1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 243-оят

16:48 / 26.03.2018 2841 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Диёрларидан ўлимдан қочиб чиққан мингларча кишиларни билмадингми?! Бас, Аллоҳ уларга: «Ўлингиз», – деди. Сўнгра уларни тирилтирди. Албатта, Аллоҳ одамларга фазлу марҳаматлидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар. Бақара 243. 

Қуръони Карим ушбу воқеа ҳақида ҳикоя қилар экан, у қавмнинг номини, қаерда яшаганини, бу ҳодиса қачон рўй берганини айтмайди. Сабабини Аллоҳнинг Ўзи билади. Албатта, номини айтмаслиги ҳам беҳикмат эмас. Биз учун у ҳақда аниқ маълумотлар муҳим эмас, балки ушбу ҳодисадан ҳаётда ибрат олишимиз кераклиги муҳимдир.

«Диёрларидан ўлимдан қочиб чиққан мингларча кишиларни билмадингми?!»

Демак, бир вақтлар катта бир қавм ўлимдан қочиб, диёрларини ташлаб чиққан эканлар. Ўлимдан қочишларининг сабаби турлича бўлиши мумкин. Балки, вабо тарқалган бўлса, ўшандан қочишгандир. Ёки душман билан жанг қилиш керак бўлган бўлса, урушда ўлиб кетмайлик, деб қочишгандир. Хуллас, ўлимдан қочиб чиқишгани аниқ. Қизиқ, ўлимдан ҳам қочиб бўладими? Модомики, ушбу қавм қочган экан, кўрайлик-чи, кейин нима бўлди экан?

«Бас, Аллоҳ уларга: «Ўлингиз», – деди».

Қизиқ бўлди-ку, бечоралар ўлимдан қочиб, узоқ ҳаёт кўриш умидида чиқишган эди, мақсадларининг тескариси бўлди. «Ўлинг» деган бир оғиз сўз билан ўлиб қолишди. Демак, Аллоҳнинг қазои қадаридан қочиб бўлмас экан. Аллоҳдан ўзга қайтиб борадиган жой йўқ экан. Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган вақтида ўлдирар экан. Агар хоҳласа, ҳаётни ҳам беради:

«Сўнгра уларни тирилтирди».

Бу иш ҳам ибрат учун – ўлим ҳам, ҳаёт ҳам Аллоҳнинг қўлида эканини билдириш учундир:

«Албатта, Аллоҳ одамларга фазлу марҳаматлидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар».

Яъни ҳаёт бериб, тирилтириш ҳам Аллоҳнинг бандаларига берган фазли. Жонни олиб, ўлдириш ҳам Аллоҳнинг фазлидир. Икковида ҳам одамларга фойда бор. Лекин кўп одам буни тушунмайди ва шукр қилмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Батаҳқиқ, сенга равшан оятларни нозил қилдик, уларга фақат фосиқларгина куфр келтирурлар. Бақара 99.Аллоҳ таоло Қуръони Карим оятларини очиқойдин, равшан қилиб давоми...

3586 10:00 / 25.10.2017
Ҳаром ойга ҳаром ой. Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор. Ким сизга тажовуз қилса, сиз ҳам унга қилган тажовузига ўхшаш тажовуз қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг давоми...

3205 16:20 / 01.02.2018
Бас, агар қила олмасанглар ndash ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам ndash ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган оловдан қўрқинглар. Бақара 24.Аллоҳ давоми...

10024 17:28 / 30.07.2017
Билмайдиган кимсалар .Аллоҳ бизга гапирса эди ёки бирор мўъжиза келса эди,, ndash дейишди. Худди шу каби, улардан олдингилар ҳам уларнинг гапига ўхшаш гап айтган давоми...

3124 19:15 / 15.11.2017