1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёлғонга уч ҳолатда рухсат бор

17:10 / 04.01.2019 4377 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан.

«Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Фақат уч нарсага: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига гапиришида рухсат берганлар», деди у».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Абу Довуднинг лафзида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Фақат уч нарсани «ёлғончи ҳисобламайман», дер эдилар: одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, ундан ислоҳдан бошқани ирода қилмайди. Урушда сўз сўзлаган кишини ва ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни», дейилган.

Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам ундан каттароқ зарарни қайтариш учун истисно тариқасида уч ҳолатда ёлғон ишлатишга рухсат берилган.

1. Одамлар орасини ислоҳ қилиш учун.

Мусулмонларнинг бир-бирлари билан уришиб юришлари жуда ҳам ёмон иш. Бу ёмон иш оқибатида инсонлар ва жамиятлар ораси бузилади. Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, уришишлари барча бало-офатларнинг бошидир. Шунинг учун бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандай қилиб бўлса ҳам уни бартараф қилишга ўтиш зарур. Бу йўлда, ҳатто ёлғон гапиришга ҳам рухсат бор. Чунки одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақатгина яхшилик учун ёлғон гапиради.

2. Урушда ғалаба қилиш учун.

Душман билан бўлаётган қуролли қарама-қаршилик ҳаёт-мамот жанги бўлади. Бу жангда душман қўлидан келган барча ишларни, жумладан, ёлғонни ҳам ишга солади. Агар аскар енгилса, барча уммат ва миллат душман асорати остида қолади. Шунинг учун ҳам кўпчилик манфаати йўлида душманни доғда қолдириш учун ёлғон гапиришга рухсат берилган.

3. Оиланинг аҳиллигини сақлаб қолиш учун.

Ҳар бир жамиятда оиланинг аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Аҳил оилада ўсган болалар салоҳиятли фуқаро бўлиб ўсадилар. Ота-онанинг жанжаллари садоси остида ўсган болалар эса салоҳиятли фуқаро бўлишлари қийин.

Шунинг учун ҳам эр-хотин орасидаги ўзаро аҳиллик жуда ҳам муҳимдир. Ана ўша аҳилликни сақлаб қолиш мақсадида эр-хотинга бир-бирларига яхши маънода ёлғон гап айтишларига рухсат берилган.

Истисно тариқасида рухсат берилган ушбу уч ҳолатдан бошқа ҳолларда ёлғон гапириш мумкин эмас.

«Ёлғон» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Бир киши чўлда кетаётган эди. У жуда чанқаб кетди. Шу пайт қудуқни кўриб қолиб, дарров унга тушдида, давоми...

1248 08:00 / 02.09.2020
Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумо айтади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага жўнаб кетаётганларида отам Абу Бакр Сиддиқ бор пулини ўзи билан давоми...

3967 08:00 / 23.12.2018
Бу воқеа, аслида 1999 йилда рўй берган. Унгача Жефри Ланг эътиқод масаласида жуда кўп қарамақаршиликларга дуч келганди.Ёш католикЖефри Ланг АҚШдаги энг йирик давоми...

4774 20:08 / 16.11.2018
Бир дўстимга мева сотувчи бир воқеани айтиб берган экан. Ўша савдогар бир чақа ҳам зарар қилмай, яроқсиз меваларни сотар экан. У эскирган меваларни идиш тагига давоми...

3015 08:00 / 22.12.2020