1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Вараънинг турлари ва даражалари (1-қисм)

22:03 / 09.03.2018 2808 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роғиб вараъни уч турга тақсимлаган:

1. Вожиб.

Бу турдаги вараъ ҳаромлардан сақланишдан иборат бўлиб, барчага баробардир.

2. Мандуб.

Бу турдаги вараъ шубҳалардан сақланишдан иборат бўлиб, ўртача йўл тутадиган кишилар учундир.

3. Фазилат.

Бу турдаги вараъ кўп мубоҳлардан ҳам тийилиш ва энг оз заруратлар ила кифояланишдан иборат бўлиб, набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар учундир.

Имом Ғаззолий вараъни тўрт даражага тақсимлаганлар:

Биринчи даража: 

Адолатлилар вараъ сифати бўлиб, у ҳаромлигига фатво берилган ва уни қилганлар фосиқ ва осий бўлиши шубҳасиз бўлган нарсалардан четда бўлишдан иборат.

Иккинчи даража:

Тарк қилиш вожиб эмас, балки мустаҳаб бўлган шубҳали нарсалардан четда бўлишдан иборат.

Абул Ҳавро Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳасан ибн Алига: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нимани ёд олгансан?» дедим.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ўзингни шубҳага солган нарсани қўй ва шубҳага солмаган нарсани қил»(деганлари)ни ёд олганман», деди».

Термизий, Насоий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

Бу ердаги қайтаришни «танзийҳий» – «эҳтиётий» деймиз. Баъзи ҳолатларда бундай нарсалардан вараъ қилиш макруҳ ҳам бўлиб қолиши бор. Мисол учун, бир киши ов қилишдан тортинади ва «Ов ҳайвони бировнинг мулки ёки қўлидан қочгани бўлиши мумкин», дейди. Бу вараъ эмас, васвасадир.

Учинчи даража:

Муттақийлар даражаси бўлиб, у ёмон оқибатдан қўрқиб, баъзи рухсат берилган нарсаларни ҳам тарк қилишдан иборатдир.

Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Токи банда ҳечқиси йўқ нарсани бирор нарсаси бўлмасин, дея тарк қилмагунича тақводорлар даражасига етмас», дедилар».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

«Ҳаромга тушиб қолишимиздан қўрқиб, ҳалолнинг ўндан тўққизини тарк қилар эдик», деганлар.

Имом Суютий «Ад-Дуррул Мансур»да келтирадилар:

«Абу Дардо розияллоҳу анҳу:

«Тугал тақво банданинг ҳаттоки зарра ҳажмидаги нарсада ҳам Аллоҳга тақво қилмоғи ва ўзи билан ҳаромнинг орасида ҳижоб бўлиши учун ҳаттоки баъзи ҳалол билган нарсаларини ҳам ҳаромлигидан қўрқиб, тарк қилмоғидир», дедилар». 

Тўртинчи даража:

Сиддиқлар даражаси бўлиб, уларнинг наздида ҳалол топиш – сабабида маъсият бўлмаган, унинг ёрдами ила маъсият қилинмайдиган, ундан ҳозир ҳам, келажакда ҳам шаҳват қондириш кўзланмаган нарсадир. Фақат Аллоҳ таоло учун, ибодатга қувват топиш учун ва ҳаётни сақлаб қолиш учун тановул қилинадиган нарсадир. 

Вараънинг мартабалари:

Авомларнинг вараъ сифати:

Хилоф бўладиган нарсалар қўриқхонасига тушиб қолмаслик учун шубҳали нарсаларни тарк қилиш.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон. 

Огоҳ бўлингким, албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир. 

Огоҳ бўлингким, албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. 

Огоҳ бўлингким, албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. 

Огоҳ бўлингким, ўша нарса қалбдир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

«Шубҳа» сўзи луғатда «ўхшаш» маъносини билдиради. Яъни шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Аниқлиги йўқ бўлади.

Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром бобидаги шубҳали нарсани, икки хил эътиқодни тақозо қилувчи икки нарса содир бўлгани учун: «Икки хил эътиқодга сазовор бўлган нарса шубҳали нарса дейилади», деганлар.

Демак, шубҳали нарсалар бир неча хил бўлади:

1. Бир нарсанинг ҳалоллиги ҳақида бир томондан, ҳаромлиги ҳақида иккинчи томондан далил келган бўлса, улардан қайси бири олдин экани билинмаса, у шубҳали нарса бўлади. 

2. Шариатда ҳукми баён қилинган бўлса ҳам, машҳур бўлмагани учун кўпчилик билмайди. 

Мисол учун, калтакесакдан катта, эчкэмардан кичик «зобб» номли ҳайвон ҳалол, аммо ўша ҳайвон яшамайдиган жойларда буни кўпчилик билмайди.

3. Умумий маъно ёки қиёсдан олинадиган ҳукм бўлиб, уламолар турлича тушунган нарсалар.

4. Шариатда мубоҳлиги ёки мубоҳ эмаслиги ҳақида ҳукм келган, аммо вақтинчаликми, доимийми эканлиги ҳақида ихтилоф бор нарсалар. Ёввойи эшак, хачир ва отга ўхшаш нарсалар.

Ушбу нарсаларга ўхшашларнинг ҳукмини, ҳалол ёки ҳаромлигини мужтаҳид уламолар оят, ҳадис, ижмоъ, қиёс ва истисҳоблар билан солиштириб, ўрганиб чиқадилар. Сўнгра эса ҳалол ёки ҳаром эканлиги ҳақида ҳукм чиқарадилар. Шундан кейин у ҳалоллик ёки ҳаромлик сифатини олади. Юқорида зикр этилган нарсалар зотидаги ҳалоллик ёки ҳаромлик ҳақидаги маълумотлар каби. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
13. Ибрат мақсадида ғийбат қилиш. Одамларга ибрат бўлиши учун бирор тирик ёки ўлган кишига берилган жазони гапириб ғийбат қилиш мумкин. Масалан, одамлар бахиллик давоми...

4434 16:10 / 06.03.2018
6. Ошкора гуноҳ қиладиган фосиқни ғийбат қилиш. Ошкора гуноҳ қиладиган, масалан, одамларга зулм қиладиган зино қиладиган намоз ва рўзани тарк қилишга одатланган ва давоми...

4483 19:09 / 24.02.2018
У Зотнинг .Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир, деган қавли ҳақида сўраб .Тақводор оз илм билан тақвоси бўлмаган кўп илмли олимдан давоми...

3535 15:17 / 08.02.2018
Саккизинчи сабаб мазах қилиш.Одамларни мазах қилиш, уларнинг устидан кулиш ғийбатнинг сабабларидан биридир.Муолажа. Шуни билиш лозимки, дунёда мазах қилган, давоми...

2823 15:15 / 06.06.2018