1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ўзимизнинг иймон ва амалларимизни тафтиш этайлик!

14:00 / 05.09.2022 1533 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уламолар иймонни - қасд, уни сўзлаш ва унга кўра амал қилиш, дея тушунтиришади (жумҳур уламо амални иймоннинг шарти эмас, балки камолга етказувчи жиҳати, дейишади). Ва буни Аллоҳнинг ҳузурида мақбул иймон, дея аташади.

Инсонлар ҳузурида мақбул иймон эса, фақат «шаҳодатайн»га иқрор бўлишгина, дейишади. Яъни, Аллоҳнинг ҳузурида иймонли бўлиш учун юқоридаги учта шарт топилиши лозим.

Масалан «шаҳодатайн»га ёлғондан иймон келтирса, қалбларни билувчи зот уни мўмин эмас, мунофиқ ўлароқ қабул қилади.

Амалга бепарво бўлса, фосиқ ёки (буюрилган амални қилиш шарт эмас, деган эътиқодда бўлса) кофир сифатида ҳукм қилади. Аммо бу ишларга инсонларнинг асло ҳаққи йўқ.

Инсонларнинг наздида эса киши мўмин бўлиши учун «шаҳодатайн»га иқрор эканлигини айтса бўлди.

Мўмин сифатида мўминларнинг бурч ва ҳуқуқлари унга татбиқ бўлади ва кофирларга қилиниши керак бўлган муомалалардан қутилади. (Бу масалалар кенг мавзу).

Ҳозир бизда динни тушунмаслигимиздан ёмон бир вазият юзага келмоқда.

Ўтмиши нохуш бир киши солиҳ амаллар қилишга ўтса, мен унга ишонмайман, олдинги ишларига жавоб берсин, қабилидаги танбеҳ ва инкорлар кўпайиб кетди.

Улар қўяётган талаб Аллоҳ таолонинг талаби, бандаларнинг бундай талаб қилишга ҳаққи йўқ (ҳатто қозиларнинг ҳам).

Чунки ҳиссиёт аъзолари нуқсонли бўлган инсон сифатида биз унинг қалбидаги қасд ва қарорини аниқлай олмаймиз. Заиф яратилган банда бўлганимиз туфайли, биздан яшириб қилган амалларини кўра олмаймиз.

Бизга у одамнинг «шаҳодатайн»ни тили билан талаффуз қилиши кифоя. Биз уни мўмин ҳисоблаймиз, қалби ва яширин амалларини Аллоҳга ҳавола қиламиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ваҳий орқали билдириб тургани учун замонларидаги ҳамма мунофиқларни таниганлар. Лекин бирортасининг номини ошкор қилмаганлар.

Айрим мақсадларни кўзлаб сир соҳиби бўлган - Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуга уларни айтиб берганлар.

Чунки умматлари бир кун келиб қалбларни тафтиш қилиш ва одамларнинг иймонини қабул қилиш мансабини эгаллаб олишини билганлари учун шундай йўл тутганлар.

«Мана Пайғамбар алайҳиссалом мунофиқларни ошкор қилганлар», дея бу қабиҳ ишни суннат тутиб олмасликлари учун ҳам шундай қилганлар.

Хуллас, инсоннинг қалбидаги қасди ҳақида гапириш, уни тафтиш қилиш Ислом таълимотларига зид амал.

Амалларини пойлаб ҳукм чиқариш иложсиз ва оғир иш. Шундай экан, унинг иқрорига ва зоҳир-бизга кўриниб турган амалларига ишонайлик ва шу билан кифояланайлик.

Қалб ва кўринмас амалларини эса уларнинг эгаси — Аллоҳга топширайлик! Энг асосийси ўзимизнинг иймон ва амалларимизни тафтиш этайлик!

Изоҳ: «Шаҳодатайн» — Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг элчиси эканига шаҳодат келтириш, гувоҳ бўлиш.

Мубашшир Аҳмад домланинг телеграм саҳифаларидан олинди

Мавзуга оид мақолалар
Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган киши яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб, у билан бирга жаҳаннам оташига давоми...

3521 20:47 / 10.03.2018
Қўшничилик ҳақҳуқуқлари деганда шариат ва диёнат юзасидан қўшниларнинг бирбирларига нисбатан риоя қилишлари лозим бўлган вожиблар ва мажбуриятлар тушунилади. давоми...

3594 15:11 / 25.05.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Гўзал хулқларни мукаммал қилишга юборилдим,.Имом Байҳақий ривояти.1. .Адолат қилингки, у тақвога яқинроқдир, Моида давоми...

2550 11:00 / 01.03.2023
.Эй бечораларҚабристонга кўчиб борадиган вақтингиз келганида, .Э воҳ Молмулкимиз ҳароб бўлиб, шунча қилган ҳаракатимиз бекор кетди... Шундай гўзал ва кенг дунёдан давоми...

1477 11:46 / 12 февраль