1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Мозийдан бугунги кунгача

16:13 / 03.11.2023 1211 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом тарихи мобайнида мусулмонлар нуфусининг ортиши ҳамда замон тақозоси сабаб икки ҳарам – Масжиди Ҳаром ва Масжиди Набавий ҳудудида вақти-вақти билан кенгайтириб борилган.

Саодат асридан кейин илк бора икки масжидни таъмирлаш ишлари милодий 638/639 йили халифа Умар розияллоҳу анҳу даврида амалга оширилди. Масжиди Ҳаром атрофига девор қурдирилиб, дарвоза ва тош ўрнатилган бўлса, Масжиди Набавий кенгайтирилиб, қибла томондан айвонгача зиёда қилинди. Шунингдек, масжидда Салом дарвозаси ва шарқий девор томонда аёллар эшиги очилди.

Мўминлар амири Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида мусулмонлар сони кўпайиб, Ислом давлати мислсиз кенгайди. Давр тақозоси билан милодий 649–650 йилларда Масжиди Набавий янгитдан кенгайтириб қурилди. Усмон розияллоҳу анҳу масжид устунларини хурмо ёғочи ўрнига нақшиндор тошлардан, шифтини эса хурмо шохлари ўрнига Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирди. Қиблага айвон қўшилди. Ғарб томондан айвон ва шимол томондан 10 зиро (5 метр) зиёда қилинди.

Милодий 707–710 йиллар оралиғида халифа Валид ибн Абдумалик буйруғига кўра Масжиди Набавийда биринчи болохоналар, 4 та мезана (минора) ва деворнинг ичига кириб турадиган меҳроб қурилди.

Аббосийлар сулоласи вакили халифа Маҳдий даврида Каъбани Масжиди Ҳаромнинг ўртасида қолдириб, тўрт томондан, Масжиди Набавий эса шимол томондан кенгайтирилди. Шунингдек, 1481–1484 йиллар оралиғида ҳам мазкур масжид Султон Ашраф Қайитбой томонидан кенгайтирилди, кўп қисмлари қайта қурилди.

Милодий 1571 йили ҳам Масжиди Ҳаром таъмирланади. Каъба ёнидаги Қайитбой мадрасаси хароб бўлиб қолгани учун султон Сулаймон Қонуний томонидан масжидда қурилиш бошланди ва ўғли Султонмурод даврида 1576 йилда тамомланди.

ХХ асрга келиб икки Ҳарам ҳудудида яна қайта қуриш, кенгайтириш ишлари олиб борилди. Подшоҳ Абдулазиз даврида бошланган саъй-ҳаракатлар 1953 йилда унинг вафотидан кейин ҳам давом этди. Бунда масжидлардаги ислоҳ талаб этган жойлар таъмирланди, шифт янгиланди, саъй қилинадиган ерга тош ётқизилди, саҳнадан тўсиб турувчи нарсаларни олиб ташланди ҳамда матоф ери (тавоф қилинадиган жой) кенгайтирилди. 1955 йили Сауд Абдулазиз даврида ҳам кенгайтириш ишлари олиб борилди, бу ишлар 20 йил давом этиб, 55 мингдан ортиқ ишчи ёлланди. 1986 йили Масжиди Ҳаром овоз мосламалари ва ёруғлик ускуналари, сув таъминловчи идишлар ва ҳар томонга эскалаторлар билан жиҳозланди.

Фаҳд ибн Абдулазиз даврида ҳам 1988 йилдан 1993 йилга қадар икки масжидда кенгайтириш ишлари олиб борилди. Масжиди Ҳаромда умра эшиги билан подшоҳ Абдулазиз эшиги ўртасидаги бино тикланди. Шунингдек, том тепасига биринчи қават йўлагини тўсиш учун учта гумбаз қурилди. Масжиди Набавий ҳудудига иссиқ об-ҳаводан ҳимоя қилувчи 27 та улкан соябоннинг ўрнатилиши эса мазкур лойиҳанинг ажойиб хусусиятларидан бири бўлиб қолди. Шунингдек, унинг кўрсатмасига биноан икки ҳарам ерига оқ, совуқ, доира шаклидаги мармар ётқизилди.

