1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Энг тўғри йўлга ҳидоят қилур

11:02 / 30.11.2023 1866 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва солиҳ амалларни қилувчи мўминларга улуғ ажр бор эканининг хушхабарини берур» (Исро сураси, 9-оят) ояти мўмин кишининг Қуръоннинг буюклиги ва азаматига бўлган ишончи ҳамда иймонини зиёда қилади, унинг барча замон ва макон учун солиҳ яккаю ягона китоб эканини англатади. 


Қатода ушбу ояти кариманинг тафсирида бундай деган: «Қуръон сизларни касалликларингизга ҳам, унинг давосига ҳам далолат қилади. Касалингиз гуноҳ ва хатоларингиз бўлса, давоси истиғфордир». Қатоданинг ушбу тафсири Қуръон барча муаммо, камчилик ва нуқсонларни муолажа қила олиши, уларни бартараф этиши мумкин эканига ишорадир. Иш эса биз мусулмонларда қолган: Қуръондан муаммоларимизнинг ечимини топиб, уни тўғри татбиқ қилиш.


Самовий китобларнинг энг улуғи, барча илмни қамраб олувчиси, оламлар Роббининг охирги рисолати бўлмиш Қуръон энг тўғри, адолатли ва ҳақ йўлга ҳидоят қилади. Аллоҳ азза ва жалла ушбу ояти каримада Қуръондаги ҳақ ва тўғри йўлга етакловчи ҳидоятни мухтасар тарзда баён этди. Агар унинг комил тафсилотини изласак, албатта Қуръоннинг барча оятларига бирма-бир тўхталиб ўтишимиз лозим бўлади. Чунки Қуръон нафақат дунё саодати, балки охират саодатининг ҳам калитидир.


Қуръон самовий динлар борасида ҳам энг тўғри ва ҳақ йўлга ҳидоят қилади. Самовий динларнинг бир-бирига боғлиқ экани, уларнинг муқаддас ва дахлсизлиги, башарият ўзининг иймон ва эътиқоди билан эминликда экани каби ғояларни илгари суради. Ҳидоят – ғояга энг яқин важҳдан, энг оз машаққат билан элтувчи йўлдир. Аллоҳ барчага ҳақ йўлни кўрсатади, унга далолат қилади. Ким ҳидоятга эргашса, Аллоҳ унинг ҳидоятини янада зиёдалаштиради. «У Зот ҳидоят топганларнинг ҳидоятини зиёда қилди ва уларга тақволарини берди» (Муҳаммад сураси, 17-оят).


 Аллоҳ таолонинг «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур» оятидаги умумийлик ва мутлақликни чуқур мулоҳаза қилинганда, унинг ҳидояти замон ва макон билан чегараланмаслиги, барча меъёр ва қоидага асос экани билинади. Ушбу қуръоний қоида тушкунликка тушган, дармонсизланган ва ўзини ёрдамсиз қолдим, деб ўйлаган мусулмонларнинг йўлини ёритади, Қуръон фақат ваъз-насиҳат, кўнгилни юмшатувчи иборалар китоби холос, муайян масалаларнигина муолажа қилади, деб ўйлаган зиндиқларнинг фикри нотўғри эканини исботлайди. Аллоҳ азза ва жалла Қуръонни нозил қилганида вақт ўтиши билан инсониятнинг ҳаёт тарзи, ўзаро муносабатлари ўзгариши, кўп-кўп янгиликлар бўлишини албатта билган ва Қуръонни ана шунга мувофиқ равишда барча замон ва маконлар учун салоҳиятли, амалиётга муносиб тарзда нозил қилган. Мусулмонлар турли ўзгариш ва янгиликлар қаршисида асло ожиз қолишмайди. Чунки Аллоҳ азза ва жалла улар учун ҳидоят бўлган Қуръонни муҳофаза қилди, ҳидоятни тушунтириб, татбиқини кўрсатадиган суннатни сақлади. Ким ҳидоят истаса, албатта уни Қуръон ва Суннатдан топажак!

Нодирбек Хидиров
«Ҳилол» журналининг 4(49) сонидан олинди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 июндаги 03-07/4775-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Мавзуга оид мақолалар
Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта давоми...

3445 17:34 / 05.05.2018
4641. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул вақтда .Лаа илааҳа иллаллоҳул Азиймул Ҳалийм. Лаа илааҳа давоми...

29329 12:20 / 19.03.2018
Аллоҳ таоло .Исро, сурасида.Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир,, деган давоми...

11264 23:16 / 01.05.2017
Шайхул Ислом Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ҳазратлари томонидан ҳаёт тарзи яхши томонга ўзгаришини истаганлар учун тайёрланган 40 кунлик вазифа Кунда давоми...

2747 09:00 / 20.01.2023