1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Аёл ва эркак ёлғиз қолиши мумкинми?

15:43 / 24.04.2016 6835 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қўшнимизнинг эри Россияга ишлагани кетган, тўйларига бир йил ҳам тўлмаган ёш келин ҳовлида ёлғиз қолди. Гап-сўз бўлишидан қўрққан қайнота ўн бешга кирган кенжа ўғлини келинни пойлаб ётсин, дея уникига келтириб қўйди. Маҳалладагилар ҳайрон: ахир номаҳрам аёл ва эркакнинг бир ҳовлида ёлғиз туриши ҳар хил фитналарга сабаб бўлиши мумкин-ку! Бундай ҳолатларда қандай йўл тутган яхши?

ЖАВОБ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларни бегона эркак билан, ҳатто эркак қариндоши билан ҳам ёлғиз қолишини ман қилганлар. Фақат ёнида маҳрами бўлсагина, бошқалар билан бир жойда турса бўлади.

Имом Термизий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри йўқ аёлларнинг олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қонингизда юради», деганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, аксинчада учинчилари шайтон бўлади», деганлар.

Агар номаҳрам эркак ва аёл бирга қолишса, ҳеч бўлмаганда, бошқаларда шубҳа туғилади, турли гап-сўзлар кўпаяди. Бу эса, “ифк ҳодисаси” каби мусибатларга олиб келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу масалада жуда ҳушёр бўлганлар. Имом Абу Довуд келтирган ривоятда қуйидагилар баён қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганларида завжаи мутоҳҳаралари Софиййа онамиз кечаси у зотни зиёрат қилгани келдилар. Суҳбатлари тугаб, у киши қайтиб кетаётганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кузатиб эшик олдига бордилар. Икковлари гаплашиб туришганида ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тез юриб кета бошлашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковига: «Шошманглар! Бу аёл Софийя бинти Ҳуйайдир», дедилар. Улар: «Субҳаналлоҳ, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, шайтон одамларнинг қон томирларида юради. Икковингизнинг қалбингизга бирор ёмонлик солмасин, деб қўрқдим», дедилар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакнинг қўли номаҳрам  аёлнинг ҳеч бир жойига тегмаслиги лозимлигини қаттиқ тайинлаганлар. Ўзлари байъат олган вақтларида ҳам аёлларнинг қўлларидан тутмаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлнинг ёлғиз ўзи ёки номаҳрам эркак билан сафар қилишини қаттиқ ман этганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб: «Ҳаргиз бир эркак бир аёл киши билан холи қолмасин, агар аёлнинг маҳрами бўлса майли, аёл киши зинҳор сафарга маҳрамсиз чиқмасин», дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг аёлим ҳажга чиқди, мен эса фалон жойда бўладиган ғазотга ёзилдим», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен бориб аёлинг билан бирга ҳаж қил!» дедилар.

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл кишини ҳатто ҳажга ҳам ёлғиз ўзини юбориб бўлмас экан. Ҳатто Аллоҳнинг, дину диёнатнинг йўлида қилинадиган жиҳодни қўйиб бўлса ҳам, аёлнинг маҳрами у билан бирга ҳажга бориши таъкидланмоқда. Чунки сафар машаққат ва хавфдан холи эмас. Мўмина аёлларни машаққат ва хавфда ёлғиз қолдиришга маҳрамларининг эркаклик ғурури ҳам йўл бермаслиги керак. Йўлда аёлнинг хизматини қилиб, қийинчиликлардан, хавф-хатар ва турли кўнгилсизликлардан ҳимоя этиб бориши керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркак-аёлларнинг бир-бирига аралашиб кетишини жуда қаттиқ ман қилганлар. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абу Усайд ал-Ансорий айтадиларки, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид ташқарисида туриб, йўлда эркаклар билан аёллар аралашиб кетаётганини кўрдилар ва аёлларга: «Сизлар орқада қолинглар, сизлар йўлнинг ўртасидан эмас, чеккасидан юринглар!» дедилар. Аёллар девор тагидан юра бошлашди. Улар деворга жуда яқин юрганларидан кийимлари унга тегиб кетар эди».  

