1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминнинг баҳори

Тун тафаккури

19:07 / 01.02.2019 4379 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қишнинг кўпи кетиб ози қолди… Энди тунларни аввалгидек узу-у-н демай қўйдик. Эътибор берсангиз, саҳарларда бироз илиқ, ёқимли тонг нафаси сезилиб қоляпти.

Аммо ҳали ҳам кечани, унинг этагини – бомдодга яқин онларни ибодат билан ўтказиш учун фурсатлар бемалол. Фойдаланиб қолишга имкон бор ҳали. Роббимиз биз учун ато этган неъматлардан бири тафаккур юритишдир. Келинг, ана ўша неъматни қисқариб бораётган тунлар устида юритамиз.

 Абд ибн Ҳумайд, Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Ҳиббонлар Ато раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қиладилар. У киши айтадилар:

«Мен, Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайрлар мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирсак, у киши тўсиқларининг ичида ўтирган эканлар…

– Бизга Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кўрган энг ажойиб нарсани айтиб беринг, – деди. У киши йиғладилар. Сўнгра:

– Ҳамма ишлари ажойиб эди, – дедилар. – Менинг навбатим кунларидан бирида келиб, мен билан бирга ўринга кириб, ётдилар. Бир муддат ўтганидан сўнг:

Эй Оиша, менга изн бер, Парвардигоримга ибодат қилай, – дедилар. Туриб, сувидишга бориб, оз сув ишлатиб, таҳорат қилдилар. Сўнгра туриб, қироат қилдилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг ёноқларидан оқаётганини кўрдим. Сўнгра ўтириб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг кўксларига оқиб тушаётганини кўрдим. Кейин ўнг ёнбошларига ёнбошлаб, қўлларини юзларига тирадилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг ерга оқиб тушаётганини кўрдим. Билол туриб, у кишини намозга чақирди:

– Намозга, эй Аллоҳимнинг Расули, – деди. У кишининг йиғлаётганларини кўриб: – Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизнинг аввалгию кейинги гуноҳларингизни кечган бўлса ҳам йиғлаяпсизми? – деди. У киши:

Эй Билол! Шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Мен йиғламай, ким йиғласин! Ҳолбуки, бу кеча менга «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кечаю кундузнинг алмашиниб туришида...» ояти нозил бўлди. Ким шу оятни ўқиса-ю, улар ҳақида тафаккур қилмаса, ҳолига вой бўлсин, – дедилар».

Қаранг, Пайғамбаримиз алайҳиссалом тафаккур юритиб йиғламоқдалар… Биз ҳам назаримизни ўшандай оятларга қаратайлик-чи. Зора, қалбларимиз эриб, кўзларимиздан ёш оқса…

ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ

Қоронғулиги-ла кириб келган тун билан қасам. (Таквир, «Таквир» 17)

Тун Аллоҳ таоло халқ қилган ажойиб нарсалардан биридир. У ўз қоронғулиги билан кириб келганда, дунё ва ундаги нарсалар бошқача ҳолга тушади. Ушбу оятда Аллоҳ таоло айни шу пайт – кечанинг кириб келадиган вақти билан қасам ичмоқда.

ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ

Улар учун тун ҳам оят(белги)дир. Биз уни кундуздан шилиб олурмиз. Бас, улар бирдан зулматда қолувчилардир. (Ёсин, «Ёсин» 37)

Ўлгандан кейин қайта тирилтирилишига иймон келтирмаётган инсонлар эътибор берсинлар, Бизда ўлганларни қайта тирилтиришимизга жуда кўп оят-белгилар бордир.

Жумладан,

«Улар учун тун ҳам оят(белги)дир».

Тун ҳақида тузукроқ ўйлаб кўрсалар, Бизнинг Биру Борлигимизга, ўлганларни қайта тирилтиришга ҳам қудратимиз етишига оят-белги топадилар. Тун нима ўзи? Уни ким жорий қилади?

«Биз уни кундуздан шилиб олурмиз».

Яъни «Биз кечани кундуздан шилиб оламиз». Бу жумлада кечанинг кириши қўйнинг терисини шилиб олишга ўхшатилмоқда. Тери аста-аста шилиб олинганидек, кундуз ҳам кечадан ажратиб олинади. Шунда,

«Бас, улар бирдан зулматда қолувчилардир».

Ушбу ҳақиқат Аллоҳ таолонинг Бирлигига, Борлигига ва ҳар нарсага қодирлигига, жумладан, ўликларни қайта тирилтира олишига оят-белги эмасми?!

ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ

Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор. (Оли Имрон,Оли Имрон 190) 

Осмонга назар солиб, ақлини ишлатган одам, ерга назар солиб, ақлини ишлатган одам, кечаю кундузнинг алмашишига назар солиб, ақлини ишлатган одам, албатта, Аллоҳнинг ягоналигига, қудратига, яратувчилигига қойил қолмасдан, иложи йўқ.

Осмонлару ердаги ажойиб мутаносиблик бутун дунё тортишиш қонуни ила шундай бўлиб турганини илм-фан айтади. Лекин ўша қонунни ким ижод қилди?!

