1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида (тўртинчи мақола)

18:40 / 04.05.2019 2559 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар». 

Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Рамазон ойи муборак ой эканлиги.

Бошқа ойларнинг бирортаси бу сифат ила васф қилинмаган. Рамазон ойи йилнинг ўн икки ойи ичида энг афзали, энг баракалиси, энг улуғидир. У ўн икки ойнинг султонидир.

2. Аллоҳ таоло мусулмонларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилганлиги.

Ушбу ҳадисни бу бобда келтиришдан мақсад ҳам мана шу ҳукмни, яъни Рамазон ойининг рўзасини тутиш ҳар бир бандага Аллоҳ томонидан жорий этилган фарз эканлигини маълум қилмоқдир.

3. «Унда осмонларнинг эшиклари очилур».

Ўша эшиклардан Аллоҳнинг раҳмати, хайр-барака ёғилур. Раҳмат фаришталари тушур. Бандаларнинг тутган рўзалари, қилган яхши амалларининг савоблари чандон-чандон кўпайиб, осмонга кўтарилур.

4. «Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур».

Ўша муборак ойнинг ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилиб, унга кириш вақтинча кечга сурилур. Кишиларга Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, уларга яхши имконлар яратиб берилур. Рўза тутиб, ибодат қилган кишилар жаҳаннамдан қутулур.

5. «Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур».

Рамазон ойи шарафидан ўзбошимча шайтонлар кишанланиб, рўза тутган мўминларни васваса ва иғво қила олмай қолишади. Рўзадорлар хайрли ишлари ва ибодатларини бемалол қиладилар.

6. «Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир».

Бу кеча Қадр кечасидир. Ундаги ибодат – яхшиликларга бериладиган савоб ва хайр-баракалар шу даражада кўпдир. Ким ўша муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.

Ҳаётимизда ушбу ҳадиси шарифга амал қилишни бошлашимиз, муборак Рамазон ойидан тўла фойдаланишга ўрганишимиз лозим. Рамазони шариф кунларини рўзадор, тунларини бедор бўлиб, ибодат ила ўтказишимиз керак. Қадр кечаси ҳам беҳуда ўтмаслиги лозим.

(давоми бор)

«Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан

.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бандаларини ёлғондан қайтарган Аллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинУмматларига ёлғон нималигини батафсил тушунтириб, унга йўл қўймаслик қандай давоми...

3367 19:17 / 20.10.2018
Вақтивақти билан ғарб олимлари тажрибалардан сўнг хулоса ва натижаларни эълон қилмоқдалар. Кейин улар одамларга ўша натижаларни ҳаётга татбиқ этиш зарурлигини давоми...

1728 17:00 / 04.12.2020
Ўша кунлар худди кечагидек ёдимда масжидларимиз ўғит омборига айлантирилган, баъзилари эса ҳеч ким қарамаганидан хароба бўлган даврлар эди... Муборак Рамазон ойи давоми...

2715 17:00 / 30.03.2022
Шужо ибн Валид айтади .Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ билан кўчага чиқсам, боришда ҳам, қайтишда ҳам тили амру маъруф ва наҳйи мункардан тинмас эди,..Солиҳлар гулшани, китобидан

2715 08:05 / 11.03.2020