1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Наҳл сураси, 88-90

05:00 / 23.01.2017 3662 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

88. Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларга фасод қилганлари учун азоб устига азоб зиёда қилдик.


Ўзи кофир бўла туриб, бошқаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсган одамлар бешбаттар бузғунчилик қилган бўладилар. Чунки кофирликнинг ўзи энг ёмон фасоддир. Одамларни Аллоҳнинг динидан тўсиш ундан ҳам ёмонроқ фасод саналади. Шу қилмишлари учун уларга:

«...азоб устига азоб зиёда қилдик».

Кофирликлари учун бир азоб берилса, одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсганлари учун азоби янада зиёда қилинади. Мазкур ҳукмлар ҳамма қавмлар учун умумийдир. Аммо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг қавмларига алоҳида муомала бўлади. Буни қуйида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинаётган хитобдан билиб оламиз:


89. Ҳар бир умматга ўзидан гувоҳ олиб келган кунимизда сени анавиларга (умматингга) гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик.

Яъни, қиёмат куни ҳар бир умматга ўз Пайғамбарини гувоҳ этганимиздек, сени ҳам умматингга гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга Қуръони Каримни нозил қилишдан мақсад ҳар бир нарсани баён қилиб беришдир. Ўша китобдан бошқа бирон нарса тўғри баёнотни бера олмайди. Шу билан бирга, Қуръон мусулмонлар учун ҳидоятдир. Уларни тўғри йўлга бошловчи ҳидоят маёғидир. Яна Қуръон мўминлар учун Аллоҳнинг раҳматидир. Ва ниҳоят, Қуръони Карим мўминлар учун хушхабардир, уларга иймонлари орқасидан келадиган яхшиликлар хушхабарини беради.

Келаси оятларда ўша баёнотлар, ҳидоят, раҳмат ва хушхабарлардан баъзи намуналар келтиради:


90. Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз.

«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», дерлар.

Албатта, Аллоҳ:

«Адолатга», амр этади.

Аллоҳ буюрган адолат–исломий мутлоқ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Унда ҳавои нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди. Ҳамма учун ўлчов бир.

«Эҳсонга», амр этади. 

Эҳсон сўзи яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда эҳсоннинг эшиги кенг очилган. Қатъий адолат юзасидан ҳукм чиққандан сўнг биров яхшилик қилиш ниятида ўз ҳақидан кечиб, бошқага бериши мумкин. Кимки ёр-биродарлари ёки бошқа инсонларга яхшилик қилса, жуда яхши, савоблари кўпайтириб берилади.

«қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир».

Бошқаларга яхшилик қилиш ичида, айниқса, қариндошларга яхшилик этиш алоҳида ўрин тутади.Чунки уларнинг ҳам қариндошлик, ҳам инсонлик ҳақлари бор.

«...ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир».

«Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади.

«Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади.

«Зулмкорлик» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир.

Шу нарсалар ила:

«У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз».

Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Доктор Манноъ Қаттон ўзининг .Қуръон илмлари ҳақида тадқиқотлар, китобида жумладан шундай деган .Қуръонни мусҳафда маълум бўлган Усмоний расмга мувофиқ ёзиш давоми...

2393 13:00 / 19.11.2021
Юқорида баён қилинган ваҳий ҳолатини тушуниб етмаслик кўп нарсаларга тўсиқ бўлиши турган гап. Бу улкан ҳақиқатни ўрганмай туриб, ўзича .хулоса чиқариш, ва бу давоми...

6483 14:45 / 14.01.2019
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари ndash саодат замонида Қуръони Каримни етарлича англаш савиясидаги кишилар кўпчиликни ташкил қилар эди. Улар давоми...

2024 18:00 / 16.03.2021
иккинчи мақолаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаб олган кишиларнинг сони беҳисоб экани улкан ҳақиқатдир.Набий соллаллоҳу давоми...

3743 14:30 / 03.09.2019