1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тўғрилик эгриликдан ажради

18:41 / 15.08.2019 4128 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динга мажбурлаш йўқ. Батаҳқиқ, тўғрилик эгриликдан ажради. Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлабди. Ва Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир.

Ақийда, иймон масаласи инсон қалбига боғлиқ жуда ҳам нозик бир масаладир. Бу нарсани мажбур этиб, куч билан сингдириб бўлмайди. Балки ҳар бир инсон баён қилинган нарсаларга тушунган ҳолда иймон келтиргандагина, мақсад ҳосил бўлади. Исломда ушбу қоидага қаттиқ риоя қилинади. Аллоҳ таоло Ўзи:

«Динга мажбурлаш йўқ. Батаҳқиқ, тўғрилик эгриликдан ажради»,  деб қўйган.

Яъни Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръони Каримни нозил қилиб, Исломни жорий қилганидан сўнг, тўғри йўл нотўғрисидан, ҳақ ботилдан ажради. Ҳамма нарса ўз ўрнини топди. Шундай бўлганидан кейин «Динга мажбурлаш йўқ». Ҳар кимга Аллоҳ ақл берган, ана шу ақл ёрдамида ўзига керак йўлни танлаб олсин.

Ушбу қоидага амал қилиниб, тарихда бошқалар каби, одамларни Исломга мажбур қилиб киритиш бўлмаганидан, балки барча халқлар ўз ихтиёри, ишончи ва ақийдаси ила Исломни қабул қилганидан, бу дин қаерга борса, ўша ерда ўрнашиб қолди. Мажбурий йўл билан тарқатишга ҳаракат қилинган ақийда ва мафкуралар эса бақосиз бўлди. Энг яқин мисол – коммунистик мафкурани олиб кўрайлик. Бу балони одамлар орасида тарқатиш учун бўлган ҳаракатдек кучли ва бардавом ҳаракат тарихда ҳеч кўрилмаган бўлса керак. Лекин озгина муддатдан сўнг коммунист раҳбарларнинг ўзлари бу нарсани бошқалардан кўпроқ танқид қиладиган бўлиб қолишди.

Кишилар орасида «Динга мажбурлаш йўқ» ояти каримаси билан жиҳодни бир-бирига зид деб ўйлаб, «Ушбу ояти карима насх бўлган, амали бекор қилинган», дейдиганлар ҳам бор. Аммо, аслини олганда, ундай эмас. Жиҳод – Аллоҳнинг динига даъват қилиш учун бўлган ҳаракат. Мужоҳидлар қаршиларидаги одамлар иймонга келсалар, хурсанд бўладилар ва уларни ўз қардошлари деб биладилар. Агар мусулмон бўлмасдан, ўз динида қолишни хоҳласа, даъватчиларнинг йўлини тўсмай, очиб қўйсалар, марҳамат, динга мажбур қилиш йўқ. Аммо ўзи ҳам мусулмон бўлмаса, яна йўлни очмай, мужоҳидларга тўсқинлик қилса, у ҳолда урушдан бошқа илож қолмайди.

«Динга мажбурлаш йўқ» жумласига тегишли кўп тарқалган иккинчи тушунмовчилик ҳам бор. Ўзини мусулмон санаб юрган баъзи кишиларга мусулмонлик вазифасини бажариш зарурлиги эслатилса, дарҳол «Динга мажбурлаш йўқ», – дейди. Бу эса далилдан нотўғри фойдаланишдир. Тўғри, сен яҳудий ёки насроний бўлсанг, сени Исломга мажбур қилиш йўқ. Лекин мусулмонлик даъвосини қилиб турсанг-у, ўз мусулмонлик вазифангни бажармасанг, бўлмайди. Мусулмонлик вазифасини бажармаган шахсга нисбатан жазо чоралари кўрилади. Мисол учун, намозни олайлик. Уни инкор қилган одам кофир бўлади. Диндан қайтганнинг жазоси – ўлим. Намознинг фарзлигини тан олиб, дангасалиги сабабли ўқимаётган одам олдин огоҳлантирилади, сўнг қамалади ва охири ўлимга ҳукм қилинишгача етиб боради. Демак, бу оятни «Динга киришга мажбур қилиш йўқ», деб тушунмоқ керак. Бу эса инсоннинг ҳурмати, унинг ҳуқуқлари ҳимоясидир.

«Батаҳқиқ, тўғрилик эгриликдан ажради».

«Тўғрилик»дан мурод иймон, «эгрилик»дан мурод куфрдир.

Сўнгра оятда иймоннинг ҳақиқати яна ҳам равшанроқ баён қилинади:

«Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлабди».

«Тоғут» лафзи «туғён» сўзидан олинган бўлиб, Аллоҳ чизган чизиқдан чиқишга нисбатан ишлатилади. Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл «тоғут» дейилади. Тоғутнинг каттаси шайтондир. Дунёда куфр келтириш лозим бўлган нарса тоғутдир. Иймон келтириш лозим бўлган Зот эса Аллоҳдир. Шунинг учун тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтириб, узилмайдиган мустаҳкам тутқични тутишга ҳаракат қилмоқ лозим.

«Ва Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир».

У Зот тиллар нимани нутқ қилса, ҳаммасини эшитади. У Зот дилдан нима ўтса, ҳаммасини билади.

"Тафсири Ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Халқаро конференцияларнинг бирида одам анатомияси соҳасидаги машҳур олимлардан бири, таиландлик профессор Тажасат Тажасан сўзга чиқиб, инсондаги асаб тизими, давоми...

5024 19:40 / 17.04.2019
Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандай ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг Ўзигина давоми...

4511 15:00 / 09.01.2019
Хурмо етиштириш Саудия Арабистонининг энг муҳим хўжалик тармоқларидан бири ҳисобланади. Маълумки, бугунги тиббиёт ва илмфан ҳам хурмонинг фойдали мева давоми...

5467 10:30 / 24.06.2019
Ҳаж мавсуми келса, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвдаги танишларини тўплаб, бирга ҳаж қилишни илтимос қилар эди. Улар рози бўлгач, .Пулларингизни олиб келинг,, дер эди. давоми...

1654 15:00 / 25.09.2021
Аудиолар

121602 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43068 14:35 / 11.08.2021