1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

НОҚОБИЛ УЛАМОЛАР

05:00 / 13.03.2017 2685 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Минг афсуслар бўлсинким, аҳли илмнинг ичида ҳам ноқобиллари учраб туради. Одам боласи турли туман бўлиши бор. Баъзи бир сабабларга кўра табиати бузуқ инсонлардан ҳам илм йўлига кириб қолганлари бўлади. Бундай бўлишининг ҳақиқий ҳикмати ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига аён. Аммо ноқобил аҳли илмнинг чиқиб туриши бандалар учун синов ва охират уламоалрининг қадрини ошириш учун бўлса, ажаб эмас.

Ноқобил уламолар деганда илмни дунё неъматлари учун ишлатишни қасд қилган ва уни аҳли дунё ҳузурида обрў топиш учун ишлатадиган шахслар англанади.
Ноқобил уламоларнинг сифатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди», дедилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Исломда илм талаб қилиш, хусусан динда фақиҳ бўлиш учун илм ўрганиш фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлади. Шундай қилган одам икки дунёнинг бахт-саодатига эришади. Бу дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади.
Аммо, кимки диний илмларни, яъни, ҳадисда айтилганидек, Аллоҳнинг розилигини тилаб қилинадиган илмни дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, яъни, мансаб учун, пулу-мол учун, риё учун ўрганса жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди.
Шунинг учун диний илмларни талаб қилганда киши ўта хушёр бўлиши, ниятини соф қилиши, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ўйлаб иш тутиши керак бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни Аллоҳдан бошқа учун ёки Аллоҳдан бошқани рози қилишни ирода қилиб ўрганса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дедилар».
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм талаб қилиш фақат Аллоҳ учун, Аллоҳнинг розилиги учун бўлиши зарурлигини қаттиқ таъкидламоқдалар. Агар кимнинг нияти бузилса, яъни, илмни Аллоҳдан бошқа учун, Аллоҳнинг розилигидан бошқа мақсад учун ўрганса, дўзахга тушишини муқаррар эканини айтмоқдалар.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни уламолар билан мажаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида илм талаб қилишда толиби илм ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган учта хатарли ишдан огоҳлантирмоқдалар:

Илм талаб қилаётган шахс уни:

1. «Уламолар билан мажаро қилиш учун» ўрганмаслиги керак. Бир илмни яхшилаб ўрганиш «уламолар билан талашиб-тортишиб, мажоро қилиб, ҳаммасини енгиб, жим қилиб қўяй», деган ниятда бўлмаслиги керак.
2. «Эсипастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун» илм талаб қилмаслик керак. Толиб илм ҳеч қачон илмни ўрганиб олиб, тушинмаган одамларни мағлуб қилиб, ҳаммасини лол қилиб қўяй, деган ниятини қилмаслиги лозим.
3. «Ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун» талаб қилмаслиги керак. Одамлар: «Фалончи қори бўлибди, мулла бўлибди, қойил» дейишлари ва шунга ўхшаган ниятлар билан илм талаб қилмаслик керак. Агар шундай ният билан илм ўрганилса, бундай одамнинг оқибати яхши бўлмас экан. Аллоҳ таоло уни дўзахга киритар экан. Шунинг учун, илмни фақатгина Аллоҳ розилиги учун талаб қилиш керак.

Салафлардан баъзилари:

«Ўлим пайтидан энг кўп надомат қиладиган одам ноқобил олимдир», деган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни бобомларникига борсам, қўшнимизнинг дарвозаси катта очиқ, кўпчилик тўпланиб, кирибчиқиб турибди. Эшик тагида бешўнта эркаклар тик туришарди. Доим кўчада давоми...

2614 05:00 / 14.03.2017
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули Йўлим кесилди, мени давоми...

2925 05:00 / 13.03.2017
Толиби илм бор имкониятини такрорлаш ва ёдлашга қаратиши лозим. Унинг учун энг муҳим нарса олаётган илмини ёд олишидир. Халил ибн Аҳмад раҳимаҳуллоҳ толиби илм давоми...

2466 05:00 / 14.03.2017
Ошуро, дегани ўнинчи кун, дегани. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ошуро номи билан машҳур бўлган. АлҲакам ибн алАъраж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Замзам давоми...

3122 05:00 / 13.03.2017