1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Моида сураси, 116-117

05:00 / 23.01.2017 4085 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

116. Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, сен одамларга, Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар, дедингми?» деганини, у эса: «Эй пок Парвардигор, мен ҳаққим йўқ нарсани айта олмайман-ку. Агар айтган бўлганимда, батаҳқиқ, Сен уни билар эдинг. Сен менинг дилимдагини биласан, мен Сендаги ҳеч нарсани билмасман. Албатта, Сен Ўзинг ғайбларни энг яхши билгувчи зотсан», деганини эсла.

Бу оятда ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, Аллоҳ билан Ийсо алайҳиссалом ораларидаги ушбу савол-жавобни эслашга амр этилмоқда. Бу савол-жавоб ҳам насороларнинг Ийсо алайҳиссаломни ва у кишининг оналари Биби Марямни «худо» деб даъво қилишлари бутунлай нотўғри эканини фош этади. Фош этганда ҳам, қиёмат куни, ҳамма жамланганда, барча Пайғамбарлар алоҳида жам қилинганда, уларнинг гувоҳлигида! Насороларнинг ақидалари ботил эканлиги айнан Ийсо алайҳиссалом билан бўлиб ўтадиган савол-жавобда фош қилиниши алоҳида маъно касб қилади:

«Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, сен одамларга Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар, дедингми?», деб сўрайди.

Албатта, Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марям бу гапни ҳеч айтмаганини ва айтмаслигини ҳам жуда яхши билади. Эси бор одам бунақа гапни айтмайди. Аммо Ийсо алайҳиссаломни «худо» деб айтганларнинг қилмиши нақадар ноўрин, номаъқул ва жирканч эканини ҳаммага яна бир бор кўрсатиш учун шундай савол берилади. Оддий инсон қила олмайдиган ишни қандай қилиб Пайғамбар, Пайғамбар бўлганда ҳам Ийсо алайҳиссаломдек улулазим Пайғамбар қилиши–«одамларга мени ва онамни худо қилиб олинглар», дейиши мумкин? Асло мумкин эмас! Шунинг учун ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг жавоби Аллоҳга Унинг поклигини тасдиқлаш, «субҳанака–

«Эй пок Парвардигор», дейиш билан бошланмоқда:

«мен ҳаққим йўқ нарсани айта олмайман-ку».

Яъни, «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб айтишга менинг мутлақо ҳаққим йўқ-ку, қандай қилиб айтаман.

«Агар айтган бўлганимда, батаҳқиқ, Сен уни билар эдинг».

Бу ҳам Пайғамбарлик ва бандалик ҳисси билан айтилган гап. Ҳақиқатда, агар фаразан шундай гап айтилган бўлганида, Аллоҳ билар эди ва унга яраша чора кўрилар ва бу хабар барчага тарқалар эди. Шунинг ўзиёқ Ийсо алайҳиссалом ҳеч қачон худолик даъвосини қилмасликларини кўрсатиб турибди.

«Сен менинг дилимдагини биласан, мен Сендаги ҳеч нарсани билмасман. Албатта, Сен Ўзинг ғайбларни энг яхши билгувчи зотсан».

Ийсо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг сифатларини аниқ тушунган бир банда ва Пайғамбар эканликлари ушбу жавобларидан яққол кўриниб турибди. Аллоҳ бир бандасининг дилида яширган нарсасини биладиган, барча ғайбларни энг яхши биладиган зот бўла туриб, Ийсодек алайҳиссалом машҳур бир Пайғамбар кўпчилик ичида худоликни даъво қилганини билмай қолар эдими?

Кейинги оятларда Ийсо алайҳиссаломнинг жавоблари давом этади:


117. «Мен уларга Ўзинг менга амр қилган нарса; Аллоҳга, менинг Роббим ва сизнинг Роббингизга ибодат қилингдан бошқани айтганим йўқ. Ва модомики ораларида эканман, уларга гувоҳ бўлдим. Мени Ўзингга олганингдан сўнг, Сенинг Ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, Сен ҳар бир нарсага гувоҳсан.

Демак, Ийсо алайҳиссалом насороларга, мен ҳам, сизлар ҳам Аллоҳнинг бандаларимиз ва ҳамиша Унга ибодат қилиш зарур, деб айтганлар. Ундан бошқа гапни айтмаганлар. Яъни, мени Худо қилиб олинглар демаганлар. Ийсо алайҳиссалом яна бошқа ишлар ҳам қилганлар:

«модомики ораларида эканман, уларга гувоҳ бўлдим».

Яъни, қилган ишлари, айтган гаплари ва бошқа нарсаларига гувоҳ бўлдим. Жумладан, сенинг амрингни қанақа қабул қилишларига гувоҳ бўлдим. Менинг улар ичида бўлган вақтимдаги гаплар шулардан иборат. Мен худолик даъвосини қилганим йўқ. Мендан кейин нима бўлганини Ўзинг биласан.

«Мени Ўзингга олганингдан сўнг, Сенинг Ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, Сен ҳар бир нарсага гувоҳсан».


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Эй одамлар Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг. Албатта, давоми...

4783 17:21 / 22.05.2018
Салафлар ndash Исломнинг аввали, яъни биринчи асрларида ўтган саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар.Халафлар ndash салафлардан кейин келган мусулмонлар давоми...

3240 13:06 / 01.09.2020
биринчи мақолаЗамон ўтиши билан яна янги муаммолар пайдо бўла бошлади. Араб тилини яхши билмайдиган мусулмонлар кўпайиши билан Қуръони Каримни ўқишда муаммо ҳам давоми...

4006 15:50 / 25.02.2020
Кўпчилик бу одамни танимайди. Бу киши Мисрнинг кўзга кўринган қориларининг тиловатларини ёзиб олган ва Қуръони Каримнинг овозли шаклини жамлаган инсондир.Бу давоми...

11951 15:00 / 03.01.2022