1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Дуода нима сўралади?

10:12 / 24.03.2017 3174 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бандалари дунёда бахтли ҳаёт кечириб, охиратда нажот топишларини хоҳлайди. Шунинг учун уларга илоҳий дастур нозил қилган. Унда Парвардигоримиз бизлар дунё ва охират ишларини баробар олиб бориб, дуода ҳам ушбу иккисининг саодатини сўрашимизга амр қилган:

“Одамлар орасида шундайлар борки, у: “Эй Парвардигор, бизга мана шу дунёда бергин”, дейди. Ҳолбуки унинг учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқ. Ва уларнинг орасида яна шундай зотлар ҳам борки, “Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейдилар. Ана ўша зотлар учун қилган ибодатлари шарофатидан насиба бордир” (Бақара, 200-202).

Бу оятларда Аллоҳ таоло фақат шу беш кунлик ўткинчи дунёга тегишли бўлган нарсаларнигина сўраб, абадий маскан бўлмиш охиратдан юз ўгирган кишиларни танқид қилмоқда.

Саид ибн Жубайр Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Араблар ичидаги бир қавм қачон дуо қилса, “Аллоҳим бу йилни серёғин қил, барокатли, тўкин-сочинлик йили қил, бизга яхши фарзандлар бер”, деб сўрар, аммо охират ҳақида ҳеч ҳам ўйлаб кўрмасди. Шунда Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди”.

Ўз навбатида ушбу оятда Аллоҳ таоло дунё неъматлари ва охират саодатини бирга сўраган мўмин бандаларни мақтамоқда. Бундан келиб чиқадики, биз Аллоҳга дуо қилсак, охират саодатини сўрашни унутмаслигимиз керак.

Юқоридаги оятда зикр қилинган дуо Аллоҳ таолонинг солиҳ пайғамбарларидан бўлмиш Мусо алайҳи салом  тилидан ҳам айтилган:

“Бизлар учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёзгин” (Аъроф, 157).

Қуйидаги ҳадисдан дуода энг биринчи навбатда нимани сўраш лозимлигини билиб оламиз.

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳим, мен Сендан ҳидоят, тақво, офият (тинчлик-саломатлик) ва бойлик (ёки беҳожатлик) сўрайман”, деб дуо қилардилар” ( Муслим ривояти).

Ҳадисга эътибор берсак, маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан аввало рушду ҳидоят, тўғри йўлда собитқадам бўлиш ва Ўзига тақво қиладиган бандалардан бўлишни сўраб, ундан кейин дунёга тегишли нарсаларни сўрамоқдалар. Бу дуо бизларга катта ўрнак.

Аллоҳ таоло карами кенг Зот. У бандаларига Ўзи хоҳлаган нарсаларни ато қилади. Фақатгина бандалар буни сидқидилдан сўрай билсалар бўлгани. Зеро, “Ким бу дунёнинг савобини (яъни, дунёдаги мол-дунё ва баланд мартабаларни) истаса, билсинки, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам охиратнинг савоби бордир” (Нисо, 134).

Ушбу оятдан, бандалар фақат дунёни кўзаламай, балки охират ҳақида ҳам ўйласинлар. Ўткинчи матоҳларга ёпишиб олиб, ҳақиқий бойликни қўлдан чиқармасинлар! – деган маъно чиқади.

Кишилар тилида “менга бойлик бер, фарзанд бер, ишимга ривож ато эт, тану жонимга соғ қил” каби дуоларни кўп эшитамиз. Аммо “эй Аллоҳим, мени тўғри йўлингда мустаҳкам қил, менга инсоф бер, ақлимни комил қил, қалбимни оч, тилимни зикр билан банд қил” каби дуолар афсуски, кам қулоққа чалинади.

Азиз ўқувчиларимиз ўйлаб кўрсинлар, қайси бир неъматга эришиш осону, қайси бир неъматнинг қадри улуғ ва давомлироқ. Албатта, охират неъматига эришиш қийин, бироқ охират саодатига эришиш мушкул бўлса-да, айни пайтда охират ташвиши билан яшаш катта бахтдир.

Қуйидаги оятда Аллоҳ бандаларини дунё неъматларини устун қўйиб, охиратдан юз ўгиришдан қайтаради:

 “Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳолаган нарсани нақд қилиб берамиз” (Исро, 18).

Демак, банда, аввало ҳар қандай шароитда Аллоҳга ихлос билан дуо қилиши, дуо қилганда ҳам фақат дунё неъматлари бўлмиш бойлик, мартаба, фарзанд, соғлик-саломатлик, фаровонликни эмас, балки, биринчи галда охират саодатини сўраши лозим. Чунки, дунёдаги бахт-саодат ҳар қандай одамга насиб қилиши мумкин, аммо охират саодатига Аллоҳ хуш кўрган бандаларгина эришадилар.


Одилхон ИСМОИЛОВ

Тошкент шаҳридаги

 “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Тўйларимиз таърифга муҳтож эмас. Дастурхонга оқсариқ сақичларгача етиб келаяпти. Яқинда овқатни ҳазм қиладиган дорилар, бўкиб қолганни даволайдиган давоми...

6039 09:14 / 24.03.2017
Эй Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам фитнаси ва азоби, қабр фитнаси ва азоби, бойлик фитнаси, камбағаллик фитнаси ҳамда масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни давоми...

5095 20:11 / 22.04.2017
Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, давоми...

2422 10:10 / 24.03.2017
Али Тонтовий1959 йилда Дамашқ радиосида қилган нутқим Ҳурматли тингловчилар Албатта, деҳқончиликнинг ҳам, тижоратнинг ҳам ва илм олишнинг ҳам ўз мавсуми бор. Агар давоми...

2347 10:17 / 27.03.2017
Аудиолар

121392 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42895 14:35 / 11.08.2021