Қуйида айнан шу таъмирлаш ва кенгайтириш лойиҳасини тузган, уни амалга оширишни зиммасига олган мисрлик меъмор ва муҳандис доктор Муҳаммад Камол Исмоилнинг ҳаёти ҳамда бу зоҳид инсон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари билан боғлиқ ажойиб воқеалар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

 

Меъморнинг ҳаёти

Шундай инсонлар бор, уларни бутун ер аҳли танимаслиги мумкин, аммо Аллоҳнинг ҳузурида мартабаси улуғ, фаришталар орасида номи маълум ва машҳур бўлади. Бу каби инсонлар улкан ишлар қилишига қарамай дунёдан зуҳдда яшаб ўтадилар. Доктор Муҳаммад Камол Исмоил ҳам бир асрлик умрининг охирига қадар одамлар эътиборидан, шон-шуҳрат ва бойликдан узоқда, икки масжид хизматида бўлди.

У 1908 йили Мисрнинг Мит-Ғомир шаҳрида таваллуд топди. Бошланғич таълимни шаҳар мактабида олди. Сўнгра оиласи Искандарияга кўчгани сабабли ўқишни Аббосия мактабида давом эттирди. Кейинчалик муҳандислик соҳасини пухта ўрганиш учун Қоҳирадаги Фуад университетида таҳсил олди. Университетда инглиз ва швейцариялик профессорлардан жаҳон меъморчилиги бўйича таълим олган бўлса-да, Ислом меъморчилигига бўлган қизиқиши натижасида Миср масжидларига хос услубни кенг миқёсда ўрганди. Бу изланишлар натижасини тўрт жилдли «Миср масжидлари қомуси»га жамлаб, нашр қилдирди. Қомусда Ислом тамаддунининг узоқ йиллик ривожланиш даврида бойиб борган Миср масжидларининг қурилиш услуби ҳамда безаклари ҳақида батафсил маълумот берилган. Қомус билан танишиб чиққан қирол Фаҳд ибн Абдулазиз икки Ҳарам масжидини кенгайтириш вазифасини айнан унга топширди.

Муҳаммад Камол Исмоилнинг бошқа эътиборга сазовор лойиҳалари қаторидан Қоҳиранинг Таҳрир майдонидаги мажмуа, Миср Олий Суди биноси ва Маниалдаги Салоҳиддин масжиди ҳам ўрин олган.

У юксак салоҳият ва иқтидор эгаси эди. Миср тарихидаги энг ёш олий ўқув юрти битирувчиси, Қироллик муҳандислик мактаби ўқувчиси, меъморчилик бўйича докторлик ишини Оврупада ёқлаган энг ёш талаба, Мисрда хорижлик муҳандисларнинг ўрнини боса оладиган энг ёш маҳаллий кадр ҳамда нуфузли миллий мукофотларнинг энг ёш соҳиби деган номлар ҳам Муҳаммад Камолга тегишли. Дарҳақиқат, у соҳасининг мутахассиси эди.

1930 йили Фуад университетида бакалавр бўйича ўқишни тамомлаганидан сўнг Муҳаммад Камол Францияга жўнаб кетди ва 1933 йили Бузал мактабида докторлик ишини ҳимоя қилди. У муҳандислик бўйича яна бир докторлик даражасини олди ва Мисрга қайтиб, ҳукумат биноларини қуриш ва таъмирлашни назорат қиладиган давлат идораси – Амирий қурилиш бошқармасига ишга кирди. 1948 йили бошқарма раҳбари лавозимига тайинланди.

Муҳандис холис хизматлари учун бир нечта мукофотни, жумладан, қирол Фаруқнинг «бекавия» – бек унвонини, Саудия қироллигининг Қирол Фаҳд мукофотларини қўлга киритди.

