1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Яхшилик эшиклари

09:22 / 02.10.2020 4184 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.... Сўнгра: – Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми? Рўза сақловчидир. Садақа худди сув оловни ўчирганидек, хатоларни ўчиради. Кишининг кечаси ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир, – дедилар, сўнг «Ёнбошлари ётар жойлардан йироқ бўлур» оятини тиловат қилдилар. 

Имом Термизий «Иймон» бобида ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

 «Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми?» демоқдалар.

Демак, мўмин-мусулмон қандай қилиб бўлса ҳам дўзахга тушмаслик, дўзахдан қутулиб қолиш нияти билан эмас, балки ундан кўра юқорироқ даражаларни кўзлаб яшаши лозим. Мўмин-мусулмон банда яхшилик эшикларини ахтариб юриши ва улардан киришга ҳаракат қилмоғи лозим. Унга раҳм қилиб, ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари яхшилик эшикларини кўрсатиб бермоқдалар.

II. Мўмин учун яхшилик эшиклари:

1. «Рўза сақловчидир».

Фарз рўза олдин зикр қилинганлиги учун ушбу иборадаги «рўза»дан нафл рўза кўзда тутилганлиги ўз-ўзидан равшан. Демак, мўмин-мусулмон банда ўзи учун яхшилик эшигининг очилишини истаса, фақат фарз рўза билан кифояланиб қолмай, нафл рўза ҳам тутиши керак.

Чунки рўза сақловчидир.

Чунки Рўза рўзадорни турли ёмон ишлардан ва гап-сўзлардан сақловчидир.

Шаҳватга берилишдан сақловчидир.

Ёмон ахлоқлардан сақловчидир.

Турли-туман касалликлардан сақловчидир.

Шундай экан, рўза мўмин-мусулмон киши учун яхшилик эшикларидан бўлмай, нима бўлсин?

2. «Садақа худди сув оловни ўчирганидек, хатоларни ўчиради».

Закот молиявий фарз ибодат бўлса, садақа молиявий нафл ибодатдир. Демак, мўмин-мусулмон инсон фақат молиявий фарз ибодат билан кифоя­ланиб қолмай, молиявий нафл ибодат қилиб ҳам туриши керак.

Сув ҳўл-қуруқни куйдириб бораётган оловни ўчиргани каби инсоннинг икки дунёсини куйдириб бораётган гуноҳларини садақа ўчиради.

Шунинг учун билиб-билмай қилган гуноҳ-хатоларим ўчиб турсин, деган инсон бева-бечораларга, фақир фуқароларга, етим-есирларга садақа қилиб туриши керак. Ана шунда мақсадига эришади. Шундай экан, садақа қилиш яхшилик эшикларидан бири бўлмай, нима бўлсин?!

3. «Кишининг кечаси ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир». 

Фарз намоз бандани дўзахни четлаб, жаннатга киришини таъминласа, кечаси ўқиладиган нафл намоз уни солиҳлар даражасига кўтаради. Кечаси туриб, бедор бўлиб, таҳажжуд намозларини бардавом ўқиб юрмаган киши солиҳлик даъвосини қила олмайди.

Ҳа, тун қаърида ғофиллар ухлаб ётганида бедор бўлиб, ўз Роббиси ила муножотда бўлиб, таҳажжуд намози ўқиб, солиҳлар шиорини қоим қилган бандаларгина ўзлари учун яхшилик эшикларидан бирини очган бўлади. Бундай бандаларни Аллоҳ таоло ҳам Ўз каломида мадҳ этмиш.

Шунинг учун Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга қуйидаги ояти каримани тиловат қилиб бердилар:

«Ёнбошлари ётар жойлардан йироқ бўлур». 

Яъни ёнбошлари роҳат жойидан узоқда бўлиб, ётмасдан, намоз ўқиш билан машғул бўлурлар.

Дарҳақиқат, тунда бедор бўлиб, нафл намоз ўқиш кишини улкан фазлга эга қилади ва унга яхшилик эшигини очади.

Шунинг учун ўзига яхшилик эшиги очилишини истаган ҳар бир мўмин-мусулмон кечаси таҳажжуд намози ўқиб туришни одат қилиб олиши керак.

Мўмин-мусулмон инсон ўзининг жаннатга кириши, дўзахдан бутунлай қутулиши ва ўзи учун яхшилик эшикларининг очилиши билан кифояланиб қолмаслиги керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қадимда бир шаҳарда бой савдогар яшарди. Бир куни шу савдогарнинг умри тугаб, вафот этибди. Унинг биргина ўғли бўлиб, у ҳам сафарда эди. Кишилар марҳумнинг ўғлини давоми...

3741 05:00 / 17.02.2017
Уламолар иймонни қасд, уни сўзлаш ва унга кўра амал қилиш, дея тушунтиришади жумҳур уламо амални иймоннинг шарти эмас, балки камолга етказувчи жиҳати, дейишади. Ва давоми...

1546 14:00 / 05.09.2022
Қурбонлик луғатда .яқинлашмоқ,, .яқин бўлмоқ, маъноларини билдириб, истилоҳда бу сўз Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида жонлиқ сўйишни англатади. Қурбонлик давоми...

2402 14:00 / 08.07.2022
Эй иймон келтирганлар Ўзингиздан бошқадан сирдош тутманг. Улар сизга парокандалик келтиришда бўшашмаслар. Машаққатда қолишингизни хоҳлайдилар. Нафратлари давоми...

3858 16:33 / 29.04.2018