Жамоат бўлиб намоз ўқиш, жума намозини адо этиш нақадар аҳамиятли эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Жума – фарз, жамоат намозини эса, баъзилар вожиб, баъзилар суннати муаккада, дейишган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Хоҳлар эдимки, бировни одамларга жамоат намозини ўқиб беришга буюриб қўйиб, ўзим бориб жамоат намозига келмаганларнинг уйига ўт қўйиб юборсам», деганлар. Бу ва бундан ҳам шиддатлироқ маънони англатувчи ҳадислар жуда кўп. Жума намозини узрсиз қолдирган одамнинг гуноҳи ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Лекин эркак-аёл аралашиб юриши яхши эмаслиги эътиборга олиниб, аёл кишига жумага бормасликка рухсат берилган.

 Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат намозига аёлларнинг қатнашмасликлари афзал эканини очиқ-ойдин айтганлар. Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Умму Ҳумайд ас-Соъидий исмли аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен сиз билан бирга намоз ўқишни яхши кўраман», дебдилар. У зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сенинг мен билан намоз ўқишни яхши кўришингни биламан. Уйингдаги намозинг ҳужрангдаги намозингдан яхшироқдир. Ҳужрангдаги намозинг ҳовлингдаги намозингдан яхшироқдир, ҳовлингдаги намозинг қавминг масжидидаги намозингдан яхшироқдир, қавминг масжидидаги намозинг менинг масжидимдаги намозингдан яхшироқдир», деб жавоб берганлар.

Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга масжидга келиб намоз ўқишга рухсат берганлар. Лекин бу шартли рухсатдир. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинларингизни масжиддан ман қилманглар. Уйлари улар учун яхшироқдир», деганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мўътадил равишда зийнатланиб, атир-упалар билан лозим топилган жойларда хушбўйланиб юришга тарғиб қилганлар. Аммо шу билан бирга, зебу зийнат орқасидан қувиб, ҳаддан ошишдан, шариатга хилоф иш қилишдан қаттиқ қайтарганлар. Ана шундай ман қилинган ишлар қаторига аёл кишининг сочига бошқа сочни улаш ва улатиш, ясама хол қўйиш ва қўйдириш, қошни ингичка қилиб териш ва тердириш, тишларининг орасини сунъий равишда очиш ва очдириш, юзининг рангини бутунлай ўзгартириш учун турли воситалар билан ювиш ва ювдириш каби амаллар ҳам киради. Мўмина-муслима аёлларга бу ишларни қилишлари ҳам, бошқаларга бажартиришлари ҳам мутлақо мумкин эмас.

Буларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фаҳш гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизлик ва зино тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Ушбу илоҳий тадбирларга бандалар чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур ифлосликлар ва ижтимоий касалликлардан пок бўлади (Аллоҳ билувчидир)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Ўзимдан катта одамга салом берсам, алик олмайди ёки менсимайгина қўл узатади. Саволим шуки, ўша одамга салом бермаслигим мумкинмиЖАВОБ Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

2863 20:17 / 27.04.2016
Бир биродарим билан гаплашаётганда Аллоҳ йўлида қийналаётганлари ҳақида гап кетиб қолди. Мен Аллоҳ йўлида қийналаётганларга ҳавас қиламан, чунки охиратда ажри давоми...

2729 16:04 / 27.04.2016
Ота ажрашган оиласидаги фарзандларига, уларни моддий жиҳатдан таъминлашга қанчалик масъулОтанинг она билан ажрашиб кетганидан кейин болаларини моддий давоми...

2670 15:43 / 26.04.2016
СаволАссалому алайкум Қибла томонга оёқни узатиб ухлаш мумкинми Ёки қандай ҳолларда мумкин ёки мумкин эмасЖавобquotЗикр аҳлидан сўрангquot ҳайъатиВа алайкум давоми...

4741 12:15 / 11.09.2017