1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Қай ўринларда ёлғонга рухсат берилган

21:44 / 25.04.2016 2850 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Ҳурматли Устоз, Шайх ҳазратлари, дийнда ёлғон гапиришликка жуда қаттиқ қаралади, лекин дийннинг ёки дийндош биродарининг фойдаси учун ва фитнага қолмаслик учун ёлғон гапирса бўладими? Қай ўринларда ёлғонга рухсат берилган ёки ёлғон гапиришликка умуман рухсат йўқми? Илтимос, устоз, аниқроқ тушунтириб берсангиз, сиздан ва биздан Аллоҳ таоло рози бўлсин.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам, ундан каттароқ зарарни қайтариш учун уч ҳолатда, истисно тарийқасида, ёлғон ишлатишга рухсат берилган.
1. Одамлар орасини ислоҳ қилиш.
Мусулмонларнинг бир-бирлари билан уришиб юришлари жуда ҳам ёмон иш. Бу ёмон иш оқибатида инсонлар ва жамиятлар ораси бузилади.
Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, уришишлари барча бало-офатларнинг бошидир.
Шунинг учун, бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандай қилиб бўлса ҳам уни бартараф қилишга ўтмоқ зарур. Бу йўлда ҳатто ёлғон гапирилса ҳам рухсат.
Одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақатгина яхшилик учун ёлғон гапиради.
2. Урушда ғалаба қилиш учун.
Душман билан бўлаётган қуролли қарама-қаршилик ҳаёт-мамот жанги бўлади. Бу жангда душман қўлидан келган барча ишларни, жумладан, ёлғонни ҳам ишга солади. Агар аскар енгилса, барча уммат ва миллат душман асорати остида қолади.
Шунинг учун ҳам, кўпчилик манфаати йўлида, душманни доғда қолдириш учун ёлғон гапиришга рухсат берилган.
3. Оиланинг аҳлилигини сақлаб қолиш учун.
Ҳар бир жамиятда оиланинг аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Аҳил оилада ўсган болалар салоҳиятли фуқаро бўлиб ўсадилар. Ота-онанинг жанжаллари садоси остида ўсган болалар эса салоҳиятли фуқаро бўлишлари мумкин эмас.
Шунинг учун ҳам эр-хотин орасидаги ўзаро аҳиллик жуда ҳам муҳимдир. Ана ўша аҳилликни сақлаб қолиш мақсадида эрга ҳам, хотинга ҳам бир-бирларига яхшилик маънода ёлғон гап айтишларига рухсат берилган.
Ушбу истисно тарийқасида рухсат берилган уч ҳолатдан бошқа ҳолларда ёлғон гапириш мумкин эмас.
Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас, хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан.
«Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло уч нарсага: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига гапиришида рухсат берганлар», – деди у».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Абу Довуднинг лафзида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло уч нарсани «ёлғончи ҳисобламайман» дер эдилар: одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, ундан ислоҳдан бошқани ирода қилмайди. Урушда сўз сўзлаган кишини ва ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни», дейилган.
Гапни буриб гапириш, яъни, киши оғир ҳолга тушиб қолганда сиртидан бошқа, ичида бошқа маъно берадиган гапни айтиб, очиқ-ойдин ёлғон гапирмай қутулиб кетишига рухсат бор.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, гапни буриб гапиришда ёлғондан қочиш майдони бордир», – дедилар».
Ибн Адий ва Байҳақий ривоят қилишган.
Ислом оламида Қуръони Каримни махлуқ дейиш фитнаси чиққанда халийфа ҳаммани бу гапни айтишга мажбур қилишга ўтган.
Навбат имом Шофеъийга келганда у киши: «Албатта, мана булар махлуқдирлар», деб тўрт панжаларини кўрсатган.
Тафтишчилар бундан, тўрт илоҳий китоб - Забур, Таврот, Инжил ва Қуръонлар махлуқ, деб айтилганини англаганлар. Имом Шофеъий бўлсалар, тўрт панжани ирода қилганлар.
Ўзининг золимлиги билан донг таратган Ҳожжож золим саҳобаларнинг бирларидан: «Мен ҳақимда нима дейсан», деб сўраган. Шунда у киши: «Сен қоситсан», деган.
Араб тилида «қосит» сўзининг икки қарама-қарши маъноси бор. Бу сўз ҳам «одил», ҳам «жабр қилувчи» маъноларини билдиради.
Мазкур саҳобий розияллоҳу анҳу Ҳажжожга, «сен қоситсан», деганида, ўша ерда турганлар унга: «Сени мадҳ этди», дейишган. Аммо Ҳажжожнинг ўзи: «Йўқ, у мени жабр қилувчи» демоқда, деган. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволҲазрат Ҳозир айни дамда 2та ўғил фарзандимга 2та қўй сўйиб ақиқа қилиб, кейинроқ яна 2та қўй сўйсам бўладими, ёки 4та қўйни бир вақтда сўйиш керакми бир укамиз давоми...

4813 04:56 / 08.01.2018
Савол.Мен сизга Худога ишонгандай ишонаман, каби ибораларни қўллаш жоиз ишмиЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Йўқ.

4136 13:25 / 18.10.2017
Шом намозидан кейин Қуръон ўқиб бўлмайди дейишди. Чиндан ҳам шундаймиНамозлардан кейин ўқиладиган тиловати Қуръонлар намозга ҳеч қандай алоқаси йўқ нарсалар. давоми...

7230 21:16 / 27.04.2016
10савол .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда гуноҳ ва хатолар бўлганми, Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймАлҳамдулиллаҳ ва соллаллоҳу васаллама ва барока ъала давоми...

2079 13:40 / 21.01.2023
Аудиолар

121422 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42921 14:35 / 11.08.2021