1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Фосиқлик нима?

15:53 / 24.04.2016 19899 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Руҳий тарбия» китобининг биринчи жузини ўқиш чоғида савол туғилиб қолди: фосиқлик нима дегани ва фосиқ бўлиб қолмаслик учун инсон нималар қилиши керак?  

ЖАВОБ: Ҳар бир мўмин-мусулмон банда сақланиши лозим бўлган қалб хасталикларидан бири фосиқликдир. «Фисқ» сўзи луғатда «қобиқни тешиб чиқиш» маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқиб, маъсият-гуноҳларни яширмай, уялмасдан, очиқ-ойдин қиладиган одамга «фосиқ» дейилади. Одатда, фосиқ деб гуноҳ ишларни қилган мусулмонларга айтилади. “Фисқ” сўзи уламолар истилоҳида, гуноҳи кабира қилиб ёки кичик гуноҳларда бардавом бўлиб, Аллоҳ таолонинг наҳйи қилган  нарсаларидан чиқишдир. 

Қуръони каримда эса, мавзуга қараб, кофир ва мунофиқлар ҳам баъзан фосиқ дейилади. Аллоҳ таоло Сажда сурасида: «Ахир мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одамдек бўладими?! Тенг бўлмаслар. ҳа, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга, бас, уларга қилиб ўтган амаллари учун жаннатул маъво манзилдир. Аммо фосиқлик қилганлар эса, бас, уларнинг жойлари дўзахдир. ҳар қачон ундан чиқмоқни ирода қилсалар, унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзингиз ёлғонга чиқарган дўзахнинг азобини тотинг», дейилур», (18–20-оятлар) деган. Ушбу ояти карималарда фосиқлик мўминлик муқобилида зикр қилинмоқда. Демак, у кофирлик деганидир.

Мунофиқнинг ҳам фосиқ дейилишига қуйидаги оят далилдир: «Албатта мунофиқлар, айнан улар фосиқлардир» (Тавба, 67). Кофирликка етиб бормайдиган, гуноҳ маъносидаги фосиқликка Бақара сурасидаги қуйидаги оят далил бўлади: «Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигин-гиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир» (282-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик ва у билан уруш қилиш кофирликдир», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим).

 Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳ: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо фисқ аҳли бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган эса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», деганлар. 

Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилмоқда. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда авлиёлар борми Тарихда улар қандай кароматлар кўрсатишганАвлиёлар Аллоҳга яқин инсонлар, ўзларининг ихлослари билан, ибодатлари билан, нафл давоми...

8677 20:58 / 27.04.2016
СаволАссалому алайкум Устозлар мен Аллоҳ таоланинг инояти билан ҳозирги ойда қазо рўзларимни тутаяпман. Мен то рамазон рўзаси бошлангунча тутишни ният давоми...

14954 16:55 / 27.04.2017
Мен шаҳватли назарнинг ёмонлигини билиб, иложи борича кўчакўйда ярим яланғоч кийинган аёлларга қарамасликка ҳаракат қиламан. Лекин баъзида беҳаё расмларга қараб давоми...

4358 14:18 / 24.04.2016
МУЗОРАБА ШИРКАТИДА МОЛ ЭГАСИНИНГ ФОЙДАСИ МАЪЛУМ МИҚДОР МОЛ ИЛА БЕЛГИЛАНИШИ ЖОИЗМИАллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсинОртларидан набий йўқ зотга салавотлар давоми...

2586 16:14 / 27.04.2016