1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Каъба ичида туғилган саҳоба

16:45 / 20.02.2019 23144 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу)

Ҳаким ибн Хизом ибн Хувайлид ибн Асад ибн Абдул-Узза ибн Қусай ибн Килоб.

Хадижа онамизнинг жияни. Хадижа онамиз унга амма эди.

Фил йилидан 3 йил олдин дунёга келган.

Каъба – Байтуллоҳнинг ичида туғилган. Онаси дугоналари билан аллақайси бир байрам кунида Каъбанинг ичига кирганда тўсатдан тўлғоқ тутади ва ўша ерда фарзанд кўради.

Ҳаким ибн Ҳизом 120 йил умр кўрган.

Имом Бухорий Ҳаким ибн Ҳизом 60 йил жоҳилиятда, 60 йил Исломда ҳаёт кечирган ягона саҳоба эди, деган маълумотни келтирган. Лекин баъзи тарихчиларга кўра, у кишининг Исломдаги ҳаёти 60 йилга бормаган.

Ҳишом, Холид, Хизом, Абдуллоҳ, Яҳё, Умму Сумайя, Умму Амр ва Умму Ҳишом номли фарзандлари бўлган. Ўз даврида Қурайш қавмининг кўзга кўринган олий мартабали шахсларидан бири.

Ҳаж мавсумида ҳажга боришга имкони йўқ фақирларга моддий ёрдам қилиб, ҳажга жўнатиш билан шуғулланган. Саховати атрофга ёйилган. Ундан улов сўраб келган мусофирларнинг бирортаси қуруқ қайтмаган.

Макка фатҳ этилган куни Исломга кирган. Исломи гўзал эди. Динга жуда катта фойдаси тегди.

Макка фатҳидан бир кун олдин, оқшом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маккада тўрт нафар одам бор. Уларни ширкка асло лойиқ деб билмайман ва Исломга киришларини жуда-жуда истайман, улар Аттоб ибн Усайд, Жубайр ибн Мутъим, Ҳаким ибн Ҳизом ва Суҳайл ибн Амр” –деганлар. Аллоҳнинг фазли билан ўшаларнинг тўрттови ҳам мусулмон бўлди.

Расулуллоҳ фатҳ куни: “Иймон калимасини айтганлар, Каъба атрофида қуролини тушириб ўтирганлар, ўз уйида эшикни беркитиб, кўчага чиқмай ўтирганлар, Абу Суфённинг уйига яширинганлар, Ҳаким ибн Ҳизомнинг уйига яширинганларга омонлик бор!” – деб жар солдирганлар.

Исломдан аввал Расулуллоҳнинг энг яқин дўстларидан бири бўлган.

Жоҳилят давримда мен учун энг суюкли инсон Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эди, деб ўзи айтган.

Ҳунайн ва Тоиф ғазотларида қатнашган.

Қасам ичганда “Мени Бадр куни тирик қолдирган Раббим номи ила” деб қасам ичиш одати бор эди.

Уҳуд жангидан кейин “Қайтиб Муҳаммадга қарши қилинган ишларда Қурайшга ён босмайман. Маккадан ҳам чиқмайман” – деб ўзига ўзи сўз берган ва сўзининг устидан чиққан.

Тижоратчилик қилган. Асосан Шом ва Яман ўлкаларига борар эди.

Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни Укоз бозоридан 600 дирҳамга сотиб олиб Хадижа онамизга ҳадя қилган. Хадижа онамиз эса Расулуллоҳга совға қилган. Жанобимиз Зайдни озод қилиб ўзларига тутинган ўғил қилиб олганлар.

Исломга киргач доим йиғлаб юрарди. Ўғли йиғиси сабабини сўраганда шундай жавоб берган: Исломга кирдим, аммо жуда кеч қолдим. Умримнинг гуллаган даври жоҳилиятда ўтиб кетди. Дунёларни сарф қилсам ҳам у дамлар энди қайтиб келмайди. Қўлдан бой бердим. Мен йиғламай ким йиғласин?! Жоҳилят давримда ҳам Исломга киримоқчи бўлардим. Аммо “қавмимдан фалончи-фалончилар ҳали Исломга кирмади-ку!”, деб тўхтаб қолардим. Мени ота-боболарим ва қавмимнинг катталарига таассубона эргашувим тамом қилган. Мен йиғламай яна ким йиғласин?! – деб жавоб берган.

Исломга киргач, мушрикликда ўтган даврига қаттиқ надомат қилган ва жоҳилият даврида Исломга қарши қанча маблағ сарф қилган бўлса, унга каффорат тарзида Ислом равнақи учун ҳам худди ўшанча, балки кўпроқ хайрия йўлида харажат қилган.

Жоҳилият даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга қарши уюштириладиган фитналар режаси тузиладиган ҳовли (Дорун-надва) Ҳаким ибн Ҳизомга тегишли бўлган. Исломга киргач ўша машъум тарихни унутиш мақсадида шу ҳовлини юз минг дирҳамга сотиб, Аллоҳ йўлида сарф қилиб юборган.

Ҳовли тарихий ҳовли эди. Уни сотиб яхши қилмадинг, деганларга “Тарихни ўчириб ташладим. Ҳаммаси тамом. Менда фақат тақво қолди. Унинг ўрнига жаннатдан ҳовли оламан” – деб жавоб берган.

Биринчи ҳаж қилишида 100 та туя устига кийим-кечак юклаб Маккада ҳаммасини туялари билан Аллоҳ йўлида ҳожиларга тарқатиб юборган.

Иккинчи ҳаж қилишида Арафот тоғига юз нафар қул олиб келиб озод қилган. Уларнинг бўйнида “Аллоҳ йўлида озод қилинди” – деб ёзилган кумуш тақинчоқлари ҳам бор эди.

Учинчи ҳаж қилишида Минода мингта қўй сўйдирган ва гўштини фақирларга тарқатган.

Ундан ўзининг икки саҳоба ўғли Ҳишом ва Хизом, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Навфал, Саъид ибн Мусаййиб, Урва, Муса ибн Талҳа, Юсуф ибн Моҳак ва башқалар ҳадис ривоят қилишган.

Унга иснод қилинган ривоятлар қирқтага етган. Икки саҳиҳ тўпламга муттафақун алайҳ даражасида ундан ривоят қилинган тўртта ҳадис киритилган.

Нодирбек Кенжаев

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Доктор, шайх, аллома, ҳаким, мураббий, муаллим... Бу таърифларнинг ҳаммасини умумлаштириб, Муҳаммад Саъид ибн Мулла Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳга бериш мумкин. давоми...

5087 19:30 / 28.01.2020
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳдан сўралганда давоми...

2493 19:10 / 10.03.2019
Мавлид маросимлари ўтказишни мустаҳаб деб айтган уламоларимиз қадимдан бу ишнинг жоиз бўлиши, савобли бўлиши учун бир қатор шартларга, одобларга амал қилиш давоми...

3063 15:06 / 23.11.2018
Кунларнинг бирида мамлакат ҳукмдори тунда шаҳар айлангани чиқди. Таниб қолмасликлари учун қиёфасини ўзгартирди. Ёнига хизматкорини ҳам олди. У халқ ўзи ҳақида давоми...

9581 11:00 / 11.07.2022
Аудиолар

121341 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42849 14:35 / 11.08.2021