1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Эснаш – шайтондан

16:00 / 20.12.2018 15211 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ акса уришни хуш кўради, эсноқни эса хуш кўрмайди. Акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса («Алҳамдулиллаҳ» деса), ташмит айтиш («Ярҳамукаллоҳ» дейиш) уни эшитган ҳар бир мусулмоннинг зиммасига ҳақдир. Эсноқ эса фақат шайтондандир. Киши қўлидан келганича уни қайтарсин. Қачон «Ҳооҳ», деса, шайтон унинг устидан кулади».

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда ҳар бир кишида ҳар куни учраб турадиган икки ҳолатга нисбатан Ислом одоби, Ислом маданияти, Ислом ахлоқи баён қилинмоқда.

Тумовдан бошқа вақтдаги акса уриш одатда енгиллик аломати бўлади. Акса уриш яхшилик аломати бўлгани сабабли, акса урган киши Аллоҳ таолога ҳамд айтиши керак экан. Буни эшитган ҳар бир киши эса акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ», яъни «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», дейиши Ислом одобларидан экан. Бунга ҳар бир мўмин-мусулмон амал қилиши лозим.

Эснаш кишининг жисми ва руҳи оғирлашгани, хиралашгани аломатидир. У ҳеч қачон яхшилик аломати бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун мусулмон киши иложи борича ўзидан эсноқни қайтариши керак бўлади.

Эснашни ҳамма халқлар ҳам яхши нарса деб билмайдилар. Эснаш энг камида дангасаликнинг аломатидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни «шайтондандир», демоқдалар. Шунинг учун эсноқни доимо, айниқса намозда қайтаришимиз керак. Бўлар-бўлмасга эснайвериб, шайтоннинг кулгисига қолмаслигимиз лозим.

Машҳур аллома Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг Саҳиҳи Бухорийга ёзган «Фатҳул Борий фий шарҳи Саҳиҳи Бухорий» номли китобида биз ўрганаётган ҳадиси шарифнинг шарҳида Хаттобий раҳматуллоҳи алайҳидан қуйидагиларни келтиради:

«Иккисидаги (акса уриш ва эснашдаги) яхши ва ёмон кўришнинг маъноси уларнинг сабабига қайтади. Акса уриш баданнинг енгиллиги, бурун тешикларининг очиқлиги ва ҳаддан ташқари тўйиб емаганлик аломатидир. У эснашнинг тескарисидир. Чунки эснаш бадан иллатга тўлгани ва унинг оғирлашгани аломатидир. Эснаш аралаш-қуралаш қилиб кўп ейишдан келиб чиқади. Акса уриш кишини ибодатга ғайратли қилади. Эснаш эса унинг аксидир».

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига акса урган кишига Аллоҳ таолонинг раҳматини тилаб дуо қилишни ҳам ўргатганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир киши акса урса, «Алҳамдулиллаҳ», десин. Буни эшитган биродари ёки шериги унга «Ярҳамукаллоҳ» (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Буни эшитган акса урган киши «Яҳдийкумуллоҳу ва йуслиҳ баалакум (Аллоҳ сизни ҳидоят қилсин ва ишингизни ислоҳ қилсин)» десин».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, акса урган ва буни эшитган икки мусулмон ўртасида ана шундай ўзаро дуо бўлиши керак. Ислом ахлоқи, суннати, маданияти ана шуни тақозо қилади. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон билиши, билмаганларга ўргатиб бориши лозим ва лобуддир.

Ҳозирги даврдаги тиб ходимлари эснаш бош миянинг кислородга, жисмнинг ғизога ҳожати борлигининг аломатидир, дейдилар. Нафас олиш аъзолари бош мия ва жисмга кислород етказиб беришда камчиликка йўл қўйса, эснаш бошланади. Бу ҳолат кўпроқ уйқусираш, ўзидан кетиш ва ўлимдан олдин бўлади.

Эснаш оғиз орқали чуқур нафас олишнинг бир туридир. Аслида оғиз чуқур нафас олишнинг табиий йўли эмас. Чунки у бурунга ўхшаб, нафас орқали олинган ҳавони тозалаш жиҳозига эга эмас. Шунинг учун эснаш пайтида оғиз катта очилганда ва чуқур нафас олиш ила ҳаво ичга тортилганда ҳавога қўшилиб турли ғубор ва микроблар одамнинг ичига киради. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам иложи борича эснашни қайтаришга ва оғизни ўнг қўлнинг кафти ёки чап қўлнинг орти билан тўсишга иршод қилганлар.

Акса уриш эса эснашнинг аксидир. У тўсатдан келади ва кучли бўлади. Унинг сабабидан ҳаво ўпкадан бурун ва оғиз орқали куч билан чиқади. У ўзи билан бирга йўлида турган ҳаво, микроб ва бошқа нарсаларни ҳам олиб чиқади. Шунинг учун ҳам акса Роҳмандан бўлиши табиийдир, чунки унда жисм учун фойда бордир. Эснаш эса шайтондандир, чунки унда жисмга зарар бордир.

Шунинг учун ҳам акса урган одамга Аллоҳ таолога ҳамд айтиш, эснаган одамга эса шайтондан паноҳ тилаш лозим бўлади.

 “Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яқиняқингача инсоният сайёрамизнинг атмосфераси ҳақида деярли ҳеч нарса билмасди. Энди маълум бўлдики, Ер шарини бир неча табақалардан таркиб топган ҳаво қобиғи давоми...

2208 11:00 / 18.11.2020
Ўрта асрларда францияликлар кўчага ҳожат чиқаришар ёки идишга ҳожат чиқариб, ўшани деразадан кўчага улоқтиришар эди. Париж шаҳри бадбўй ҳидга тўлиб давоми...

3817 11:30 / 19.02.2021
Natgeo канали ушбу расмни 2013 йилдаги энг афзал расм деб эълон қилди. Канал расмни эълон қилар экан, шундай маълумотларни келтириб ўтади .Ушбу фотосуратни расмга олган давоми...

4395 11:00 / 19.07.2022
Балчиқ деганда ҳаммамизнинг кўз ўнгимизга чивин босган, юқумли касалликлар уяси бўлмиш ботқоқликлар келади. .Балчиқдан энг гўзал сопол ашёлар қилинади,, давоми...

3673 12:00 / 26.06.2019