1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 54-оят

09:10 / 02.09.2017 3096 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, албатта, сиз бузоқни (илоҳ) тутишингиз ила ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз. Энди сизни йўқдан бор қилувчи Зотга тавба қилинг, ўзингизни ўзингиз ўлдиринг. Шундай қилмоғингиз сизни йўқдан бор қилувчи Зот ҳузурида сиз учун яхшидир. Бас, У тавбангизни қабул қилди. Албатта, Унинг Ўзи тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир», – деганини эсланг! Бақара 54.

Бузоқни худо деб тутиш инсон учун, унинг ақли учун нақадар улкан ор бўлишига қарамай, Бану Исроил ўз табиатидаги бузуқликдан келиб чиқиб, шу ишни ўзига эп кўрди ва бу билан ўзига ўзи зулм қилди. Энди қиёматгача бу ор уларга айб бўлиб қолади.

Ушбу ояти кариманинг аввалида Мусо алайҳиссалом Бану Исроилнинг ёдига мазкур нобакорликларини солмоқдалар:

«Эй қавмим, албатта, сиз бузоқни (илоҳ) тутишингиз ила ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз».

Шундай катта айбни ҳам Аллоҳ Ўз фазли ила кечириб юбориши мумкин. Шунинг учун Мусо алайҳиссалом ўз қавмини йўқдан бор қилувчи Зотга тавба қилишга чақиряптилар:

«Энди сизни йўқдан бор қилувчи Зотга тавба қилинг, ўзингизни ўзингиз ўлдиринг. Шундай қилмоғингиз сизни йўқдан бор қилувчи Зот ҳузурида сиз учун яхшидир».

Биз «йўқдан бор қилувчи Зот» деб таржима қилган ибора матнда «Бориъ» деб келган. Бу Аллоҳнинг сифатларидан бири бўлиб, «Махлуқотларни тафовутдан холи қилиб яратувчи Зот» деган маънони билдиради. Бану Исроил томонидан содир этилган гуноҳ ҳаддан ташқари катта бўлганлиги учун унинг тавбаси ҳам ўзига яраша оғир бўлмоқда, у ҳам бўлса – ўзларини ўзлари ўлдириш. Бу – ҳар ким ўзини ўлдириши, дегани эмас, балки Бану Исроил қавми аъзоларининг бир-бирларини ўлдиришидир. Аниқроғи, ривоятларда келганидек, бузоққа ибодат қилмаганлар унга ибодат қилганларни ўлдиришидир. Бану Исроилга ўхшаш табиати бузуқ қавмларнинг тарбияси учун шунга ўхшаш қаттиқ чоралар зарур. Улар мазкур ишни қилдилар. Яъни ўзларини ўзлари ўлдирдилар. Шундан сўнггина Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул этди.

«Бас, У тавбангизни қабул қилди. Албатта, Унинг Ўзи тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир», деганини эсланг!»

Бу ҳам Аллоҳ таолонинг Бану Исроилга берган улкан неъматидир.

Бу оятдан гуноҳни ким қилишидан қатъи назар, жазосиз қолмаслигини билиб оламиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй Бану Исроил, сизга инъом этган неъматларимни эсланг ва Менинг аҳдимга вафо қилинг, Мен ҳам сизнинг аҳдингизга вафо қилурман. Ва Мендангина қўрқинг. Бақара давоми...

3319 17:53 / 21.08.2017
Бақара 9. Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўларлар. Ҳолбуки, сезмаган ҳолларида фақат ўзларини алдарлар.Яъни мунофиқлар қалбларида иймон давоми...

2788 22:52 / 16.05.2017
Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучлидир. Зулм давоми...

3802 13:10 / 01.01.2018
4. Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз.Бизда .ибодат, деганда, фақат намоз ўқиш, рўза тутиш, зикр, Қуръон қироати каби нарсалар давоми...

4178 18:10 / 20.03.2017
Аудиолар

121364 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42871 14:35 / 11.08.2021