1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳаётидан 5 лавҳа

19:45 / 20.03.2019 5136 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Атрофида тик туришларини ёқтирмаган халифа

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ халифалик мансабига ўтиргач, у кишининг атрофида сарой аъёнлари таъзим ила қўл қовуштириб, тик турганча илтифот кўрсатишди. Умар ибн Абдулазизга эса бу каби такаллуфли мулозамат ёқмас эдилар. У киши аъёнларга дедилар:

«Агар сизлар тик турсаларинг биз ҳам тик турамиз. Ўтирсаларинг, биз ҳам ўтирамиз. Инсон фақат Оламлар Раббиси – Аллоҳни улуғлаб тик туради, холос. Аллоҳнинг фарзлари, суннатлари бор. Ким уларни маҳкам тутса, бизга қўшилади. Тарк қилганлар эса орамиздан чиқарилади. Биз билан ошно бўлишни истаганлар беш нарсага амал қилсин:

1) Муаммоларини бизга етказа олмаганларнинг муаммоларини бизга етказсин;

2) Биз билмаган адолат йўлларига бизни йўлласин;

3) Ҳақни рўёбга чиқаришда бизга кўмакчилик қилсин;

4) Одамларнинг бизга аталган омонатларини бизга, бизнинг омонатларни эса одамларга етказсин;

5) Ҳузуримизда ҳеч кимни ғийбат қилмасин.

Шу беш қоидамизга кўнмаганлар биз билан алоқани узсин!

2. Соқчиларига салом берадиган халифа

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ қачонки навбатчи соқчилари олдига чиқсалар, уларга шундай дер эдилар:

«Мен учун ўрнингиздан тик турманг! Менга биринчи бўлиб салом берманг! Сизларга салом бериш бизнинг бурчимиздир!».

3. Китоб ва суннатни маҳкам тутган халифа

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ бир кун шундай дедилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул зотдан кейинги раҳбарлар бизга тайёр дастур қолдириб кетган. Унга амал қилмоқ Аллоҳнинг китобини маҳкам тутмоқ ва динни қувватламоқнинг ўзгинасидир!

Ҳеч ким уни ўзгартириши, алмаштириши, унга мухолиф дастурларга эътибор қилиши мумкин эмас!

Ким у билан йўл қидирса тўғри йўлни топади! Ким у билан нусрат истаса унга нусрати илоҳия берилади.

Ким уни тарк этса ва ўзга йўлдан юрса, Аллоҳ уни танлаган йўлига ташлаб қўяди ва охир-оқибат у жаҳаннамга боради. Жаҳаннам қандай ҳам ёмон жойдир…»

4. Мансабидан фойдаланмаган халифа

Халифа Умар ибн Абдулазиз бир кун жума намозига андак кечикиб келдилар.

У кишига: «Нега кеч қолдингиз?» – дейилди.

Халифа: «Кўйлагимни ювгандим, қуришини кутиб қолдим» – деб жавоб бердилар.

Халифа Умар ибн Абдулазиз ўлим тўшагида ётибдилар. Қайноғалари Маслама ибн Абдулмалик зиёратга келиб, куёвининг эгнидаги кўйлак кир бўлиб кетганини кўрди ва синглиси Фотимага қарата:

«Эрингнинг кўйлагини ювиб берсанг бўлмайдими?! Қара, не аҳволга тушибди..»  – деб койиди.

Фотима: «Аллоҳга қасам, унинг бошқа кўйлаги йўқ. Агар ювиш учун ечсам яланғоч қолади», деб жавоб қилди.

5. Ўз ишини ўзи қилган халифа

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг камтарлиги шу даражада эдики, халифаи замон бўлишига қарамасдан эҳтиёжларида бировни ишга солмас эдилар. Бир куни хизмат хоналарида чироқ бузилиб қолди. Ўринларидан туриб чироқни ўзлари тузатди. Теварагида ўтирган хизматчилар: «Эй амирул-мўминин, биз нега турибмиз ахир?! Бизга буюрсангиз бўлмайдими?!» – деб ўпкаладилар. У киши эса:

«Ўзим ўрнимдан турдим, ҳеч нарса бўлмадим. Ўша-ўша Умар ибн Абдулазизман. Чироқни тузатиб қайтдим, ҳеч нарса бўлмадим. Ўша-ўша Умар ибн Абдулазизман», – деб жавоб берган эканлар.

Абдуваҳҳоб Мадраҳимов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оқилона билим мени ҳаётнинг маъносизлигини тан олишга мажбур этди, менинг ҳаётим тўхтаб қолди ва мен ўзимга суиқасд қилиш ҳаракатига тушиб қолдим. давоми...

2252 08:00 / 02.05.2021
Имом Аҳмад ўзининг .Зуҳд, номли китобида Муҳаммад ибн Сирийндан ривоят қилади.Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа одамнинг еган таомини ўзини мажбурлаб давоми...

2478 15:30 / 29.06.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларга дедилар.Ким яширин солиҳ амал қилишга қодир бўлса қилсин,.Мусулмонлар кунлар ўтиб Румга қарши жангга давоми...

4039 11:00 / 11.01.2021
СаволАссалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Шайх ҳазратлари, сизга бир саволим бор эди. Одатда, маййит кўмилганда бир одам тўпланганларга қарата .Марҳум давоми...

4140 18:07 / 16.02.2020
Аудиолар

213421 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132636 14:35 / 11.08.2021