1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Киши ўгай қизига уйланиши мумкинми?

15:36 / 24.04.2016 3956 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юртчилик экан, қишлоғимиздаги бир кишининг хотини ўлиб, бошқасига уйлатилувди, хотинининг бўй етиб қолган қизи ҳам онасига эргашиб келди. Кўп ўтмай, бояги киши ўгай қизига сал бошқачароқ қарай бошлади. Буни сезиб қолган ҳамқишлоқлар ўгай қизга кўз олайтириш ҳаромлигини тушунтиришди, аммо у ҳамон хулоса чиқаргани йўқ. Шариатда бу масалага қандай муносабат билдирилади?

ЖАВОБ: Ислом шариати қудачилик асосида айрим аёлларга уйланиб бўлмаслигини ҳам кўрсатиб берган. Қуръони каримнинг Нисо сураси 23-оятида бу тоифа номма-ном санаб ўтилган. Қудачилик асосида никоҳи абадий ҳаром  аёлларга қуйидагилар киради:

1. Ўгай оналар. Буларга ўгай момолар ҳам қўшилади. Отасининг отаси ёки онасининг отаси никоҳига олган аёллар ҳаммаси киради. Бу ерда оталик ҳурматини сақлаш бор. Отасига хотин бўлган аёл боласига ўгай она бўлади. Отаси билан никоҳ алоқасида бўлган аёл ота билан ақди никоҳ қилиши билан ўғлига абадул-абад ҳаромга айланади. Қуръони Карим оятида бу иш қаттиқ қораланганидан ҳам билиб олса бўлаверади.

2. Фарзандларнинг хотинлари. Бунга ўғилларнинг ва ўғил набираларнинг хотинлари киради. Ўғил ва ўғил набиралар ўз пуштидан бўлса ҳам, эмикдошли орқали бўлса ҳам, ўғилнинг ўғли бўлса ҳам, қизнинг ўғли бўлса ҳам – барибир. Ўғил ва ўғил набирага хотин бўлган келинлар, ақди никоҳдан сўнг бевосита қайноталари ва катта қайноталарига абадий ҳаром бўлиб қоладилар. Чунки келин ҳам қиз кабидир.

3. Қайноналар. Хотиннинг онаси ва ота ҳамда она томонидан бўлган момоси ҳам эрга абадий ҳаром бўлади. Қизга ақди никоҳ бўлиши билан она ва момолар бевосита куёвга ҳаром бўлиб қолади. Аввало қайнона ҳам онадир. Муқаддас ҳисобланган никоҳ робитаси шарафидан улар ҳам она ўрнига ўтади. Иккинчидан, қайнонага унинг қизидан айрилиб туриб уйланиш мумкин бўладиган бўлса, она қизиникига кела олмайдиган бўлиб қолади. Қизи эрини ўз онасидан рашк қиладиган бўлиб қолади.

4. Ўгай қизлар. Яъни, хотиннинг бошқа эридан бўлган қизи ҳам эрга ҳаром бўлади. Бунга ўгай қиз набиралар ҳам киради. Бу масалада Қуръони каримда бошқа тоифалардан фарқли равишда тафсилот келган. Масалан, бир киши бир аёлга ақди никоҳ қилсаю бирга эру хотин бўлиб яшамай, қовушмай туриб у билан ажрашган бўлса, у аёлнинг бошқа эридан бўлган қизига уйланса бўлади. Аммо она билан ақди никоҳдан кейин эру-хотин бўлиб яшаган-қовушган бўлса, унинг бошқа эридан бўлган қизига уйланиб бўлмайди. Чунки онасини хотин қилганидан кейин у аёлнинг қизи ҳам эркакка худди ўз қизидек бўлиб қолади. Агар онаси билан никоҳда бўлганидан кейин у билан ажрашиб қизини олиш мумкин бўлса, она билан қизнинг орасидаги алоқаларга путур етади. Она ўзининг иккинчи эрини бошқа эридан бўлган қизидан рашк қиладиган бўлиб қолади.

Уламоларимиз шу маънодаги масалада бир қоида ишлаб чиққанлар. У қоидада: «Қизларга ақди никоҳ қилиш оналарни ҳаром қилади. Оналар билан қовушиш қизларни ҳаром қилади», дейилади. Баъзи уламолар ушбу қоидага биноан бир одам аёл киши билан фосид никоҳ орқали ёки зино йўли билан қовушган бўлса ҳам ўша аёлнинг қизи у эркакка ҳаром бўлади, дейишган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қудачилик алоқалари туфайли баъзи аёлларнинг никоҳи абадий ҳаром қилиниши ҳам Ислом шариатининг бошқа ҳукмлари каби улкан ҳикматларга асослангандир.

Аввало қудачилик алоқалари Аллоҳ таоло томонидан берилган бир неъматдир. У орқали бир-бирига бегона кишилар қариндош бўладилар.   Аллоҳнинг номи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида ўрнатилган алоқанинг ўзига яраша ҳурмат- эҳтироми бўлиши керак. 

Шунинг учун ҳам Исломда қудачилик алоқаси керакли нуқталарда насаб алоқа-сига тенглаштирилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида: «Қудачилик яқинлиги ҳам худди насаб яқинлиги кабидир», деганлар. Шунинг учун ҳам насаб йўли билан қайси тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган бўлса, қудачилик йўли билан ҳам худди ўша тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Насабдан етти ва қудачиликдан ҳам етти (тоифа аёл) ҳаром қилинди», деганлар. Шу билан бирга қудачилик туфайли никоҳни ҳаром қилиш йўли билан шак-шубҳалардан холи бўлган ҳолда қариндошлик алоқаларини ривожлантиришга йўл очилган (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир биродаримизнинг аёли ҳозирча туғишни истамай, пуштни тушириш аборт учун ҳаракат қиляпти. Бу борада шариатнинг ҳукми қандай Агар туғиш она соғлигига хавф давоми...

3407 18:48 / 24.04.2016
Менинг холам АҚШда яшаб келдилар ва у ерда насроний динини қабул қилибдилар. Келганларидан кейин барча қариндошларимизни насронийликка даъват қилдилар ва давоми...

3990 21:23 / 27.04.2016
САВОЛ Ассалому алайкум Шайх ҳазратлари Менинг саволим шуки, қиёмат кунининг аломатлари ҳақида сурамоқчи эдим. Имконингиз бўлса шу ҳақда маълумот берсангиз.ЖАВОБ давоми...

3792 20:50 / 25.04.2016
Ассалому алайкум Ҳурматли устозлар, яқинда намоз ўқишни бошладим. Саволим шуки, намоз ўқийдиган пайтимда ҳар хил хаёллар миямда айланаверади. Баъзи пайтлар давоми...

2819 07:53 / 18.10.2018