1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Қуръон ўқувчининг фазилатлари

12:09 / 15.03.2017 4106 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Қуръон ўрганувчи ва ўргатувчи киши мусулмонларнинг энг яхшисидир.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

2. Қуръон ўқувчи охиратда юксак мартабага эришади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

 

3. Қуръон қиёмат куни ўз соҳибига шафоатчи бўлади.

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни қироат қилинг. У қиёмат куни ўз асҳобларига шафоатчи бўлиб келади» дедилар.  

 

4. Қуръон ўқувчига бериладиган ажрнинг улканлиги.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мислига кўпайтирилур. Алиф лаам мийм бир ҳарф демайман. Лекин алиф бир ҳарф. Лаам бир ҳарф. Мийм бир ҳарф», дедилар». 

 

5. Қуръон ўқувчининг ота-онасига қиёмат куни тож кийдирилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким Қуръонни ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг отасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган. Абу Довуд ривояти.

 

6. Қуръонни тинглаш учун фаришталар тушади.

“Усайд ибн Хузайр розияллоҳу анҳу бир куни кечаси Бақара сурасини ўқиётган эди. Яқинида оти боғлиқ турарди. Бирдан от типирчилаб қолди. Қироатдан тўхтаган эди, от ҳам тўхтади. Яна ўқиган эди, от ҳам типирчилади. Ўғли Яҳё яқинида ухлаб ётарди. От босиб олмасин, деб уни қўлига олди ва бошини осмонга кўтарди. Тонг отгандан сўнг бўлиб ўтган ҳодисани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб берди. У зот алайҳиссалом: “Ўқи, эй Ибн Хузайр” дедилар. У бўлса: “Эй Аллоҳнинг Расули, Яҳёни босиб олмасин деб қўрқдим. Унинг яқинида эдим. Бошимни кўтариб, унинг олдига бордим. Осмонга қарасам, булутга ўхшаш нарса ичида чироққа ўхшаган нарсалар ҳам бор. Уларни кўрмай деб чиқиб кетдим” деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “У нималигини биласанми?” дедилар. “Йўқ” деди. У зоти бобаракот алайҳиссалом: “Улар сенинг овозингга келган фаришталар. Агар тонг отгунича ўқийверганингда одамлар уларга назар солса бўларди. Улар беркинмасдилар” дедилар”. Бухорий ривояти.

 

7. Қуръон ўқиладиган уйдан шайтон қочади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уйларингни қабрга айлантирманглар. Бақара сураси ўқилган уйга шайтон кирмайди», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган. 

 

8. Қуръон ўқувчи охиратда каромат соҳибига айланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон қиёмат куни келиб: «Эй Роббим, унга сарпо бер», дейди. Бас, унга каромат тожи кийдирилади. Сўнгра у яна: «Эй Роббим, зиёда қил» дейди. Шунда унга каромат сарпоси кийдирилади. Сўнгра у яна: «Эй Роббим, ундан рози бўл» дейди. Бас, У зот ундан рози бўлади. Сўнгра унга: «Қироат қил ва кўтарилавер. Сенга ҳар бир оят учун бир ҳасана зиёда қилинади», дейилади» дедилар».

Термизий ривоят қилган.

 

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни ихлос билан ўқиб, унга амал қиладиганлардан қилсин, омин!

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қадар Аллоҳнинг сиридир. Қадарга ишониш, яъни яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси, хоҳиши, яратиши билан бўлишига ишониш иймоннинг бир шартидир. Ҳамма давоми...

3049 05:00 / 14.03.2017
Бунда илмни охират учун талаб қилган ва ишлатган содиқ олимлар кўзда тутилади. Қадимдан охират уламолари қандай бўлишлари ҳақида баҳслар бўлиб келган. Улардан давоми...

3154 05:00 / 13.03.2017
Олам ҳозирги кундаахлоқсизлик, разолат ва жиноятнинг кенг тарқалганидан аянчли аҳволда қолди. Бунинг сабаби инсон Аллоҳни эсдан чиқариши, унинг улуғлигини давоми...

2855 05:00 / 13.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. давоми...

5341 12:32 / 15.03.2017