1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Одамларни кулдириш учун ҳам ёлғон гапириш мумкин эмас

22:58 / 14.05.2018 4329 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз биз билан ҳазил-мутойиба қиласиз-ку» дейишди.

«Мен ҳақдан бошқани гапирмайман», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Яъни «Тўғри, ҳазил-мутойиба қиламан, бироқ ўша ҳазилим ҳам фақат ҳақ бўлади. Ноҳақ гапни гапирмайман», деганлар.

Демак, ҳазил-мутойиба шариатимизда бор экан, бироқ кулдираман деб, ҳазил экан деб, ёлғон, ноҳақ, бўлмағур гапларни гапириб бўлмайди.

Мусулмончиликдаги ҳазил ҳам ҳақиқатга асосланган бўлиши керак.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига улов сўраб келди. Шунда у зот:

«Бўпти, сени туянинг боласига миндириб қўямиз», дедилар.

«Туянинг боласини нима қиламан?» деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ахир туя туяни туғадими?» дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда нозик услуб ила ҳазиллашганлар. Улов сўраган кишига катта туя бермоқчи бўлганлар. Лекин беришдан аввал: «Сенга туянинг боласини бераман», деганлар.

У киши «туянинг боласи» деганда бўталоқни тушуниб, «Уни нима қиламан?» деб ҳайрон бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ахир катта туя ҳам туянинг боласи бўлади-ку», деган маънода гап айтганлар.

Кўриб турибмизки, бу гап ҳақиқатдан четлашмаган ҳазил бўлган. Катта ёшли туя ҳам, албатта, туянинг боласи бўлади, бироқ ҳар доим «туянинг боласи» деганда бўталоқ тушунилади. Шунинг учун у кишининг хаёли бошқа ёққа кетган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу шаклда ҳазил-мутойиба қилган эканлар.

Бизда ҳазил деб айтиладиган маъно арабларда «мизоҳ» ёки «мазаҳ» сўзлари билан ифода этилади. Аслида «ҳазил» сўзи ҳам арабча. Аммо араблар уни бошқалар билан бўлган сўзлашувда енгил ва беозор кулгили гап маъносида кам ишлатишади. Бизда эса аксинча, «мазаҳ»ни бировни эрмак қилиш маъносида тушунилади.

Ҳазил дўст-биродар ва тенгдошлар орасида олиб бориладиган сўзлашувда енгил ва беозор кулгили гап маъносида бўлса, мандуб ҳисобланади. Албатта, бунда озор, зарар, ғийбат, масхара, айблашга ўхшаш нарсалардан четда бўлиш шарт қилинади.

Меъёридаги ҳазил-мутойибада меҳнат машаққатлари ва турли таъсирлардан бир оз енгиллашиш ҳамда хушвақтлик топиш бор.

Аҳли-аёли ва бола-чақаси билан ҳазил-мутойиба қилиш эса мусулмонларнинг шиори ва набийларнинг ахлоқидир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ёлғон китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тўртинчи тақсимЁмонланаётган одамнинг қайси жиҳати зикр этилаётганига қараб ғийбат олти қисмга бўлинади.1. Бадан ғийбати. Бадан ғийбати дейилганда кишининг давоми...

5611 18:36 / 15.01.2018
.Зуҳд, сўзи аслида .оз нарса, маъносини билдиради. Зуҳд рағбатнинг тескарисидир. У бир нарсани тарк қилиш ва ундан юз ўгиришни англатади.Уламолар истилоҳида .зуҳд, давоми...

3859 12:04 / 19.03.2018
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади.Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз ҳиссаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг давоми...

3511 20:11 / 20.07.2017
.Тақво, луғатда .Аллоҳдан қўрқиш,, .буйруқларига бўйсуниш, ва .қайтариқларидан сақланиш, дейилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Албатта, Аллоҳ ҳузурида энг давоми...

3608 12:46 / 13.02.2018