаза қилганлар. Шу билан бирга, икковларидан қай бирларининг тутаётган ишлари суннатга мувофиқ, тўғри эканлигини билмоқчи бўлганлар. Бунинг учун эса Оиша онамизга мурожаат қилганлар. Оқибатда ифторни вақти кириши билан қилиш ва Шом намозини ҳам эртароқ ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари эканлиги маълум бўлган.

Шунинг учун биз ҳам ўз ҳаётимизда шунга одатланишимиз лозим. Вақт кириши билан оғизни очиб, нафсни бир оз қондиргандан кейин дарҳол Шом намозини ўқиб олишимиз керак бўлади.

Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки бирортангиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин. Чунки у баракадир. Ким топмаса, сув билан очсин. Чунки у покловчидир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Салмон ибн Омир ибн Авс ибн Ҳажар ибн Амр ибн Ҳорис аз-Забий. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлиб, бир неча ҳадислар ривоят қилганлар.

Бу кишидан Муҳаммад ибн Сийрийн, Абдуллоҳ ибн Башир ва бошқалар ривоят қилдилар.

Кун бўйи рўза тутиб юрган инсоннинг жисмида катта ўзгаришлар юз беради. Шунинг учун ифтор вақти бўлганида оғизни нима билан очиш ўта аҳамиятлидир. Чунки маълум муддат давом этган очликдан сўнг биринчи тановул қилинадиган нарсанинг организмга таъсири жуда ҳам каттадир. Ана шу жиҳатдан хурмо ёки сув ўта мувофиқ нарсалар экан.

Буни ҳозирги замон илми ҳам қаттиқ таъкидламоқда. Бу борада илмий тажрибалар ўтказган олимларнинг кўпчилиги мусулмон бўлмаганлари, хурмо дарахти ўсадиган минтақадан эмасликлари учун асосан сув билан оғиз очиш яхши эканлигини таъкидламоқдалар.

Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳолда оғизни хурмо ёки сув билан очишга одатланмоғимиз лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини намоз ўқишдан олдин бир неча дона ҳўл хурмо билан очар эдилар. Агар ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан, у ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув ичар эдилар».

Термизийнинг ривоятида: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қишда хурмо билан, ёзда сув билан оғиз очар эдилар», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоятларда ҳам нима билан оғиз очиш яхши эканлиги ҳақида сўз кетмоқда. Хурмо билан сув бу борада асосий нарсалар эканлиги таъкидланмоқда.

Рўзанинг мустаҳаблари ҳақидаги барча далилларни диққат билан ўрганиб чиққан Ҳанафий уламолар қуйидаги амалларни рўзанинг мустаҳаблари сифатида қайд этганлар:

1. Бирор нарса билан, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш. Саҳарликни кечанинг охиригача суриш.

2. Қуёш ботиши билан тезда, Шом намозини ўқишдан олдин оғизни очиш. Оғизни ширин ва ҳўл нарса билан очиш афзал.

3. Оғизни очишда ривоят қилинган лафзлар ила дуо қилиш.

4. Рўзадорларга ифтор қилиб бериш.

5. Жунублик, ҳайз ва нифосдан қилинадиган ғуслни кечга қўймай, тонг отишидан олдин қилиб олиш.

6. Тил ва тана аъзоларини ортиқча гап-сўз ва амаллардан тийиш.

7. Рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш бўлган нарсаларни тарк қилиш.

8. Оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик қилиш. Бева-бечора ва камбағалларга хайри эҳсонни кўпайтириш.

9. Қуръон қироати, илм суҳбатлари, зикр ва саловотларни кўпайтириш.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким фажрдан олдин рўзани қасд давоми...

2329 17:00 / 10.05.2020
Абдурраҳмон ибн Авф билан Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳумо учрашиб қолишди. Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг кўп сажда қилишини билган Абдурраҳмон ибн Авф давоми...

2251 07:00 / 01.07.2019
Ҳар қандай инсон ва жамият ҳаётидаги муаммоларнинг асоси бу диний ҳақиқатларни билмаслик ва уларга амал қилмасликдандир. Ўз динини билмаслик ва унга амал давоми...

2956 09:10 / 26.09.2019
Савол Ассалому алайкум, ишроқ намози ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз, илтимос қачон ўқиш, савоби ва далиллар.Жавоб Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.Ишроқ, дегани давоми...

13751 11:03 / 28.01.2020
Аудиолар

211024 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130283 14:35 / 11.08.2021