1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

"Қабримни ҳам иқтисодли қилинг!"

19:07 / 01.12.2018 2554 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ва ҳадисларида ҳам исроф қаттиқ қораланган. Ушбу ўринда баъзи ҳадиси шарифларни эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъднинг ёнидан ўтаётиб: «Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?» дедилар. «Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди у. «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам», дедилар у зот». 

Маълумки, ғусл ва таҳорат мусулмон бандаларга фарз ибодатлардир. Шу нарсаларда исроф жоиз бўлмаганидан кейин, ибодат саналмаган бошқа ишларда албатта мумкин эмас.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачон бир аёл уйидаги таомдан исроф қилмаган ҳолда инфоқ қилса, унга инфоқ қилган нарсаси туфайли ажр бўлур. Унинг эрига касб қилгани туфайли ажр бўлур. Хазиначига ҳам ўшанинг мислича (ажр) бўлур. Баъзилари баъзиларининг ажридан ҳеч нарсани ноқис қилмасалар», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилишган. 

Ушбу ҳадиси шарифда қилинган инфоқ туфайли ажр оладиган кишилар доираси анча кенг эканлиги баён қилинмоқда. Аёл киши уйидаги таомдан инфоқ қилса, ажру савоб фақат ўзига эмас, балки унинг эрига ҳам тегар экан. Чунки одатда, таомнинг масаллиғи учун эр хизмат қилган бўлади. Шунингдек, ушбу таомни сақлаб турган уйдаги хизматчи-омборчи ҳам ўзига яраша ажр олади. Хотинга – инфоқ қилгани учун, эрга – топиб келгани учун, ходимга – сақлаб тургани учун, хуллас, ҳаммага ўзига яраша ажр берилади. Фақат аёлга бир шарт бор экан: инфоқ қилганда ҳаддан ошириб исроф қилмаслиги керак экан. Чунки исрофчилик аёлларнинг табиатида бор нарса. Ёки умуман инфоқ қилмай, мумсик бўлишади ёки инфоқ қилса, исрофга йўл қўйишади. Мўмина-муслима аёллар эса бошқа ҳамма соҳалардаги каби, бу ишда ҳам ўртача, мўътадил иш тутишлари лозим экан.

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади: 

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: 

«Мен фақирман. Менинг ҳеч нарсам йўқ. Қарамоғимда бир етим бор», деди. Шунда у зот:

«Етимингнинг молидан исроф қилмай, шошилмай ва ўзингники қилиб олмай егин», дедилар». 

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас», дедилар».

Мазкур ҳадисларда исроф қилмаслик алоҳида таъкидланмоқда. Бу жуда ҳам муҳим ишдир, чунки исроф туфайли исрофчининг ўзига ҳам, оиласига ҳам, жамиятига ҳам зарар етади. Бу иш берилган неъматга ношукрлик бўлади.

Улуғ кишиларимиз ҳар бир нарсада исрофдан қочганлар. Ибн Абу Дунё Яҳъё ибн Абу Рошид Басрийдан ривоят қилади:

«Умар ўз ўғлига деди: «Кафанимда исроф қилманглар. Агар мен учун Аллоҳнинг ҳузурида яхшилик бўлса, менга унинг бадалига ундан кўра яхши нарсани беради. Агар ундан бошқача бўлсам, мени шилиб олади ва шилишни зудлик ила қилади. Қабримни ҳам иқтисодли қилинглар. Агар мен учун Аллоҳнинг ҳузурида яхшилик бўлса, менга уни кўзим етадиган жойгача кенг қилиб қўяди. Агар ундан бошқача бўлсам, уни менга тор қилиб, қовурғаларимни бир-бирига киритиб юборади...»

Ҳазрати Умардек улуғ зот кафанда исрофга йўл қўймаслик, тежамкор бўлиш ҳақида васият қилмоқдалар. У киши ўзларига гўр қазишда ҳам исрофга йўл қўймасликни, тежамкор бўлишни буюрмоқдалар.

Бу ҳар бир мусулмон ибрат олиши лозим бўлган ҳақиқатдир.

«Исроф» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзилар динни фақатгина баданий ибодатдан иборат деб ўйлашади. Ҳолбуки, дин илм ва ибодатдир. Илмсиз дин фалокатдир.Ўйлаб кўринг, бир пайтлар шундай кишилар давоми...

2146 15:17 / 16.04.2022
Имом Ибн Қаййум .Жавабул кафий лиман саъала ан даваиш шафий, китобида қуйидагиларни айтган .Фикрларнинг энг олийси, энг буюги ва энг манфаатлиси Аллоҳ ва охират давоми...

2608 20:30 / 24.01.2019
Усмон раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Бир киши Имом Моликнинг олдига бир масала сўраб келди. Имом унга .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар,, деб давоми...

1541 08:50 / 01.09.2019
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳуҲаким ибн Хизом ибн Хувайлид ибн Асад ибн АбдулУзза ибн Қусай ибн Килоб.Хадижа онамизнинг жияни. Хадижа онамиз унга амма эди.Фил давоми...

23170 16:45 / 20.02.2019
Аудиолар

121574 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43049 14:35 / 11.08.2021