1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Энг яхши уммат

20:36 / 13.11.2017 4928 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасиз ва мункардан қайтарасиз ҳамда Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқлардир.

Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканидир.

Умматларнинг сараси Ислом умматидир.

Умматларнинг йўлбошчиси Ислом умматидир.

Умматларнинг пешқадами Ислом умматидир.

Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи бу умматга хитоб қилиб:

«Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз», – деб турибди.

Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Бошқаларга тобе бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар.

Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан бири амри маъруф қилишидир. Чунки Аллоҳ таоло:

«Маъруфга буюрасиз...» – демоқда.

Аввал ишора этилганидек, Ислом уммати дунёда яхшилик байроғини юқори кўтаради. Адолат байроғини юқори кўтаради. Ҳақиқат байроғини юқори кўтаради. Фазилат байроғини юқори кўтаради. Ҳамда бутун инсониятни бу ишларга чақиришни ўзига фарз деб билади.

Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан иккинчиси наҳйи мункар қилишидир. Чунки Аллоҳ таоло:

«...ва мункардан қайтарасиз...» – демоқда.

Мункар барча ёмонлик, зулм, ботил ва разолатлар демакдир. Бинобарин, Ислом уммати дунёдаги барча ёмонликка қарши, зулмга, ботилга ва разолатга қаршидир. Айни чоғда, бутун инсониятни ёмонликдан, зулмдан, ботилдан ва разолатдан қайтаришни ўзига фарз деб билади.

Ислом умматининг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг асосий сабаби Аллоҳга иймон келтиришидир. Чунки Аллоҳ таоло:

«...ҳамда Аллоҳга иймон келтирасиз», – демоқда.

Инсониятни тўғри йўлга бошлаб, нотўғри йўлдан қайтаришдек улкан машаққатли ишни амалга оширишга уни Аллоҳга бўлган иймони ундайди. Иймон асосларнинг асосидир. Жумладан, яхшиликка чақириб, амри маъруф ва наҳйи мункар қилишнинг ҳам асоси иймон бўлгандагина мақсадга етилади. Ана шундагина икки дунёда бахт-саодатга эришилади. Акс ҳолда нуқсонга дучор бўлинади.

Бу ҳақиқат ушбу оятдан бошқа оятларда ҳам таъкидланган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўпгина ҳадисларида ҳам ўз аксини топган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишларича, Набий алайҳиссалом минбарда турганларида бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, қандай одам яхши одам?» – деб сўради. Набий алайҳиссалом:

«Одамларнинг яхшиси – қорироғи, тақводорроғи, амри маъруф қилувчироғи, наҳйи мункар қилувчироғи ва силаи раҳм қилувчироғи», – дедилар.

Имом Термизий ривоят этган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Набий алайҳиссалом:

«Бану Исроил гуноҳга ботганда, уламолари қайтардилар. Улар қайтмадилар. Кейин эса уламолар ҳам улар билан бирга ўтириб, еб-ичдилар. Бас, Аллоҳ қалбларини бир-бирига аралаштириб юборди ва Довуд, Сулаймон ва Ийсо ибн Марям тилларида лаънатлади, – дедилар-да, ёнбошлаб ётган эдилар, туриб ўтирдилар ва: – Менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, уларни ҳаққа қайтармагунингизча, бўлмайди, – дедилар».

Имом Абу Довуд ибн Умайра Киндийдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом:

«Ер юзида бир гуноҳ содир бўлганда, гувоҳ бўлган одам уни инкор этса, худди кўрмаган одамдек, (гуноҳдан холи) бўлади. Ким кўрмаган бўлса-ю, розилик билдирса, гувоҳ бўлган одамдек, (гуноҳкор) бўлади», – дедилар.

Имом Ҳоким Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Шаҳидларнинг улуғи Ҳамзадир ва золим подшоҳга амри маъруф, наҳйи мункар қилганда ўлдирилган одамдир», – деганлар.

Оятнинг давомида сўз яна аҳли китобларга кўчади:

«Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди».

Бу аҳли китобларни Исломга киришга тарғиб қилишдир. Бошқа жойларда агар улар Исломга кирганларида, ажрни икки баробар олишлари мумкинлиги ҳақида ҳам айтилган. Дарҳақиқат, аҳли китоблар иймон келтирганларида, бу дунё-ю у дунёнинг бахти-саодатига эришган бўлур эдилар. Шу билан бирга, улардан иймонга кирганларининг зикри ҳам келади:

«Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқлардир».

Дарҳақиқат, аҳли китоблардан Исломга кирганлари бўлди. Улар жуда яхши мусулмон бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Салом, Асад ибн Убайд, Саълаба ибн Шўъба, Каъб ибн Молик ва бошқалар Набий алайҳиссалом даврларида иймонга келиб, саҳобийлик бахтига муяссар бўлдилар, Исломга хизмат қилдилар. Кейинги асрларда ҳам бир қанча аҳли китоблар Исломга кириб, яхши мусулмонлар бўлдилар. Айниқса, охирги даврда аҳли китоблардан мусулмон бўлганлар кўпайди. Лекин барибир, умумий олиб қаралганда, оятда зикр қилинганидек, уларнинг кўплари фосиқдирлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дарҳақиқат, фарзанд отаонага Аллоҳнинг буюк неъматидир. Бир парча этлик пайтидан навқирон бир инсон бўлгунча бор меҳрини фидо қилиб улғайтирадилар. Аслида ўшалар давоми...

2090 14:00 / 05.05.2023
Бир неча йил олдин меҳнат муҳожирлигида эдик. Дубайдаги дўконда молларимизни саралаб ўтирибмиз. Шу дўконда хизматчи бўлиб ишлайдиган ўттиз беш ёшлардаги ҳинд давоми...

2231 15:00 / 20.11.2021
Ризқ ҳақидаги ҳадислар.Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло орангизда хулқ ва ризқни тақсимлади. Дунёни яхши кўрганига ҳам, маҳбуб бўлмаганига ҳам беради. Аммо динни фақат яхши давоми...

9414 17:24 / 21.09.2017
Қурбонликнинг фазилати буюк савоби улуғ бўлгани учун ҳали зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмаган кишилар ҳам уни қилишга ҳаракат қилишлари, савобидан давоми...

2571 09:00 / 13.06.2023