1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Вараънинг турлари ва даражалари (2-қисм)

22:22 / 09.03.2018 3092 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аммо зоти ҳалол бўлган нарсанинг бирор кишига ҳалол мулк бўлишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади:

1. Биринчи хили – ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа пайдо бўлиши.

Мисол учун, бир одам асли ҳалол қушга ўқ отди. Бу хилдаги овланган қуш аслида ҳалол бўлади. Лекин отилган қуш сувга тушса-ю, овчи уни сувдан олиб чиққанда ўлган бўлса, шубҳа бўлади. Қуш отилган ўқ билан ўлдими ёки сувга тушиб бўғилиб ўлдими, билиб бўлмайди. Уламолар бу ва бунга ўхшаш шубҳали ҳолатларда ҳаромлик устун эканлигига фатво чиқарганлар.

Бундай шубҳалар, айниқса, ҳалол билан ҳаромнинг аралашиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун, бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти битта ёки ўнта ҳалол йўл билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштига аралашиб кетса, ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишнинг имкони бўлмагани учун мазкур бир ёки бир неча маълум ҳайвон гўшти ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.

Яна бир мисол: бир йигитнинг эмикдош синглиси бор, унга уйланиши шариат ҳукми бўйича ҳаром. Лекин ўша қиз ким экани айнан маълум эмас. Фақат бешта-ўнта ёки маълум адад қизлардан бири эканлиги билинади, холос. 

Шу ҳолатда шариат ҳаром қилган кишини никоҳлаб олиш шубҳаси туғилади ва адад чегараланган бўлганидан, шубҳадан қочиб, уларнинг бирортасига ҳам уйланмаслик вожиб бўлади.

2. Чегараланган ҳаром нарсанинг чегараланмаган ҳалол нарсага аралашиб кетиши. Бу ҳолда ҳам шубҳа ҳосил бўлади. Лекин катта мушкул эътиборидан шариат бундай ҳолатларда ҳалолликни ғолиб ҳисоблайди.

Мисол учун, ўзи билан эмикдош бўлган қиз шаҳарнинг қизларидан бири эканини яхши билади. Аммо ким эканини билиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳамма аёлларни унга ҳаром деб эълон қилинмайди, балки хоҳлаганига уйланаверади. Уламолар иттифоқи шундай.

Шунингдек, молу дунёга ҳаром аралашгани маълум, лекин ўша ҳаромнинг аниғи номаълум. Шунинг учун олди-сотди ёки ейиш-ичишни тарк қилиш вожиб бўлмайди. Бундай бўладиган бўлса, кишилар учун катта танглик пайдо бўлади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаи киромларнинг вақтларида рибохўрлик, ўғирлик содир бўлган, кўп молу мулкка аралашиб кетган, лекин пул муомаласи ёки ўғирланган нарсалар жинсидан бўлган ашёларни сотиб олиш ман қилинмаган. Уламоларимиз: «Бунга ўхшаш нарсаларни сўраб-суриштириб, четлашга уриниш васвасадир», дейдилар.

3. Чегараланмаган ҳаромнинг чегараланмаган ҳалолга аралашиб кетиши. Ҳозирги замондаги моллар шунинг мисолидир. Бундай пайтда ҳаромлигига ҳужжат-далил бўлган нарсанигина ҳаром деб айтилади. Бошқа нарсалар ҳалоллик ҳукмини олади. Чунки шариат ҳукми бўйича, аслида моллар ҳалолдир. Кишилардаги фисқ ғолибдир. Шариат қоидаси бўйича, асл билан ғолиб тўқнашиб қолса ва ғолибнинг аниқ белгиси бўлмаса, асл устун келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврида ҳаромдан топилган молу дунё, рибохўрлик фойдаси, ўлжадан беркитиб олинган нарсалар, баъзи таланиб олинган моллар аралашиб кетган.

Мазкур нарсаларнинг ҳаром ҳолида ҳалол молларга аралашиб кетишига қарамай, ҳеч ким бозорни ёпишга ёки олди-берди қилмасликка амр қилмаган.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу насрония аёлнинг идишидан таҳорат қилганлар. Саҳобаи киромлар ғайридин юртлардан келтирилган кийим-кечак ва бошқа матоларни сотиб олиб ишлатар эдилар. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шубҳали нарсаларда етук олим кишилардан сўраб олиб, тасарруф қилиш керак бўлади. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ўтган мужтаҳид олимларимиз бундай масалаларни жуда ҳам яхшилаб ҳал этиб, китобларга ёзиб кетганлар. 

Ҳозирги уламолар ўша китоблардан фойдаланган ҳолда жавоб беришлари осон. Ўтган вақтларда мавжуд бўлмаган масалаларни эса Ислом фиқҳи академияларидаги уламолар ҳал қилмоқдалар.

«Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади».

Яъни ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дини ва обрўсини поклаган бўлади. Шунинг учун муайян шубҳали нарсадан узоқда бўлиш керак.

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 

«Ўзингни шубҳага солган нарсани тарк эт, ўзингни шубҳага солмаган нарсани ол!» деган гаплари қоидадир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Зоҳидлик Аллоҳ таолога тугал таваккулнинг намунасидир.2. Зоҳидлик қалбда қаноатни ўстиради.3. Зоҳидлик мусулмонни вақтинчалик лаззатлардан доимий неъматлар давоми...

2941 12:18 / 19.03.2018
Аллоҳ таоло Наас сурасида айтади.Айт .Одамлар Роббидан паноҳ сўрайман... одамлар Подшоҳидан... одамлар Илоҳидан... беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг... давоми...

5441 17:47 / 08.07.2017
Зикр қилувчининг ўзига яраша одоблари мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикрнинг қабул ва ижобат бўлишидан умид қилинади.1. Аллоҳ таолодан давоми...

4804 22:20 / 11.11.2017
4595. Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида.Албатта, дуонинг энг тез ижобат бўладигани ғойибнинг ғойибга қиладиган дуосидир,, дейилган.Шарҳ Чунки бундай дуо риёдан давоми...

4584 20:11 / 05.03.2018