1445 йил 12 зулқаъда | 2024 йил 20 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Баҳоуддин мажмуаси -

Баҳоуддин мажмуаси - шайх Баҳоуддин Нақшбанд мозори ёнидаги ҳазира - ансамбл (Бухоро вилояти, 16-а.). Мозор Абдулазизхон буйруғи билан тартибга солиниб, ҳазира барпо этилган ва 1544-45 йилларда мажмуанинг энг катта биноси - хонақоҳ қурилган. Б.м. дахмалар (Дахмаи шоҳон ва Баҳоуддин дахмаси), мақбара, 2 масжид, сақохона, ҳовуз, қудуқ, минора, мадраса ва Абдулазизхон хонақоҳидан иборат. Мажмуа кичик гумбазли чортоқ дарвозахонадан бошланади. Дарвозадан ўтгач, ўнгда кичкина масжид, чап томонда зиёратчилар учун турли бинолар бўлганлиги маълум. Йўл давомида чапда хонлар мозори - Дахмаи шоҳон жойлашган. Дахмаи шоҳон тўғри тўртбурчак тарҳли, бал. 2,5 м, усти кулранг мармар билан қопланган. Унда мармар ўймакорлиги, хаттотлик санъатининг ажойиб намуналари мавжуд. Мармарларга токчалар, устунчалар, шарафалар, сарв сурати ва б. безаклар ўйилган; нақшлар баъзида ёзувлар билан аралаш учрайди. Дахмаи шоҳондан ўтган йўлак нафис безатилган пештоққа олиб келади (пештоқнинг икки табақали эшигига "бағдоди" ва "гули нав" услида нақшлар ўйилган). Пештоқнинг эшигидан ўтилгач, ўнгда гумбазли мақбара бор (унга ким дафн қилинганлиги номаълум). Чапда -кираверишда 6 устунли (соддагина), олди айвонли Музаффархон масжиди жойлашган. Масжид ёнига 2 устунли Ҳаким қўшбеги масжиди тушган (масжид меҳробида ажойиб мужассамотли намоён бор). Унинг жан.да нақшдор, шим.да нақшсиз айвонлар бор. Баҳоуддин дахмаси мармар қопланган каттагина мурабба супа бўлиб, атрофи чиройли мармар панжара билан ўралган. Ундан сал нари, шим.да - томонлари 9,5 м келадиган айлана зинали мармар ҳовуз, унинг шим. томонида кичикроқ, кўркам чортоқ сақохона бор. Баҳоуддин дахмаси билан ҳовуз оралиғида қудуқ, унинг ёнидаги чиройли шийпондан қадимда зиёратчиларга турли шаклли идишларда "муқаддас" сув улашилган. Ҳаким қўшбеги масжидининг шим.да кўримсизгана бир минора, ундан нарида ҳовлидага ҳовуздан 3 баравар катта бошқа ҳовуз бор. Ҳовлининг ташқариси (шим.-ғарби)да тўртбурчак супа устида хонақоҳ (эни 37 м, бўйи 40 м ли) қад кўтарган. Марказида атрофи пешток, равоқли айвонлар билан ўралган масжид, унинг тўрвда чорзамин услубда ишланган қирма нақшли меҳроб мавжуд. Иморатнинг ҳар икки томонида симметрик қурилган икки қаватли катта-кичик ҳужралар бўлган. Б.м.га ундан 0,5 км шим.-шаркда жойлашган "Қасри Орифон" масжиди ҳам киради; унинг ёнида пастаккина минораси бор. Масжид 3 тарафдан айвон билан ўралган; шипи нақш туширилган ҳовузаклик. Б.м. 16-а. меъморлиганинг янгача ансамбл тузишда эришилган ютуқлардан намуна бўлиб, қўш биноли симметрик ансамбллардан фарқ қилади. Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги (1993) муносабати билан мажмуа қайта таъмирланиб, қўшимча бинолар бунёд этилди (2003).