1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Абу Ҳузайл Аллоф -

АБУ ҲУЗАЙЛ АЛЛОФ, Муҳаммад ибн ал-Ҳузайл (749/753-841/849) - муътазийлар (ҳузайлийлар) Басра мактабининг йирик вакили, ғоявий раҳнамоси. Аллофлар савдо қиладиган жойдан бўлганлиги учун ал-Аллоф лақабини олган. 818 й.да Бағдодга кўчиб келган. Самарра (Ироқ)да вафот этган. А.Ҳ.А. кўп қисми баҳс-мунозара тусидаги 60 та асарнинг муаллифи бўлган, аммо уларнинг биронтаси бизгача етиб келмаган. Унинг "Раддиялар" асари бошқа динлар (яҳудийлик, христианлик, зардуштийлик)га ҳам, ислом динидаги турли оқим ва мактабларга ҳам қарши қаратилган. Қуръон ва сунна таълимотини ақл-идрокка мос талқин этишга уриниб, маълумотларни қабул қилишда фақат ақлга суяниш керак, Қуръон яратилган, банда ўз феъл-атворини ўзи яратади, деган ғояни илгари сурган. А.Ҳ.А.нинг "худонинг каломи" ирода эркинлиги, одамнинг ўз хатти-ҳаракатлари учун маънавий жавобгарлиги, ҳаётий неъматлар ҳақидаги ва б. фикрлари нафақат сунний илоҳиётчилар, балки бошқа муътазилий оқимларнинг вакиллари томонидан ҳам танқидга учраган. А.Ҳ.А. халифа Маъмуннинг устози бўлган ва айни шу халифа даврида (813-833) муътазилийлар таълимоти ҳукмрон диний эътиқод ҳисобланган. Халифа амри билан барча қозилар, илоҳиётчи олимлар, мансабдор шахслар ақидавий масалаларда имтиҳон қилинган. Мутазилийлик, яъни А.Ҳ.А. ақидаларини тан олмаган кишилар хизматидан бўшатилиб, жазоланган, ҳатто ўлимга маҳкум этилганлар.