1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Мақтовга қалайсиз?

12:23 / 15.03.2017 4126 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунёда мақтовни ёқтирмаган, ҳеч йўқ хушомадли сўзларга эътироз билдирадиган одам топилмаса керак. Ақлини энди таниган ёш болалардан тортиб ҳаётда ҳамма нарсани кўрган қариягача ўз шаънига айтилган мақтовдан яйрайди.


Мақтов нима ўзи? Мақтов кимсаларнинг қилган ишлари ёки феълларини тил билан бошқаларга билдиришдир. Аслида барча мақтов Аллоҳ таолога хосдир ва Унинг Пайғамбарига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муносибдир. Шунинг учун доимо Аллоҳга ҳамд-санолар айтамиз. Шу боис, саҳобалардан Аббос, Ҳассон, Каъб ва бошқалар Расулуллоҳни мақтаб  шеърлар ёзишган. 

Мақтовга лойиқ кишиларни мақташ жамиятда фазилат ва комиллик ортишига сабаб бўлгани учун шариатимиз бундан қайтармайди. Шунинг учун муболаға ва ёлғон сўзлардан сақланган ҳолда кишида бор бўлган сифатлар билангина мақташ жоиз. Лекин мақтовга лойиқ бўлмаган кимсаларни, кишининг мансаби, бойлиги ё обрў-шуҳрати учун мақташ ҳақиқат ва ахлоққа зид бўлгани учун ёмон иш саналади.

Кишини юзига мақташнинг фойдаси ҳам, хатари ҳам бор: агар мақталаётган киши комил иймонли, ишончли, риёзатли, маърифатли бўлса ва мақтовдан фитналанмаса ёки ғурурга кетмаса, мақтов ҳаром ҳам, макруҳ ҳам бўлмайди. Аксинча бўлса, кишини юзига мақташ қаттиқ макруҳ бўлади.

Абу Мусо Ашъарийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини кўкларга кўтариб мақташаётганини эшитиб: "Уни ҳалок қилдинглар-ку!" (ёки белини синдирдинглар), деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Мақтовчи (маддоҳ) бирор мансаб ёки манфаат илинжида одамларни юзига мақтовчи, асли йўқ, ҳақиқатга зид ва ботил нарсаларни тарғиб қилувчидир. Ҳадисда келишича, бир киши Усмонни (розияллоҳу анҳу) мақтаганида саҳоба Миқдод ибн Асвад (розияллоҳу анҳу) унинг юзига тупроқ сочиб юборган. Усмон: "Бу нима қилганингиз?" деб сўраганида, Миқдод бундай деган: "Расули акрам "Агар маддоҳларни (мақтовчиларни) кўрсангиз, юзига тупроқ сочинглар", деганларини эшитганман" (Имом Муслим ривояти). Айрим уламолар "юзга тупроқ сочиш"ни "маддоҳнинг овозини ўчириш" деб шарҳлашган.

Суннатга кўра, агар бир кишини мақташга тўғри келиб қолса, "у шундай фазилатларга эга бўлса керак, деб ўйлайман, агар у шу сифатларга эга бўлса, "унинг кифоячиси Аллоҳдир, Аллоҳ олдида бирор киши айбсиз эмас" дейиш керак. 

Одамлар даражаларига қараб мақтовни турлича қабул қилишади. Авом кишилар мақтовдан яйраб, хурсанд бўлишади, маддоҳ айтаётган фазилатлар ўзларида мавжудлигидан фахрланиб, кибрланишади, мақтовчини ўзларига дўст тутишади. Обидлар мақтовни эшитиб, ундан иложи борича қочишади, у эгаллаб қолмаслиги учун қалбларини иҳоталаб олишади. Орифлар эса бундай ҳолларда "агар Аллоҳ айбларимни беркитмаганида одамлар фақат фазилатларимни кўриб, мени мақташмасди, демак, бу мақтовлар Аллоҳга тегишлидир" деб фикрлайди ва барча мақтовларни Парвардигорига ҳавола этади.

   Абулқосим аз-Замахшарий: "Ўзи сазовор бўлмаган ҳамду сано ва мақтовларни талаб қилиш уятсиз, телба одамларнинг одатларидандир", деган. Қайюм Носирий айтибди: "Биров сени ўзингда йўқ сифатлар билан мадҳ этса, ундай одамга ишонма. Чунки у сенда йўқ ёмон сифатлар билан бошқа ерда сени ёмонлашга қодир".

Фосиқ ва бидъатчини мақташ, мадҳда ҳақиқатни айтмай риё ва ёлғон қўшиш, мақталган киши бундан кибр ё ғурурга кетиши, мақтов орқали бирор манфаатни кўзлаш динимизда қоралангандир. Агар мақтов бу хусусиятлардан холи бўлса, мақташ ҳам, мақтовга рози бўлиш ҳам мумкин. 

Мақтовнинг акси зам (ёмонлаш), яъни бир кишига нисбатан ёмон сўзлар гапириш, ҳолатини фош этишдир. Ҳар қандай инсонни ноҳақ ёмонлаш ҳаромдир.

Сўзимизни донишмандлардан бири Қаюм Носирийнинг мана бу сўзлари билан хотималаймиз: “Биров сени ўзингда йўқ сифатлар билан мақтаса, бундай одамга ишонма. Чунки у сенда йўқ ёмон сифатлар билан бошқа ерда сени ёмонлашга ҳам қодир”.


Аҳмад Муҳаммад


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Бугунги кунимизда мусулмонларнинг тушкун ҳолини кўриб, ҳафсаласи пир бўлаётганлар кўп. Лекин, ушбу ҳадис бошқа оят ва ҳадислар билан бир қаторда келажакИслом ва давоми...

5860 05:00 / 13.03.2017
Аллоҳ таоло .Эй, иймон келтирганлар Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз,, давоми...

3802 05:00 / 14.03.2017
Буюк имомларимиздан бири Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ шогирдлари, яна бир фиқҳий мазҳаб имоми Аҳмад ибн Ҳанбалнинг уйига ташриф буюрди. Имом давоми...

2545 12:19 / 15.03.2017
АШУРО КУНИНИНГ ТАРИХИ Ашуро куни ҳар йилда бир марта келадиган улуғ кундир. Бу кунни улуғлашнинг ўзига хос сабаблари бор. Бу кунда катта ҳодисалар бўлган. Бу кун давоми...

7197 12:33 / 15.03.2017