1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Намозни қасддан тарк этиш

15:02 / 21.12.2018 6308 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Эй мўминлар, мол-дунёларингиз ва бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!» (Мунофиқун сураси, 9).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Банданинг қиёмат кунида биринчи ҳисоб-китоб қилинадиган нарсаси намоздир. Агар (намози) дуруст бўлса, бошқа амаллари ҳам дуруст бўлади. Борди-ю, (намози) яроқсиз бўлса, қолган амаллари ҳам яроқсиз бўлади» (Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло дўзах эгалари ҳақида хабар қилиб дейди:

«(Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида): Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқигувчилардан бўлмадик. Мискин-бечорага таом бергувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва Пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик). То бизларга аниқ (ўлим) келгунича бизлар Жазо – Қиёмат кунини ёлғон дер эдик». Энди қўллагувчиларнинг қўллови уларга фойда бермас!» (Муддассир сураси, 42–48).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Намозни тарк этмагин. Зеро, кимки намозни қасддан тарк этса, дарҳақиқат, ундан Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) соқит бўлади» (Табароний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Инсонларга қарши улар то Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик бермагунларича, намозни қоим қилмагунларича ва закотни бермагунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шуни қилсалар, мендан қонлари-ю молларини сақлаган бўладилар. Бироқ, ислом ҳақи бундан мустасно. Уларнинг ҳисоби Аллоҳга ҳавола» (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки намозни муҳофаза қилса, қиёмат кунида у учун (намози) нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Кимда-ким уни муҳофаза қилмаса, унга нур ҳам, ҳужжат ҳам, нажот ҳам бўлмайди ва у қиёмат кунида Қорун, Фиръавн, Ҳомон ҳамда Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади» (Имом Аҳмад ривояти).

Айрим уламоларнинг айтишларича, «Намозни тарк этган кимса ана шу тўрт малъун билан бирга қайта тирилади. Чунки уни намоздан ё молу давлати, ё мулк-салтанати, ё вазирликмансаби ва ё тижорати машғул қилган. Кимки намоздан молу давлати сабабли машғул бўлса, у Қорун билан бирга тирилади.

Кимки намоздан мулк-салтанати сабабли машғул бўлса, у Фиръавн билан бирга тирилади.

Кимки намоздан вазирлик – мансаби сабабли машғул бўлса, у Ҳомон билан бирга тирилади.

Кимки намоздан тижорати сабабли машғул бўлса, у Маккадаги кофирларнинг тижоратчиси билан бирга тирилади».

Иброҳим Нахаъий ва Айюб Саҳтиёнийлар ҳам шу гапни айтишган. Авн ибн Абдуллоҳ деганлар: «Агар банда қабрига қўйилса, биринчи бўлиб сўраладигани – намоздир. Агар намози яроқли топилса, унинг бошқа амалларига қаралади. Борди-ю, яроқли деб бўлмаса, ундан кейин бошқа бирон амалига қаралмайди».

Ибн Ҳазм: «Ширкдан кейин намозни вақтидан кечиктириш ва мўминни ноҳақ ўлдиришдан кўра улканроқ гуноҳ йўқ», деганлар.

Ривоят қилинишича, қиёмат кунида биринчи бўлиб намозни тарк этгувчиларнинг юзлари қораяди. Жаҳаннамда «Лам-лам» номли илонлар дараси бўлиб, ҳар бир илоннинг йўғонлиги туянинг бўйнидек, узунлиги бир ойлик масофага тенг бўлади. Улар намозни тарк этгувчиларни чақадилар. Унинг заҳари намозни тарк этгувчининг жисмида етмиш йил қайнайди-да, сўнг унинг гўштлари эриб тушади.

“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Юзларига урадиган, ёқаларини йиртадиган ва жоҳилият даъволари билан бақирибчақирадиган кимсалар биздан эмас, давоми...

3631 18:00 / 10.01.2019
Катта ширк ndash Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва У зот билан бирга тош, дарахт, қуёш каби нарсаларга ибодат қилишдир. Катта ширк гуноҳи кабираларнинг давоми...

4362 10:29 / 01.11.2018
Зинога олиб борувчи йўллардан энг кўп тарқалгани ва ҳамманинг қўли етадигани телевидиние, интернет ва бошқа воситалар орқали фаҳш нарса кўриш, фаҳшга доир турли давоми...

2588 15:00 / 21.06.2020
Аллоҳ таоло айтади.Албатта, Биз ҳар бир нарсани аниқ ўлчов билан яратдик, Қамар сураси, 49.Ибн Жавзий тафсирларида бу оятнинг нозил бўлиш сабаби хусусида икки хил давоми...

4534 17:00 / 06.12.2018