1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Умматга қайси бири фойдалироқ?

12:19 / 15.03.2017 2542 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Буюк имомларимиздан бири Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ шогирдлари, яна бир фиқҳий мазҳаб имоми Аҳмад ибн Ҳанбалнинг уйига ташриф буюрди. Имом Аҳмад ўз аҳлига устози Шофеъийни кўп мақтар, унинг зуҳду илмини, тақвою ибодатини айтиб, улуғлар эди. 


Шу боис, имом Аҳмад хонадонида Шофеъийга нисбатан юксак ҳурмат ва қизиқиш шаклланган эди. Келган меҳмоннинг хонадон аҳли қачондан бери кўришни орзу қилиб юрган улуғ олим эканини билган Имом Аҳмаднинг қизи бу буюк устоздан нималарнидир ўрганиб олиш илинжида унинг ҳар бир ҳаракатини парда ортидан кузатишга киришди. Имом Аҳмад меҳмонга кечки таом ҳозирлади. Меҳмон овқатни жуда иштаҳа билан ва мўлжалдан анча кўп еди. Таомдан сўнг мезбон Шофеъийга тунги намозга турганда ишлатиши учун таҳоратга сув ҳозирлаб, ўз хонасига чиқиб кетди. Шофеъийдан кўп нарса ўрганиш иштиёқида бедор ўтирган ёш талаба – Имом Аҳмаднинг қизи буюк имомнинг қандай намоз ўқишию, қандай тиловат қилишини, нималарни зикр қилиб, қайси оятларни қироат қилишини ўрганмоқчи эди. Аммо натижа у кутгандек бўлмади. Қизнинг ҳафсаласи пир бўлди. Аҳмад ибн Ҳанбал меҳмон билан бирга бомдодга масжидга чиқиш учун меҳмонхонага чиқиб кетаётган эди, қизи унинг қўлидан тутиб, ўз ҳайратини изҳор этди: «Отажон, сиз мақтайдиган Шофеъий шуми?» деди. Ота: «Ҳа, шу. Нима бўлди?» деди. Қиз: «Ахир сиз уни ундай, бундай деб мақтар эдингиз. Мен бу кеча уни кузатдим. Биринчидан, бу одам овқатни кўп еди, ахир олим, зоҳид одам бунча овқат емайди ку?! Иккинчидан, сиз унга таҳоратга сув қўйиб чиқиб кетдингиз. Аммо у одам кечаси билан ёнбошлаб ётганча тонг оттирди. Ана, қўйган сувингиз ўша бўйи турибди. Витрни ҳисобга олмаса, деярли таҳажжуд ҳам ўқимади. Сиз бўлса, кечаси билан намоз ўқиб, тиловат қилиб, дуою тазарруъларлар билан, кўз ёшлари билан тонг оттирасиз. Бу одам ундай эмас экан. Учинчидан, ҳозир бомдодга таҳорат олмай чиқиб кетяпти», деди. Ичу таши бир, фикрини очиқ айтишга одатланган Аҳмад ибн Ҳанбал устози Шофеъийга қизининг гапларини оқизмай томизмай етказди. Шунда буюк имом вазиятни қуйидагича изоҳлаб берди: «Ошқозонимда беморлик бор эди. Биламанки, сениннг таомингда заррача ҳам шубҳали нарса бўлиши мумкин эмас. Бундай ҳалол пок таом ҳамма жойда ҳам топилавермайди, кўпроқ есам, зора дардимга шифо бўлса, деб овқатни одатдагидан кўпрроқ едим. Таҳорат олмаганимнинг сабаби – мен ўзи таҳорат синадиган даражада ухлаганим йўқ. Тўғри, бугун таҳажжуд ўқий олмадим, аммо кечаси билан бекор ётганим ҳам йўқ. Уйинг баркали экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй Абу Умайр! Нима бўлди нуғайр?» деган ҳадислари устида тафаккур қилиб, етмишта масалани аниқладим. Жумладан: қофия билан гапиришнинг жоизлиги; ёш бола билан меъёрда ҳазиллашиш улуғликка зид эмаслиги; гўдакка куня қўйиш жоизлиги; ёш болаларни эркалатиш, уларнинг кўнгилларини кўтаришнинг суннатлиги; болаларга ўйнашлари учун вақт, пул сарфлаш мумкинлиги; агар зарар етказилмаса, қуш боқишнинг жоизлиги... Энди айтчи, эй Аҳмад! Уммат учун қайси бири фойдалироқ?» 

Нуғайр – қуш.

Самимиятнинг мусаффо ҳавосидан нафас олган бу буюк устоз шогирдларнинг ушбу учрашувлари ҳам барчага кони ибратдир.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисдан имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ олган ҳукмлардан тақрибан қирқ бештасини санаб ўтган. Буларнинг барчаси Қуръон ва ҳадисларнинг қамровлилигини кўрастиш билан бирга, Ислом уламоларининг нақадар улуғ, билимсевар ва изланувчан инсонлар бўлганини кўрсатади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, шахсий ибодатларнинг нафс тарбияси, руҳий камолот топишда алоҳида ўрни бор. Шундай бўлса да, киши ниятни тўғрилаш билан ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини ана шундай покловчи ва мақом касб этувчи ибодат қилиб олиши мумкин.


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло ўз бандаларига жуда меҳрбон эканлиги барчага маълум. Бисмиллоҳ...rdquoнинг маъносида ҳам бу таъкидланган. Парвардигори олам бандаларига қилган давоми...

3359 12:16 / 15.03.2017
Атийя асСаъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Банда токи зарари бор нарсадан эҳтиёт бўлиш учун зарари йўқ нарсани тарк давоми...

2427 05:00 / 13.03.2017
АнНаввос ибн Самъон алАнсорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот давоми...

10684 05:00 / 13.03.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Оли Муҳаммад алайҳиссалом Мадийнага келганларидан бошлаб, то қабз қилингунларича кетмакет уч кеча тўйиб буғдой таом давоми...

3029 05:00 / 14.03.2017