1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Бойлик афзалми ёки фақирликми?!

05:00 / 17.02.2017 3354 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бойлик афзалми ёки фақирликми, деган саволга буюк мутакаллим, аҳли суннат ва-л-жамоат раисларидан бири, насафлик олим Абу-л-Муин ан-Насафий (р.ҳ.) ўзининг "Баҳр ал-калом" номли асарида жавоб берганлар:
Бойлик фақирликдан афзалдир. Бу фикрни айрим машойихларимиз қабул қилганлар.
Машойихларимизнинг кўпчилиги айтишганки, сабрли камбағал шукр қилувчи бойдан кўра яхшироқ. Фақиҳ Абу-л-Лайс (р.ҳ.) мана шу фикрни олганлар. Олимлар сабрли камбағал инсоннинг бахил, исрофгар бойдан кўра яхшироқ эканига иттифоқ қилганлар.
- Бойликни фақирликдан кўра афзал, дегувчи биринчи гуруҳнинг ҳужжати Аллоҳ азза ва жалланинг мана бу ояти каримасидир:
وَوَجَدَكَ ضَالّاً فَهَدَى {7} وَوَجَدَكَ عَائِلاً فَأَغْنَى {8}
"У зот сизни гумроҳ-ғофил ҳолда топиб, (Ҳақ йўлига) ҳидоят қилиб қўйди-ку! У зот сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўйди-ку!" (Зуҳо, 7-8).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримасида ҳидоят билан миннат қилаётганидек бойлик билан ҳам миннат қилмоқда. Агар камбағаллик афзал бўлганида эди, миннат қилишдан маъно ва фойда бўлмаган бўларди.
Зотан, пайғамбарлар алайҳумуссаломларнинг кўпчилиги бой бўлганлар. Жумладан, Довуд, Сулаймон, Юсуф, Иброҳим, Мусо ва Шуайб кабилар. Саҳобалар ҳам бой-бадавлат инсонлар бўлганлар. Ривоят қилинишича, Абдурраҳмон ибн Авф (р.а.) касаллигида хотинини талоқ қилган экан. Хотини билан саксон минг дирҳам бойликнинг тўртдан бирига сулҳ қилишган экан.
Шунга ўхшаш, Пайғамбар (а.с.) ҳам бундай демишлар:
كَادَ الْفَقْرُ أنْ يَكُونَ كُفْرًا
"Фақирлик куфрга яқин тургусидир!".
Чунки, бойлик ўзида бадан ибодати ва мол-мулкка тегишли ибодатни жамлай олади. Демак, бойлик камбағалликдан афзал бўлади. Шунингдек, Пайғамбар (с.а.в.) яна бундай деганлар:
نِعْمَ الْمَالُ الصّالِحُ مَعَ الرّجُلِ الصّالِحِ
"Яхши мол-мулк яхши инсон билан бўлса, қандай ҳам соз бўлади!".
- Бойликдан кўра камбағаллик афзал дегувчи иккинчи гуруҳнинг ҳужжати мана бу ояти каримадир:
كَلَّا إِنَّ الْإِنسَانَ لَيَطْغَى {6} أَن رَّآهُ اسْتَغْنَى {7}
"Дарҳақиқат (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар — ҳаддидан ошар" (Алақ, 6-7).
Пайғамбар (а.с.)дан мана бу тариқада ривоят етиб келган:
عُرِضَت عَلَىّ مَفَاتِيحُ كُنُوزِ الدّنْيَا فَمَا كُنْتُ أقْبِلُهَا فَقُلْتُ أجُوعُ يَوْمَيْنِ و أشْبَعُ يَوْمًا
"Менга дунё хазиналарининг калитлари тақдим қилинди. Мен уларни қабул қилганим йўқ! Икки кун оч юрсам, бир кун тўқ юра қоламан, дедим".
Шунингдек, Пайғамбар (с.а.в.) қуйидаги ҳадис ҳам ривоят қилинган:
اَللّهُمّ أحْيِنِى مِسْكِينًا وَ أمِتْنِى مِسْكِينًا وَ احْشُرْنِى يَوْمَ الْقِيَامَةِ فِى زُمْرَةِ الْمَسَاكِينَ
"Эй, Аллоҳим! Мени мискин ҳолда тирилтиргин ва мени мискин ҳолда ўлдиргин! Қиёмат кунида мени мискинлар гуруҳи орасида ҳашр айла!"
Пайғамбарлар алайҳумуссаломлардан Закариё, Яҳё, Исо, Хизр, Илёс кабилар ҳам фақир инсонлар бўлишган. Кўпчилик одамлар айтиб юришига қараганда, қирқта пайғамбар очлик ва ночорликдан бир кунда вафот қилганлар.
Пайғамбаримиз (а.с.) ҳам фақирликни – камбағалликни ихтиёр қилганлар. Жумладан, ул зоти шариф бундай деганлар:
لِكُلّ نَبِىّ حِرْفَةٌ وَ حِرْفَتِى اِثْنَانِ اَلْجِهَادُ وَ الْفَقْرُ وَ مَنْ أحَبّهُمَا فَقَدْ أحَبّنِى وَ مَنْ أبْغَضَهُمَا فَقَدْ أبْغَضَنِى
"Ҳар бир пайғамбарнинг касб-ҳунари бўлади. Менинг касб-ҳунарим дину юрт учун жангу жадал ва фақирликдир! Кимки бу икковини севса, мени яхши кўрган бўлади. Кимки бу иккисини ёмон кўрса, менга адоват қилган бўлади".
Хабарларда: "Бойлик дунёда хурсандчилик, охиратда машаққатдир. Камбағаллик эса дунёда машаққат, охиратда шодликдир", дейилган. Яна хабарларда камбағаллар бойлардан ярим кун олдин жаннатга киришлари ҳақида айтилади. Ярим кун эса дунё йилларидан беш юз йилга тенг. Демак, камбағаллик афзал экани муқаррар бўлди.
Биринчи гуруҳ олимларининг ушбу ояти каримани далил қилишларига жавоб қуйидагича:
وَوَجَدَكَ ضَالّاً فَهَدَى {7} وَوَجَدَكَ عَائِلاً فَأَغْنَى {8}
"У зот сизни гумроҳ-ғофил ҳолда топиб, (Ҳақ йўлига) ҳидоят қилиб қўйди-ку! У зот сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўйди-ку!" (Зуҳо, 7-8).
