1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ажрдан мурод жаннатдир

19:00 / 04.01.2019 2305 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» десаю, қалбида арпа дони вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» десаю, қалбида буғдой донаси вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» десаю, қалбида зарра вазнича иймон бўлса, дўзахдан чиқади», дедилар. 

Абу Саъийд:

«Ким шак қилса: «Албатта, Аллоҳ зарра мисқолича зулм қилмас», оятини тиловат қилсин», деди».

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда иймоннинг аҳамиятини, унинг катта-кичик бўлишини, охир-оқибат ўз эгасининг дўзахдан халос бўлишига сабаб бўлишини баён қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» деса, деганларидан «Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни айтмаса ҳам бўлаверар экан, деган маъно чиқмайди. Одатда, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» бор жойда албатта, «Муҳаммадур Расулуллоҳ» ҳам борлиги маълум ва машҳур бўлганидан, гапнинг қисқаси айтиб қўйилган, холос.

«Абу Саъийд:

«Ким шак қилса: «Албатта, Аллоҳ зарра мисқолича зулм қилмас», оятини тиловат қилсин», деди».

Яъни, ким бу ҳадисда айтилган маънога шубҳа қилса, Нисо сурасидаги мазкур оятни тиловат қилсин.

Аллоҳ таоло мазкур оятда айтади:

«Албатта, Аллоҳ зарра мисқолича зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур» («Нисо» сураси, 40-оят).

Яъни, инсоннинг бу дунёда қилган ишлари ҳисоб-китобсиз қолмайди. Аллоҳ мутлақ адолат ила ҳукм қилади. Ҳаммага қилган амалига, ишига яраша беради. Ҳеч кимга заррача зулм этмайди.

«Албатта, Аллоҳ зарра мисқолича ҳам зулм қилмас».

Аммо банда:

«Агар яхшилик қилган бўлса, бир неча бор кўпайтирур».

Қуйидаги ривоятни ўргансак, бу оятнинг маъноси яна ҳам равшанлашади.

Ибн Аби Ҳотим қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтдилар: «Қиёмат куни банда, у эркак бўлсин, аёл бўлсин, олиб келинади-да, аввалгию кейинги барча халойиқнинг олдида бир жарчи: «Манави фалончи пистончи ўғли. Кимнинг унда ҳаққи бўлса, келиб олсин», деб жар чақиради. Аёл киши отамда, онамда, акамда, эримда ҳаққим бўлса эди, деб орзу қилади, – деб туриб, «У кунда улар орасида насаблар ҳам йўқ ва бир-бирларидан сўраша олмайдилар ҳам» оятини ўқидилар ва сўзларида давом этиб: – Аллоҳ Ўз ҳаққидан хоҳлаганини кечади. Одамларнинг ҳаққидан ҳеч нарсани кечмайди. Кейин одамларга юзланади. «Одамларга ҳақларини беринглар», дейди. У: «Эй Роббим, дунё тугади-ку, қандай қилиб уларнинг ҳақларини бераман?» дейди. Аллоҳ: «Яхши амалларидан олиб, ҳар бир ҳақ эгасига кўрган зулмига яраша беринглар», дейди. Агар банда Аллоҳга дўст бўлса, заррача яхшилиги ортиб қолса ҳам, уни Аллоҳ бир неча бор кўпайтириб, ўшанинг савобидан жаннатга киритади». Сўнгра Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмайди. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур», оятини ўқидилар ва сўзларида давом этдилар: «Агар банда бадбахт бўлса, фаришта: «Эй Роббим, бунинг яхшиликлари тамом бўлди ва кўп даъвогарлари бор», дейди. Аллоҳ: «Талабгорларнинг ёмонликларидан олиб, бунинг ёмонликларига қўшинглар. Сўнгра унга дўзахдан жой беринглар», дейди», дедилар.

Аммо бахтлиларнинг яхшиликларини кўпайтириш билан кифояланиб қолинмайди. Бунинг устига энг катта мукофот ҳам берилади. Аллоҳ уларга:

«Ўз ҳузуридан улкан ажр берур».

Бу улкан ажрдан мурод эса жаннатдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салом ибн Абу Мутиъдан ривоят қилинади .Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ифтор қилиш учун бир идишда сув олиб келди. У сувни оғзига яқинлаштирдию, бирдан йиғлаб давоми...

4105 08:00 / 20.02.2020
Шақиқ Балхий ва Иброҳим Адҳам ўртасида қизиқ бир суҳбат бўлиб ўтган. Шақиқ Балхий Иброҳим Адҳамдан .Қандай кун кечирасиз, қаердан маблағ топиб, қандай сарфлайсиз, давоми...

2632 09:10 / 13.09.2019
Европа зулматли ўрта асрларrdquoни бошидан кечираётган бир пайтда мелодий йил ҳисоби бўйича 610 санада Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар давоми...

1487 08:04 / 01.07.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Фараъ ҳам, атийра ҳам йўқ,, дедилар,. Бешовлари ривоят қилган. .Фараъ, туянинг давоми...

685 11:38 / 13 январь