1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Яхшилик қилишга шошилинг

10:10 / 24.03.2017 2425 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган.

Инсонларга яхшилик қилиш – уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтди:

     “Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!”.

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.

Инсониятни жоҳилият залолатидан Ислом нури сари юзланишга сабаб бўлган улуғ зот Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қилиб айтганлар:

“Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг – эҳсондир. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг – эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир”.

Мусулмон киши ўзининг ижтимой ҳаётида адо қиладиган яхши амаллари билан намоз ўқиш учун масжид сари босган қадами ўртасидаги бу боғланиш қандай ҳам гўзал! Пайғамбаримиз (сав) шуни алоҳида таъкидлайдиларки, ислом дини инсонга ва унинг дунё ва охиратдаги ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.

Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади.

Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.

Улуғ саҳоба Жобир (р.з.) Пайғамбаримиз (сав)дан ривоят қилади, Ул зот: “Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир”, - деб марҳамат қилганлар.

Абу Ҳурайра (рз.) Пайғамбаримиз (с.а.в)дан нақл қиладилар. Ул зоти шариф айтдилар: “Табассум билан айтилган чиройли сўз – садақадир”.

Абу Мусо (р.з.)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилиб айтдилар:

 “Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобайи киром савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (сав) айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Асҳоблар савол қилишди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (сав) жавоб бериб айтдилар: “Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди” Саҳобайи киром сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ (сав) марҳамат қилиб айтдилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.

Расулуллоҳ (с.а.в) муборак ҳадисларини Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим, деган сўз билан бошладилар, сўнгра турли хайрли, маъруф ва яхшиликларни санаб ўтдилар. Мусулмон кишиси бу амалларни қилиши орқали улуғ савобларга эришиши мумкин. Демак, мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади. Мусулмон кишисининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиш зарур. Зеро, Пайғамбаримиз(сав) марҳамат қилиб айтдилар:

 “Ҳақиқий мусулмон бу – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир”. 

Дарҳақиқат, мусулмон кишиси жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмоғи керак. Ҳақиқий мусулмон яхши амалларни қилишда бардавом бўлади, у ҳар вақт Расулуллоҳ (сав) нинг ушбу ҳадисларига амал қилиб бормоғи матлубдир:

“Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсани, биродарига ҳам раво кўрмагунига қадар чин имонли бўлмайди”.

Демак, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилиши лозимдир.

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим деб қилаётган эзгу меҳнатининг самарасидир десак, асло янглишмаймиз. Зотан, ҳар бир кунини, ёйинки ҳар сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксик қалбларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар – чинакам фидоийлардир. Инсонлар хизматида ҳам бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо саъю-ҳаракатда бўлиш қандай саодат. Бу ҳақда Пайғамабаримиз (сав) марҳамат қилиб шундай деганлар:

 “Банда модомики биродари ҳожатини раво қилар экан, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини осон қилишда давом этади”.

Эзгуликни фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлар эди. Зеро, яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам – бир яхшилик. Жалолиддин Румийнинг қалб тавофини каъба тавофидан машаққатли эканини таъкидлагани ҳам бежиз эмас.


Тавофи Байтул Халил кори осон аст,

Тавофи байтул Жалил кори мардон аст.



“Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши лозим”, - деган шиорни ўзимизга дастур билиб, доим яхшиликлар пайида бўлмоғимиз бизни ҳақиқий инсонийлик сифатига сазовор этиб, Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муаяссар этади. Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса фақат яхшилик – жаннатдир.

Расулуллоҳ (сав) ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб:

“Кимики, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимдаки ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур”, - деб айтганлар.

Яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган эл-юрт мустаҳкам бўлиб, тараққий этади. Бундай диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлиши муқаррардир. Шу сабаб барчаларимизни доимо эзгу ишлар, яхши амалларга муяссар айлаб, юртимиз, маҳалламиз, хонадонимизларга файз-барака ато этишини Яратгандан сўраб қоламиз! 


Раҳматуллоҳ қори САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”

жомеъ масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибодатга доир қайтариқларАбдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади..Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти жойда .Ахлат ташланган ерда, ҳайвон давоми...

1786 13:21 / 30.08.2020
Ушбу Ноёб ҳикматларrdquo номли тўплам турли интернет сайтларида эълон қилинган ҳар хил мавзулардаги тасвирли арабча ҳикматлардан таржима қилинди. Ўз навбатида у, давоми...

6836 11:35 / 27.03.2017
Энг афзал касблар Кишининг ризқ топадиган касбу ҳунари, иши ва хизматининг тури қанақалигидан қатъи назар, ҳалол бўлиши, юритаётган касби корида ҳалоллик ва давоми...

8246 21:42 / 21.04.2017
Банда ўзининг яхшиликларга эришишида ҳам, ёмонликлардан сақланишида ҳам доимо Роббисининг раҳматига муҳтож эканини изҳор қилиши барча ибодатларнинг мағзи давоми...

6645 21:12 / 21.04.2017
Аудиолар

121554 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43037 14:35 / 11.08.2021