Яъни, "Сени қаноат билан бой қилиб қўйди-ку!". Чунки, ҳақиқий бойлик қалб бойлигидир. Мол-мулк бойлиги ҳақиқий эмас. Иккинчидан, "Сени илму маърифат билан бой қилиб қўйди-ку!", деган маънодадир.
Пайғамбарлар бой бўлишган, деган гапга ҳам шундай жавоб қилиш мумкин. пайғамбарлар қалбан бой бўлишган, деймиз. Улар молу дунёга илтифот қилмаганлар. Гарчи қўлларида мол бўлса ҳам, унга хурсанд бўлиб, ором топган эмаслар. Пайғамбарлар ҳалол касб-кор қилиб кун кўрганлар. Хабара яна бундай деб келтирилган:
الدنيا ملعونة و ملعون ما فيها الا عالم أو متعلم
"Дунё малъундир, ундаги бор нарсалар ҳам лаънатланган. Бундан фақат илм ўргатувчи олим ёки илм ўрганувчи талаба мустасно!".
Бундан Аллоҳ таолони зикр қилувчи кимса истисно қилинган ривоят ҳам мавжуд.
Пайғамбар (а.с.)нинг: كَادَ الْفَقْرُ أنْ يَكُونَ كُفْرًا - "Фақирлик куфрга яқин тургусидир!" деган гапларининг маъноси мол-дунёдан эмас, балки илмдан ва сабрдан камбағал бўлишликдир.
Қадарийлар бандага касб-кор қилиш ва мол-дунё талаб қилиш фарз бўлади, дейдилар.
Аҳли сунна ва-л-жамоат эса: "Агар унинг куч-қуввати бўлса, касб-кор қилиш унга рухсат; агар унинг қуввати бўлмаса, касб қилиш суннат; агар болалари ва оиласи бўлиб, уларга муҳтож бўладиган бўлса, касб-кор қилиш фарздир", дейдилар.
Мутақашшифа ва карромия фирқалари аъзолари эса касб-кор қилишни ҳаром деганлар. Чунки, улар фикрича, Аллоҳ таолога таваккал қилиб яшаш вожибдир. Аллоҳ таолонинг сўзи ҳам бор:
وَعَلَى اللّهِ فَتَوَكَّلُواْ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ {23}
"Агар мўъмин бўлсангизлар, Аллоҳга таваккул қилингизлар!" (Моида, 23).
Улар фикрича, касбу кор қилиш мана шу таваккални йўққа чиқаради. Бундай қилиш мумкин эмас, зотан, Аллоҳ таолонинг ўзи инсонга ўйламаган жойидан ризқу рўзини етказиб туради.
Биз айтамизки, Аллоҳ таолога таваккал қилиш фарзлиги аниқ, бироқ, касб-кор қилиш таваккални асло кетказмайди. Чунки, таваккул қалбнинг сифатларидан биридир. У Аллоҳ таолога суяниш туйғусидир. Ризқни ўз касбу коридан кўриш куфр ва залолат, Аллоҳ таолодан деб билиш эса дин ва шариатдир. Пайғамбар (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадиси шариф ҳам бунга далолат қилади:
مَنْ طَلَبَ الدّنْيَا حَلَالًا اِسْتِعْفَافًا عَنْ الْمَسْئَلَةِ وَ سَعْيًا عَلَى عِيَالِهِ وَ تَعَطّفًا عَلَى جَارِهِ جَاءَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَجْهُهُ كَالْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ وَ مَنْ طَلَبَ الدّنْيَا مُفْاخْرًا مُكَاثِرًا جَاءَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لَقِىَ اللهَ وَ هَوَ عَلَيْهِ غَضْبَان
"Кимки дунёни ҳалол ҳолда, тиланчиликдан сақланган, аҳли оиласига ҳаракат қилган, қўшнисига яхшилик истаган ҳолда талаб қилса, қиёмат кунида юзи худди тўлин ой кечасидаги Ой каби бўлиб келади. Кимки дунёни фахрланиш ва кўпайтириш мақсади билан талаб қилса, Аллоҳ таоло унга ғазабланган ҳолда йўлиқиб, қиёмат кунида маҳшаргоҳга келади".
Пайғамбар (с.а.в.) хотинлари учун бир йиллик озуқани захира қилиб сақлаб қўйишлари ҳам касб-кор қилиш зарурлигини билдиради. Шунингдек, Аллоҳ таоло бундай деб буюрган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَنفِقُواْ مِن طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُم مِّنَ الأَرْضِ {267}
"Эй, имон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингиздан покизаларидан ва сизлар учун ердан ичқариб қўйган ҳосилларимиздан инфоқ-садақа қилиб туринглар!" (Бақара, 267).
Агар касб-ҳунар қилиш ҳаром бўлса, нимага садақа қилишга буюради?! Шунингдек, Аллоҳ таоло закот беришга ҳам буюрган. Агар касб-кор қилиш ҳаром бўладиган бўлса, закот беришга амр қилмаган бўларди.
Ҳалол мол-мулкдан касб-кор қилишнинг ҳаром эмаслигига яна бир далил пайғамбарлар алайҳумуссаломлар таваккал қилиб касбжкор қилувчи зотлар бўлганларидир. Чунончи, Одам саловотуллоҳи алайҳи миришкор деҳқон бўлган, Идрис (а.с.) эса тикувчи уста, Нуҳ (а.с.) дурадгор уста, Мусо (а.с.) Шуайб (а.с.) қўлида мардикор, Иброҳим (а.с.) матофуруш баззоз бўлган. Муҳаммад (с.а.в.) эса ватан ва дин учун курашувчи ғозий бўлганлар. Хабарда ривоят қилинишича, "Қиёмат кунида Аллоҳ таоло мени қиличим билан тирилтиради", дейилган. Бир гапларида: "Менинг ризқим найзам сояси остидадир. Кимки менга мухолиф бўлса, хор ва кичик бўлиб қолсин!" деганлар.

