1447 йил 27 ражаб | 2026 йил 16 январь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Кибр ва тавозе

08:45 / 18.02.2019 5174 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Такаббурлик кишининг шакл-шамойилидан билиниб туради. Уни кишининг юзидаги аломатлардан, назар солишидан, бошини тутишидан, ўтиришидан, овозининг оҳангидан, қадам олишидан, ўтириб-туришидан ҳамда барча ҳаракат ва саканотларидан билиб олиш мумкин. Масалан:

– Одамларнинг ўз атрофида ёки ҳузурида тик туришини ёқтириш ҳам кибрнинг белгиларидан.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: «Ким дўзах аҳлидан бирига назар солмоқчи бўлса, ўзи ўтириб олиб, олдида одамларни тик турғизиб қўйган кишига назар солсин», деган.

– Доимо ортидан одамларни эргаштириб юришни хуш кўриш ҳам кибрнинг аломатларидан саналади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Модомики ортидан одам эргаштириб юрар экан, банда Аллоҳ таолодан узоқлашаверади».

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг ташқи қиёфаси қулларидан фарқ қилмас, у кишини қулларидан ажратиб бўлмас эди.

– Дин учун фойдали бўлса-да, бировнинг зиёратига бормаслик ҳам кибрланиш сифатларидан биридир.

Суфён Саврий Рамлага келганида, Иброҳим Адҳам унинг олдига одам юбориб: «Келиб, бизга ҳадис айтиб бер», деган. Саврий келиб, илтимосни бажарган. Одамлар Иброҳим ибн Адҳамга: «Эй Абу Исҳоқ! Шундай ҳам қиласизми?» дейишган эди, «Унинг тавозесини синаб кўрдим», деган.

– Бировнинг ёнига ўтиришни хоҳламаслик ҳам кибрнинг кўринишларидан биридир.

Ибн Ваҳбдан ривоят қилинади: «Абдулазиз ибн Абу Равводнинг ёнига ўтирдим. Соним унинг сонига теккан эди, ўзимни четга олдим. У менинг кийимимдан ушлаб, ўзига тортди-да: «Нима учун мендан жабборлардан қўрққандек қўрқасизлар?! Ичингизда ўзимдан ёмонроқ одам бор деб билмайман!» деди».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мохов, пес ва бошқа мубтало одамларни ўз дастурхонига ўтирғизар эдилар.

– Ўз уйида ўз хизматини ўзи қилмаслик ҳам кибру ҳавога далолат қилади.

Умар ибн Абдулазизникига кечаси меҳмон келди. У мактуб ёзиб ўтирган эди. Чироғи ўчиб қолай деди. Меҳмон:

«Туриб, чироқни тўғрилаб қўяйми?» деди.

«Меҳмонини хизматга қўйиш одамнинг карамидан эмас», деди Умар ибн Абдулазиз.

«Хизматчига билдирайми?» деди.

«У биринчи марта ухлаб қолиши», деди-да, ўзи туриб, чироққа мой тўлдирди.

«Эй мўминларнинг амири, ўзингиз овора бўлдингиз-а?!» деди меҳмон.

«Борганимда Умар эдим, қайтганимда ҳам Умарман. Мендан бирор нарса камайиб қолмади. Одамларнинг яхшиси тавозели бўлганидир», деди Умар ибн Абдулазиз.

– Ўзига тегишли нарсани манзилига ўзи олиб бормаслик ҳам кибрга киради. Тавозели одамлар бундай қилмайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз матоҳларини ўзлари уйларига кўтариб борар эдилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Комил эр киши учун ўз аҳли аёлига кўтариб борган нарсаси унинг камолига футур етказмайди», деган.

Имом Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад»да кийимфуруш Солиҳдан, у ўз момосидан ривоят қилади:

«Али розияллоҳу анҳунинг бир дирҳамга хурмо олиб, дастрўмолига солиб кўтариб кетаётганини кўрдим. Бир одам:

«Эй мўминларнинг амири, сизнинг ўрнингизга мен кўтарай», деди.

«Йўқ, оила бошлиғи ўзи кўтаргани яхшидир», деди у».

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фузайл ибн Иёз авваллари йўлтўсарлик қилар эди. Бир куни кечаси яна қароқчилик қилгани чиқиб, бир карвонни таламоқчи бўлди. Ярим тунда бир карвон келди. давоми...

2848 09:00 / 18.10.2020
Нубувват муҳри 2719. Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Холам мени Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб.Эй Аллоҳнинг Расули, давоми...

4576 18:17 / 07.12.2017
Сулаймон Тоий айтади .Абдулвоҳид ибн Зайдни Ҳавшабнинг жанозасида кўрдим. Ҳавшаб дафн қилингач, у шундай деди .Эй Абу Бишр, Аллоҳ сенга раҳм қилсин, сен бундай кун давоми...

2145 08:01 / 24.12.2019
Ассалому алайкум Мен шифохонада ишлайман. Ҳозирги карантин даврида коронавирус билан касалланган беморлар ташриф буюришмоқда. Саволим шундан иборатки рўза давоми...

3420 15:00 / 26.04.2020