1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Шайтон бирингизга келиб

01:51 / 08.05.2017 3667 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шайтон бирингизга келиб: «Буни ким яратди? Уни ким яратди?» дейди. Ҳатто: «Роббингни ким яратди?» ҳам дейди. Қачон шунга етганда, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан аввал танишганмиз.

Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳадиси шарифни мўмин кишига васваса зарар қилмаслиги ҳақидаги бобнинг бошида айтилган гапни тасдиқлаш учун келтирмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифда инсон хаёлидан кечадиган баъзи васвасалар шайтондан экани баён қилинмоқда. Шу билан бирга, ўша шайтон васвасасини қайтариш йўли ҳам кўрсатилмоқда. Шайтон Одам Ато билан ўзи орасида бўлиб ўтган машҳур можародан буён одам боласига душмандир. У Қиёмат кунигача одамзодни васваса қилишга қасам ичган. Шунинг учун ҳам, инсон ҳаргиз бу лаънатланган душманини унутмаслиги керак. Гоҳида хаёлига келиб қоладиган васвасали фикрлар, «уни ким яратган, буни ким яратган» каби саволлар бора-бора «Роббингни ким яратган?» каби телба фикрга олиб келиши ҳам турган гап. Шунинг учун мазкур ҳолат юзага келганда дарҳол: «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм», деб Аллоҳдан паноҳ сўрасин, мазкур хаёлларни миясидан қувсин! Шу билан иш тугайди. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Акс ҳолда оқибати чатоқ бўлиши мумкин. 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шайтон васвасасининг ҳақлиги.

2. «Уни ким яратди, буни ким яратди?» деб бориб, «Роббингни ким яратди?» дейишгача бориб қолиш ҳам мумкинлиги.

3. Бундай ҳолатларда Аллоҳдан паноҳ сўраш лозимлиги.

4. Бундай саволларни дарҳол тўхтатиш лозимлиги.

Сиртдан содда кўрингани билан бу ҳадисда зикр қилинган масала ўта муҳимдир. Васваса кишилар учун энг нозик ва энг хатарли нарса, у ақийда бобида зарар етказади. У туфайли инсон диндан чиқиб, кофир бўлиши ҳеч гап эмас. Ушбу ҳадисда ана шундай катта муаммони ҳал этиш йўли тақдим этилмоқда. Ҳозирги кунда мусулмон оламида ҳам, ундан ташқарида ҳам васваса хасталигига учраганлар кун сайин кўпайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Руҳий ва асабий касаллар сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Бу эса ушбу ҳадиси шариф ва кейинги келадиган ҳадисларнинг ҳикматига инсоният қанчалик муҳтож эканини кўрсатади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй одам боласи, агар заруратингдан ортиқчасини эҳсон қилсанг, ўзинг учун яхши. давоми...

3184 06:10 / 05.09.2018
Абу Молик Ҳорис ибн Осим алАшъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Поклик иймоннинг ярмидир. .Алҳамдулиллаҳ, тарозуни давоми...

3513 08:05 / 10.11.2017
Убода ибн Сомитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким .Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг давоми...

2892 16:17 / 18.05.2018
. .., . 5947. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Абу Бакрнинг бир ғуломи бўлиб, у кишига харож ҳисса чиқариб турарди. давоми...

1369 11:39 / 06.11.2018