1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Амалсиз олимнинг мисоли

18:17 / 16.11.2017 3923 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз оятларимизни берган, сўнгра улардан суғурилиб чиққан ва уни шайтон эргаштириб кетиб, гумроҳлардан бўлган кишининг хабарини уларга тиловат қилиб бер!

Ушбу ояти каримада зикр қилинган шахс ким экани хусусида мўътабар тафсир китобларимизда кўп сонли турли-туман ривоятлар бор. Шунинг ўзи ҳам бу оят муайян бир шахсга хос бўлмай, балки маълум бир тоифа одамларга хос эканини кўрсатиб турибди. Ояти каримада:

«оятларимизни берган» дейилишига кўра, у одам диний илмдан огоҳ экани кўриниб турибди. Демак, Аллоҳ таоло ўша одамга диний илмларни эгаллашга имкон берган, аммо у Аллоҳнинг оятларидан ўзини олиб қочган, яъни илмига амал қилмаган. Шу туфайли,

«...уни шайтон эргаштириб кетиб, гумроҳлардан бўлган...»

Аллоҳнинг йўлида юрмаган, Унинг оятларига амал қилмаган одамни, албатта, шайтон ўз измига солади ва иғвосига учиради. Шайтоннинг иғвосига учраган диний илмли шахс эса шайтондан баттар бўлиб қолади. Аллоҳнинг оятларидан фақат унинг ўзи қочиб қолмай, ўзгаларни ҳам қочиради, авом халққа катта салбий таъсир кўрсатади. Илмига амал қилмаган, Аллоҳнинг оятларидан ўзини олиб қочиб, шайтонга эргашганлар ер юзида ниҳоятда кўп.

Шу тоифага мансуб илмига амал қилмаганларга кейинги оятда қуйидаги баҳо берилган:

Аъроф   Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик. Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир. Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Қиссаларни айтиб бер, шоядки, тафаккур қилсалар.

Диний илмдан хабардор бўла туриб, унга амал қилмаганларнинг таърифи Қуръони Каримнинг ажойиб услубига хос тарзда ифодаланмоқда. Аслини олганда, диний илм Аллоҳ томонидан бандага бериладиган улкан неъматдир. Бу илм ўша одамни, агар у ўзини ҳам, илмини ҳам хор қилмаса, юксак мартабаларга кўтариши муқаррар.

«Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик».

Яъни агар унинг мартабасини юксалтиришни хоҳласак, «улар», яъни диний илмлар билан мартабасини кўтарар эдик. Илмига амал қилганида, инсон етиши мумкин бўлган энг юқори мартабага эришар, пайғамбарларнинг меросхўри бўлар эди.

«Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди».

Юксалишини хоҳламади, билган илмини оёқости қилди. Ҳавойи нафси ароқ ич, деса, ароқ ичди; ҳаром е, деса, ҳаромни еди; ёлғон гапир, деса, ёлғон гапирди; нотўғри фатво бер, деса, нотўғри фатво берди; ҳукмдорнинг кўнгли нимани тусаса, шариатнинг оёқ-қўлини боғлаб, келтирди. Бу дунёнинг чириб битадиган матоҳини деб ерга ёпишди. Молу дунё, деди. Амал-мансаб, деди. Ҳавойи нафсининг гапига кирди. Охири бориб, ахлат уюми оралаб, тилини осилтириб юрган итга ўхшаб қолди.

«Бас, унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир».

Нима қилиб бўлса ҳам, ташланган ахлатни титиб, еса бўлди.

«Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир», – дейди Аллоҳ таоло оятнинг давомида.

Оятларни таълим олиб, ўрганган одам билиб туриб, уларга амал қилмаса, уларни ёлғонга чиқарган бўлади. Агар уларни рост деса, амал қилиш керак эди.

Ояти кариманинг охирида Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

«Қиссаларни айтиб бер, шоядки, тафаккур қилсалар», – дейди.

Чунки ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтдаги қавмларга ҳам Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Ўз оятларини нозил қилаётган эди. Улар мазкур қиссани тингласалар, Қуръон оятларидан ўзларини четга олмасликларига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳол улардан кейин келадиган авлодларга ҳам то қиёмат лаҳзаларигача тааллуқлидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у чин дилдан қўрқувчилардан бошқаларга жуда катта ишдир.Биз .ёрдам сўранг, деб таржима қилган ибора араб тилида давоми...

3873 02:16 / 28.04.2018
Шайхул Ислом Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ҳазратлари томонидан ҳаёт тарзи яхши томонга ўзгаришини истаганлар учун тайёрланган 40 кунлик вазифа Кунда давоми...

2752 09:00 / 20.01.2023
Лекин шаклий ислом ва юзаки диндорлик эмас. Балки ҳақиқати ва жавҳарида диёнат бўлган ислом ечимдир. У илм, амал ва гўзал хулқлар исломидир. Озодлик, демократия ва давоми...

1202 13:30 / 21.12.2021
Имом Ғаззолий ҳазратларидан бир қанча насиҳатлар.Аллоҳ берган неъматларни, унинг йўлида сарфлаш шукр, Аллоҳ севмаган ерга сарфлаш эса куфрони неъматдир,..Бало давоми...

1676 11:00 / 18.12.2021