1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рамазон манзаралари (Иккинчи бағишлов)

12:44 / 11.06.2017 3044 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон, сен Қуръони Карим нозил бўлган ойсан. Ҳа, бундан чорак асрлар муқаддам, Истиқлол арафасида уламоларимиз: “Рамазон, Қуръон ойидир” дейишганда ҳайрон бўлган эдик. Бу ойда рўза тутишдан бошқа яна нима бўлиши мумкин? Бу саволларга жавоб излардик. Чунки таровеҳ намозларида Қуръони Каримни хатм қилишлар ўтган аср қирқинчи йилларининг нариги ёғларида қолиб кетган эди‑да! Хатм қилиш учун Қуръони Каримнинг ўзи  йўқ эди. Унинг муқаддас номигина қолган эди, холос. Бугунгидек жамоа бўлиб, намоз ўқийдиган масжидлар қайда? Борлари эшикларига қулф тушиб, аста‑секин нураб, бузиб ташланган, суяги бутунлари эса ароқлардан бўшаган шишалар, турли‑туман заҳарли химикатларнинг омборхоналарига айлантирилган эди.  Бу ёруғ дунёдан бир эмас, бир неча авлод, қулоғига хатми Қуръон кирмай, Рамазон шукуҳи нималигини билмай ўтиб кетдилар. Бир эмас, бир неча авлод Бухорий, Термизий, Фарғоний, Марғиноний, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, буюк соҳибқирон Амур Темур, Бобур Мирзо каби дунё тан олган бобокалонларини танимай ўтиб кетдилар. Эссиз умр... Эссиз, ғафлатда ўтган йиллар...

Эсимизда... Эсламай бўлар эканми, у кунларни. Истиқлолимиз ўзининг дастлабки кунлариданоқ Аллоҳнинг марҳамати билан мўмин‑мусулмонларга Ислом эшикларини  кенг очди. Мадрасалар,  масжидлар қурила бошлади. Лекин Рамазонда хатмга ўтадиган қорининг ўзи йўқ эди? Борлари бармоқ билан санарли, масжидлар ўртасида талаш. Бир вақтлар мусулмон оламига ҳадис, фиқҳ илмидан дарс берган, булбул қорилари‑ю, мураттаб қорилари билан ном чиқарган юртимизда Ислом ана шундай аҳволга тушиб қолган эди.

Эсимизда... Эсламай бўларканми... Ўшанда Рамазон қиш кунларига тўғри келган эди. Юртимизга таровеҳ намозларини ўқиб бериш учун араб давлатлардан қорилар чақирилди. Икки нафари Тошкентдаги “Ат Термизий” масжидига келдилар. Қувондик, аммо айни дамда ичимиздан эзилдик ҳам. Ҳали‑вери ўзимиздан қорилар чиқмас экан‑да, деб.  

Бир куни ота‑оналар ярим пора, бир пора, уч пора Қуръон ёд олган фарзандларини меҳмон қориларнинг ҳузурига олиб келиб, имтиҳонларидан ўтказиб, дуоларини олмоқчи бўлдилар. Меҳмонларни хайрон қолдирган нарса, болалар Қуръонни ёддан бехато ўқишлари бўлди. У тарафларда мураттаб қорилар ҳам оятларни Қуръон китобига қараб ўқир эканлар. Хато қилиб қўйишдан қўрқар эканлар.  Ўшанда улар болалардан бу сураларни неча йилда ёд олганларини сўраб қолишди. Улар йилларни эмас, қандайдир кунлар, ойларни айтишди. Шунда меҳмонлар: “Бу ёш қориларда Имом Бухорийнинг қони бор, эслаб қолишлари бобокалонидек, ҳайратланарли, янаги Рамазонга биз келмасак керак, қорилар ўзларингиздан чиқади”, деб Қуръони Карим ёдлаган болаларни пешонасидан ўпиб, дуо қилдилар.

Дарҳақиқат, келгуси йили Рамазонда четдан қорилар чақирилмади. Ўзимиздан қорилар етишиб чиқди.

Мана ҳозир ҳар бир масжиднинг меҳроби олдида бир эмас, тўрттадан мураттаб қорилар галма‑галдан таровеҳ намозларини ўқимоқдалар. Бир пайтлар Рамазонда хатм қиладиган қорилар талаш эди. Энди эса қорилар ўртасида масжидлар талаш. Қориларимиз оддий қори эмас, Ислом университети, Ислом институти ва мадрасаларини  битирган қорилардир. Эндиликда қориларимиз ҳамдўстлик давлатларига чақирилиб, Рамазонда хатми Қуръон қилиб келмоқдалар.   Шундай шукуҳли кунларга етказганига шукроналар бўлсин. Она юртимиз Ўзбекистонни ўзингни шукуҳли нурларинг билан нурлантиравер, эй бошларимизга соябон, моҳи Рамазон!       

                                        

Эркин Малик



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1 Рамазон ойи фарзандларимизга рўза, намоз ва Қуръон тиловати каби ибодатларни ўргатиш учун жуда қулай фурсатдир.2 Болалар билан кўпроқ муомала қилайлик, чунки давоми...

4082 17:20 / 01.06.2017
Омир ибн Робиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг рўзадор ҳолларида санаб саноғига ета олмайдиган даражада кўп мисвак давоми...

7311 18:42 / 02.06.2017
Эътикоф деб рўзадорнинг эътикоф нияти билан жамоат масжидида қолишига айтилади.Эътикоф таъкидланган суннат бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот давоми...

4058 17:50 / 19.06.2017
Аллоҳ таолодан қўрқишАллоҳ таоло Ўз фазли ва улуғлигидан Ўзидан қўрқувчилар учун.Роббининг ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор,АрРоҳман сураси, давоми...

3591 10:13 / 16.06.2017