1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Қучоқлашиб кўришиш ҳақида

05:00 / 17.02.2017 3847 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда оддий ҳолатларда ҳам қучоқлашиб кўришавериш урфга айланиб бормоқда. Ҳар кўришганда қучоқлашиб кўришиш тўғрими? Динимизда бунга қандай кўрсатмалар берилган?

Аслида мусулмон кишининг оддий ҳолатларда суннатга мувофиқ кўришиши бу – қўл бериб кўришишдир. 

Қучоқлаб ёки юз ва бошдан ўпиб кўришиш эса баъзи бир муносабатлар сабабидан бўлади. Ҳеч қандай муносабатсиз қучоқлашиб ёки ўпиб кўришишни аҳли илмлар қуйидаги ва ундан бошқа ҳадисларга кўра макруҳ деганлар. Ёш болаларни эркалаб қучоқлаб, ўпиш бундан мустаснодир. Ҳадиси шарифда қуйидагича келган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَجُلٌ يَا رَسُولَ اللَّهِ، الرَّجُلُ مِنَّا يَلْقَى أَخَاهُ أَوْ صَدِيقَهُ أَيَنْحَنِى لَهُ قَالَ لاَ قَالَ أَفَيَلْتَزِمُهُ وَيُقَبِّلُهُ قَالَ لاَ قَالَ أَفَيَأْخُذُ بِيَدِهِ وَيُصَافِحُهُ قَالَ نَعَمْ.    رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз биродари ёки дўстини учратганда унга эгилиб кўришса бўладими?”, деди. У зот: “йўқ”, дедилар. Ҳалиги киши: “Уни қучоқлаб ва ўпиб кўришса бўладими?”, деди. У зот: “йўқ”, дедилар. Ҳалиги киши: “Унинг қўлидан ушлаб, қўл бериб кўришадими?”, деди. У зот: “ҳа”, дедилар.  Термизий ривояти. 

Ҳайит кунлари каби маълум бир муносабатларда, сафарга кетаётганда, сафардан келганда ёки узоқ муддат кўришмаган дўсти билан кўришганда қучоқлашиб, ҳамда юздан ўпиб кўришишга рухсат берилган. Бундай кўришишларда шаҳватдан омонда бўлиш шарт қилинган.

Аммо эгилиб кўришиш рукуъга ўхшаш бўлгани учун уламолар ундай кўришишни мутлоқ ман қилганлар.

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

عن أنس رضي الله عنه قال: كَانُوا (الصحابة) إِذَا تَلَاقَوْا تَصَافَحُوا، وَإِذَا قَدِمُوا مِنْ سَفَر تَعَانَقُوا. (رواه الطبراني في الأوسط)

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Улар (яъни, саҳобалар) бир бирлари билан учрашганларида қўл бериб кўришар эдилар. Агар сафардан қайтсалар, қучоқлашиб кўришардилар”. Тобароний ривояти

Шунга кўра оддий ҳолатларда кўришганда қўл бериб кўришишнинг ўзи билан чекланган маъқул ва тўғрироғи ҳам шудир. Чунки ҳар кўришганда қайта-қайта қучоқлашиб кўришавериш қийинчилик туғдиради ва малолланишга сабаб бўлади. Динимизда қуйидаги оятга биноан қийинчилик кўтарилган:

... وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ 

... Ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади. (Ҳаж;78)

Қучоқлашиб кўришишга рухсат берилган ўринларда уламоларимиз иккала эркакнинг ҳам устида кийим бўлиши лозимлигини қайдлаганлар.

Урфга айланиб улгурган бундай кўришишдан воз кечиш осон бўлмайди. Бунда мулойимлик ва ҳикмат билан йўл тутмоқ лозимдир. Агар буни бирданига тўхтатилса, қалбнинг жароҳатланиши ёки қариндош уруғлар ўртасида силаи раҳмнинг узилиб кетишига сабаб бўлса, бунинг зарари қучоқлашиб кўришишнинг зараридан каттароқ бўлгани учун аввал катта зарар даф қилинади. Имконини қилиб, мавридини топиб, набавий суннатга эргашиш қанчалик аҳамиятли ва фойдали экани тушунтириб борилса, иншаа Аллоҳ секин-аста тўғирланиб боради.

Аммо номаҳрам эркак ва аёлнинг бир бирлари билан қучоқлашиб ёки юздан ўпиб кўришишлари ҳаром эканига уламолар иттифоқ қилганлар. Айниқса, ўзларини “маданиятли” деб ҳисоблайдиган баъзи хонадонларда қайнота ва келиннинг ёки қайнона ва куёвнинг қўл бериб, қучоқлаб ёки ўпиб кўришишлари айрим ҳолатларда келин билан куёвнинг никоҳини бутунлай, қайта тиклаб бўлмайдиган даражада бузилиб кетишига сабаб бўлишидан огоҳлантирамиз. Чунки агар қайнота келинини қасддан ё хато қилиб бўлсин, тўсиқ билан (баданнинг ҳарорати сезиладиган даражада) ёки тўсиқсиз бўлсин, шаҳват билан ушлайдиган бўлса, ўғлига келини ҳаром бўлади. 

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг каломи ҳамда ҳабибининг суннатини тўғри англашни ва унга амал қилишни муваффақ қилсин!


Қудратуллоҳ Сидиқметов


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг .Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва солиҳ амалларни қилувчи мўминларга улуғ ажр бор эканининг хушхабарини берур, Исро сураси, 9оят давоми...

1855 11:02 / 30.11.2023
Яширин даъватдан ошкорага ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзининг амри ила бўлди. У зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги икки оятни нозил қилди.Ва давоми...

3902 20:47 / 19.12.2017
Айтгин .Аллоҳим Барча подшоҳликнинг эгаси Хоҳлаган кишингга подшоҳлик берурсан ва хоҳлаган кишингдан подшоҳликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз давоми...

3933 15:57 / 30.09.2017
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди Қози Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Отам вафот этганида мен ёш бола эдим. Онам мени газлама оқловчига олиб бориб давоми...

1062 09:00 / 27.12.2022