1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Намозда қалб ҳозирлиги

17:45 / 22.04.2019 4291 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозда қироат, зикр, муножот ва бошқа амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам қалб ҳозирлиги намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири саналади.

Қалб ҳозирлиги деганда, қалбнинг машғул бўлиб турган нарсасидан ўзгалардан фориғ бўлиши англанади. Намоз ўқиб турган кишининг қалбида намоздан бошқа нарса бўлмаса қалби ҳозир бўлган бўлади.

Қалбнинг ҳозир бўлиши ҳимматга боғлиқ. Киши бирор ишни муҳим деб билса ва унга керакли аҳамият берса, қалби ўша иш учун ҳозир бўлади. Намозда қалб ҳозир бўлиши учун барча аҳамият ва ҳимматни намозга қаратиш лозим бўлади. Охиратга иймоннинг кучли ёки кучсизлигига қараб, ҳиммат ҳам кучли ёки кучсиз бўлади. Намозда қалби ҳозир бўлмаган одам иймони кучсизлигини билсин ва уни кучайтириш ҳаракатида бўлсин.

Намозда қалб ҳозир бўлиши омиллари

1. Талаффуз қилинаётган каломни фаҳмлаш қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардан биридир. Араб тилини билмайдиганлар маъноларини ўзлаштириб олишлари лозим. Унга ҳам қодир бўлмаганлари энг оз деганда умумий маънони билиб, талаффуз қилаётган нарсанинг нима эканини имкон борича билиб турсалар яхши бўлади. Бунинг учун зеҳнни жамлаб, хаёлни олиб қочадиган нарсалардан узилиш керак бўлади. Хаёлни олиб қочадиган нарсалар ташқи ва ичкига бўлинади.

Ташқиси қулоқ ва кўзни машғул қиладиган нарсалардир. Бу нарсалардан узилиш қиблага яқин туриш, сажда қиладиган ерига назар солиб туриш, нақшинкор жойлардан четланиш ва хаёлини олиб қочадиган нарсаларни йўқотиш билан ҳосил бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам белгилари бор хомийсада намоз ўқидилар ва: 

«Бунинг белгилари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижониясини олиб келинглар», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Хаёлни олиб қочадиган ички нарсалар ташқиларидан кўра кучли бўлади. Бу нарса кўпинча дунёнинг ғамига ботган одамларда бўлади. Бундай одамнинг фикри бир жойда турмайди. Агар кўзини юмиб олса ҳам фойда бермайди.

Бу ҳолатни муолажа қилиш учун қаттиқ уриниш керак бўлади. Намозга яхшилаб тайёргарлик кўрилади. Барча машғул қиладиган ишларини битиради. Қалбининг холи бўлиши учун ҳаракат қилади. Ўзига ўзи охиратни эслатади. Аллоҳ таолонинг кўриб турганини эсга олади. Намозда дунё ташвишларидан бирортасини хаёлига келтирмасликка ҳаракат қилади.

Омир ибн Абду Қайс раҳматуллоҳи алайҳига: «Намоз пайтида нафсинг сенга бу дунё ишларидан бирортасини айтадими?» дейилганда «Бундан кўра баданимнинг турли тарафидан найза кириб, ичимда тўқнашгани яхшироқ», деб жавоб берган экан.

Албатта, дунё муҳаббатини қалбдан узиб қўйиш қийин иш. Уни бутунлай йўқотиш ундан ҳам қийин. Аммо имкон борича намозда дунё муҳаббатидан четланишга ҳаракат қилиш керак.

2. Аллоҳ таолонинг таъзими ва ҳайбати ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир.

Аллоҳ таолонинг таъзими У Зотни улуғлаш ва азаматини ҳис қилишни ўрганиш ила юзага келади. Шу билан бирга, нафснинг ҳеч нарсага арзимаслигини билиш билан ҳам бўлади. Ҳайбат эса улуғлашдан келиб чиққан хавфдир. Намозида доимий равишда Аллоҳ таолонинг азаматини ҳис этиб, У Зотнинг ҳайбатини сезиб турган одамнинг қалби албатта ҳозир бўлади.

3. Умидворлик ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир. Одатда умидворлик қўрқувдан устун турадиган ҳолат бўлади. Намозхон одам ўқиган намозининг савобидан умидвор бўлиши лозим.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Бухорий, имом Муслим каби зотларнинг устози бўлмиш Убайдуллоҳ Қоваририй розияллоҳу анҳу айтади .Хуфтон намозини жамоат билан ўқишни ҳеч қачон канда давоми...

1704 08:09 / 28.08.2020
Биз ҳар куни камида 32 марта ўқийдиган сура бор. Бу Фотиҳа сураси. Ушбу улуғ сурада бир оят бор. Бу оятидир.Тўғри йўл сўрашнинг мана бундай кўринишлари бор бири давоми...

2900 13:20 / 24.12.2021
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ким бир кунда беш амални қилишга эришса, жаннат аҳлидан бўлади. давоми...

2804 11:05 / 09.11.2018
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу билан юриб кетаётган эдилар. Йўлда сузишаётган икки қўчқорни кўриб қолдилар. Шунда Абу Зарр давоми...

4890 09:00 / 05.04.2022
Аудиолар

211075 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130336 14:35 / 11.08.2021