Абу-л-Муин ан-Насафий. Баҳр ал-калом. – Миср: Илмия, 1911. – Б. 55-59.
Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Луғатда .Ижара,, ажр, берилган ҳақ маъносини билдиради. Шариатда эса маълум эваз бадалига бир нарсани бағишлаш ва мубоҳ қилишга оид қасд қилинган аҳдномага ижара, давоми...

4498 05:00 / 17.02.2017
Яхши ният ва Аллоҳнинг зикриndash Савдо одобларидан бири ниятни яхшилаш ва Аллоҳ таолони зикр қилишдир. Исломда ҳар бир нарса ниятга боғлиқ экани маълум ва машҳур. давоми...

6367 11:04 / 11.10.2020
5739 ndash Яҳё ибн Саиддан ривоятки, у деди Саид ибн алМусаййиб ҳадис айтар эди Муаммар деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар Кимки эҳтикор қилса, бас, у давоми...

3044 05:00 / 17.02.2017
Қарзга ботиб қолиб, уни уза олмаслик маълум бўлгани ҳоким томонидан расман эълон қилингандан кейинги ҳол .касодга учраш, дейилади. Ажнабий тилда бу ҳолат .банкрот, давоми...

4460 17:30 / 20.09.2017
Аудиолар

120103 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41771 14:35 / 11.08.2021