1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Қани энди ҳар куни ўлим бўлса...

05:00 / 14.03.2017 2608 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни бобомларникига борсам, қўшнимизнинг дарвозаси катта очиқ, кўпчилик тўпланиб, кириб-чиқиб турибди. Эшик тагида беш-ўнта эркаклар тик туришарди. Доим кўчада "шўртик" кийиб олиб, бақир-чақир қилиб юрган болалар узун иштон кийиб, бинойидек одам бўлиб қолишган. Ортиқча шоқин-сурон ҳам йўқ. Бир томонда бошларига рўмол ташлаган аёллар ерга қараб, ийманибгина ўша хонадонга кириб кетишяпти. Эшик олдидаги эркаклардан шундай тортиниб, ҳаё билан ўтишяптики, уларни кўриб, «Булар ўзимизнинг аёлларми?!» деб ҳайрон бўласан киши. Мен ҳам секин бориб, ичкарига кирдим. Қарасам, ичкарида ҳам парда тортилган. Парда ортида аёллар. Паст овозда, одоб билан сўзлашишмоқда. Бир аёл парда чеккасида хонадон эркакларидан бири билан оҳиста гаплашиб, нималарнидир маслаҳат қилар, эркаклар парда ичкарисига ўтишга тортинганидек, у ҳам негадир бир йўла эркаклар томонга ўтиб олишга журъат қилмасди. Шу пайт маҳалланинг бир ўспирин йигити нимадир хизмат билан пардани очиб, ичкарига кирмоқчи бўлган эди, бирдан уч-тўрт киши бараварига «Ҳой! Тўхта! У ёққа ўтма, аёллар бор!» деб қолди. Мен эса ҳеч нарсани тушунмай қолдим... Бу хонадоннинг ҳар гал келганимда яримта-юримта кийиниб олиб, кўчада ўтирадиган ёш-ёш қизлари эгниларига узун кўйлак кийиб, бошларига рўмол ўраб олиб, нималарнидир йиғиштириб, супуриб-сидириб юришибди. Улар гарчи бироз одмироқ кийинган бўлса-да, бугун негадир ҳар доимгидан ҳам гўзал, латофатли бўлиб кўринарди.

Бирдан парда ортидан, аёллар томондан Қуръон тиловати эштилиб қолди. Бу хонадонга авваллари ҳам кириб юрардим, лекин бирор марта ҳам тиловат овозини эшитмагандим. Ҳайрон бўлдим.
Дарвоза ичкарисида турган кишилардан бири таажжуб оҳангда мени ҳам ўша ердаги курсилардан бирига ўтиришга таклиф қилди. Сўрида ўтирган, бошига дўппи, эгнига чопон кийган кўркам киши қисқароқ, аммо мароқли тиловат қилиб, хайрли дуолар қилди. Ҳаммадан ҳам мени ҳайратга солган нарса – ҳар куни кўчага чиқиб олиб, кечгача поприс тутатиб ўтирадиган, текканга тегиб, тегмаганга кессак отадиган, оғзи бепошна, ён қўшнимиз Эргаш амаки ҳам сўрида супогина бўлиб ўтирар, кечагина бизга мактабда «Худо йўқ» деб дарс айтиб, ҳанузгача пешонаси саждага бормаган Турғун тоға ҳам қўлини очиб «омин!» деб турар эди. Уларни бу «аҳвол»да кўриб, кўзларимга ҳам ишонгим келмай қолди. Кейин ёнимдагиларга қўшилиб, мен ҳам кўчага қайтиб чиқдим. Қарасам, бир тўп аёллар ҳали кирган аёллар каби ўзгача бир кўринишда девор тагидан оҳиста юриб чиқиб кетишяпти. Уларни кўриб, қандайдир ҳавасим келди. Қалбимда сокинлик, поклик, беғуборлик сездим. Кўз олдимга ўтган момоларимиз келди. Уларнинг сиймоларини эслар эканман, кўнглим ўша замонларни қўмсаб кетди. Бир зум бўлса ҳам уларнинг мусаффо муҳитларидан нафас олиш нақадар роҳатбаш эканини бутун вужудим билан туйдим. Бироздан сўнг ўзимга келиб, ёнимдаги кишидан: «Бу ерда ўзи нима бўляпти?», деб сўрадим. Шунда ҳалиги одам: «И-е, эшитмадингизми? Кеча бу хонадонда ўлим бўлган, Меҳри хола оламдан ўтдилар», деди. Шу вақт кўнглимга бехосдан бир хаёл келди: «Қани энди, ҳар куни ўлим бўлса...».

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муслимнинг ривоятида .Роббингиз нима деганига қарамайсизми Бандаларимга қайси бир неъматни берсам, албатта, улардан баъзилари унеъматга кофир бўлурлар. Юлдуз ва давоми...

3242 05:00 / 13.03.2017
Сабр қилиш қийин ва машаққатли бўлса ҳам илм ва амал қоришмасидан унинг маъжунини тайёрласа бўлади. Зотан, қалбнинг барча хасталикларига худди шу икки нарса, илм давоми...

3515 05:00 / 14.03.2017
Маълумки, салла ислом динининг шиорларидан ҳисобланади. quotСаҳиҳи Бухорийquotнинг Бадриддин Айний шарҳида асарнинг 10жузида салла ҳақида ворид бўлган ҳадислар давоми...

5147 05:00 / 14.03.2017
Одамлар билан муносабатларда .Виждонинг борми, виждонингга қарши борасанми,, .виждонсиз, деган гапларни кўп эшитгансиз. Шунда .Виждон ўзи нима, деган савол давоми...

7951 12:22 / 15.03.2017