Осмонлару ердаги ҳамма нарсалар азалий эмас, балки кейин пайдо бўлганлигини ҳам ақл ишлатган одам дарров тушуниб етади. Демак, уларни пайдо қилувчи Зот бор. У Аллоҳ таолодир.

Кечаю кундузнинг алмашиб туриши ернинг қуёш ва ўз ўқи атрофида айланиб туришидандир. Лекин уларни яратган ва қуёшни ҳам ўз ўқи атрофида айланадиган қилиб қўйган ким? Албатта, Аллоҳ таоло жалла жалалуҳудир.

ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞﮟ ﮠ ﮡ ﮢﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ

 У Зот сизга кечанию кундузни, қуёшнию ойни беминнат хизматкор қилиб қўйди. Юлдузлар Унинг амри ила беминнат хизматкордир. Албатта, бунда ақл юритувчи қавмлар учун оят(белги)лар бор. (Наҳл «Наҳл» 12)

Бу оятда зикри келган нарсалар ҳам Аллоҳнинг буюк неъматларидир. Масалан, кеча билан кундузнинг қанчалик улуғ неъматлар эканини англаб етиш учун икковидан бири йўқ бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи кифоя. Кечасиз ёки кундузсиз қандай ҳаёт бўлиши мумкин? Тун бир оз узун кечадиган жойларда фақат ёритишнинг ўзи учун қанчадан-қанча маблағ кетади. Аллоҳ таоло эса бутун дунёни ёритувчи ва иситувчи манбани инсонларга доимий, бепул ва беминнат хизматкор қилиб қўйди. Зотан, кеча билан кундуз фақат ёруғлик ва қоронғилик, инсоннинг ухлаши ёки ҳаракатда бўлиши учун хизмат қилмайди. Балки улар бутун борлиққа таъсир ўтказадилар, улар бўлмаса, дунё ўзгариб кетиши мумкин. Буни тасаввур қилиш учун кеча билан кундузнинг алмашиши нисбатан чўзиладиган шимолий ва жанубий қутбдаги ҳолатга назар ташлашнинг ўзи етарли бўлади.

«У Зот сизга кечанию кундузни, қуёшнию ойни беминнат хизматкор қилиб қўйди».

Аллоҳ таоло кечаю кундузни инсонга хизматкор қилиб қўйибди. Улар тинимсиз алмашиб, вазифаларини адо этиб турибдилар. Ўзларига юклатилган вазифани сўзсиз бажармоқдалар. Бу ҳолат Аллоҳнинг улуғ неъматидир. Инсон буни ҳам ўзи қила билмайди. Буни инсонга бошқа бирор куч ёки шахс ҳам қилиб бера олмайди. Бунга фақат Аллоҳ таологина қодир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонга қуёш ва ойни хизматкор қилиб қўйди.

Ўзингиз бир ўйлаб кўринг: хўш, қуёш ёки ой бўлмаса, ер юзида ҳаёт бўлиши мумкинми?!

«Юлдузлар Унинг амри ила беминнат хизматкордир».

Юлдузларни инсонга беминнат хизматкор этиб қўйган ким? Инсоннинг ўзи ёки бошқа бирор куч ёхуд шахс бу ишни қила оладими? Йўқ! Фақат Аллоҳнинг Ўзигина қудратли Зотдир.

«Албатта, бунда ақл юритувчи қавмлар учун оят(белги)лар бор».

Ҳа, бу белгиларни фақат ақл юритувчиларгина англаб етадилар. Улар ўша белгилар туфайли биру бор, ҳозиру қодир Аллоҳни танийдилар. Унга шукр қиладилар, ҳамду сано айтадилар ҳамда иймон келтириб, ибодат қиладилар.

«Тафсири Ҳилол»дан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Калит сўзлар: Тун Тафаккур Қиш
Мавзуга оид мақолалар
Ойнадан қор парчаларининг ўйноқлаб тушишини, шиддат билан ёғаётган ёмғирни кузатиб ўтирираркансиз, беихтиёр Роббим, қудратинг олийrdquo дейсиз. Аллоҳнинг кўзимиз давоми...

4767 15:00 / 31.12.2020
Эрталаб иш, ўқиш ёки бошқа бир сабаб билан йўл четида кетиб бораркансиз, кузнинг оёғингиз остига тўшаган гилами ndash олтин япроқларга бефарқ ўтиб кетмасангиз керак. давоми...

3042 15:00 / 27.11.2020
Нуриддин Маҳмуд Занги фақирлар ва мискинларга, хоссатан, илм толибларига кўп инфоқ қилаётгани, уларни кўпроқ дуосини олишга интилаётганини кўрган яқинлари уни бу давоми...

1582 10:19 / 19.01.2022
Қиш кунлари бир киприк қоққунча ўтиб кетади. Жуда ҳам қисқалиги сабаб кўп ишларга улгурмай ҳам қоламиз. Аммо шу қисқа фурсатда қанча кўп савоб олиш имкони бўлса, давоми...

21034 11:00 / 10.01.2023