Муҳаммад Камол қирқ тўрт ёшида оила қурди. Бир фарзанд, ундан икки набира кўрди. Аёлининг вафотидан сўнг, касбий фаолиятини тўхтатиб, ўзини ибодатга бағишлади.

 

Зоҳид муҳандиснинг таҳсинга сазовор жавоби

Икки масжидни кенгайтириш лойиҳаси учун бу ишга масъул компания томонидан Муҳаммад Камол Исмоилга пул маблағи таклиф қилинганида, у мукофотни олишдан бош тортди. Ўшанда у чекни қайтараётиб, компания раҳбари Муҳаммад ибн Авадга: «Мен ахир икки масжиднинг хизмати учун қандай пул олишим мумкин? Қиёматда Аллоҳ таоло билан қандай юзлашаман? Роббимга нима дейман?» деган эди.

 

Икки ҳарам хизматида

Мисрлик геолог олим Зағлул Нажжор бу буюк инсоннинг икки ҳарам масжиди учун қилган хизматларини эътироф этиб, лойиҳа амалга оширилаётган кезларда бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берган эди:

«Дастлаб подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз меъмор ва муҳандис Муҳаммад Камол Исмоилга Масжиди Ҳарам саҳнига мармар тош ётқизишга кўрсатма беради. Муҳандис «Thassos extra» деб номланган, фақатгина Юнонистонда бўладиган мармардан фойдаланишни режа қилади. Кўринишидан музни эслатувчи мармарнинг ўта ноёб бу тури анча қиммат ҳам туради. Унинг ўзига хос хусусиятларидан бири, кечаси майда-майда тешикчалари орқали намликни ўзига сингдиради ва кундузи ўша намликни ташқарига чиқаради. Айнан, мана шу хусусияти уни ҳатто ёзнинг иссиғида ҳам салқин бўлишини таъминлайди. Мармарнинг ушбу тури «Мармар ороли» деб номланган кичкина бир оролдан қазиб олинар эди.

Муҳандис Муҳаммад Камол ўша мармардан олиб келиш учун Юнонистонга кетади. Етиб боргач, мармар тошини сотиб олиш учун шартнома тузиб, Маккага қайтади. Ўша шартномада кўрсатилган масжид учун мўлжалланган мармарнинг ҳажми оролнинг ярмини ташкил этар эди. Масжиди Ҳаромнинг ҳамма ери ушбу мармар билан қопланади. Намлик ва салқинни кўпайтириб бериши учун мармар устига қалинлиги беш сантиметр бўлган пласт ҳам қоплаб чиқилади.

Орадан ўн беш йил ўтиб Саудия қироли муҳандисдан Масжиди Набавий ерига ҳам шу турдаги мармардан қоплатишини айтади. Муҳаммад Камол хавотирга тушади. Боиси Юнонистоннинг ўша кичкина конидан бошқа дунёнинг ҳеч ерида ундай мармар йўқ эди. Шунингдек, мармарнинг ярми аллақачон сотиб олинган, Масжиди Ҳаром ерига ўрнатилган, қолган ярми эса сотилганми-йўқми, билмас эди.

Шу каби ўй-хаёллар билан яна Муҳаммад Камол яна Юнонистонга йўл олади. Келган заҳоти компания раҳбаридан қолган мармар ҳақида сўрайди. У кондаги қолган мармар ўшанда сотилиб кетганини айтади. Муҳаммад Камол оғир вазиятда қолади. Сабаби ўн беш йиллик архивни топиш, харидорни аниқлаш мушкул эди. Сотиб олган мижозни билган тақдирида ҳам масжидга етадиган мармарни топа оладими, буниси номаълум эди.

Идорадан чиқаётиб, Юнонистонда ҳали бир кун вақти борлиги сабабли котибадан мармарнинг қолган қисмини ким сотиб олгани ва харидонинг телефон рақамини аниқлаб беришини илтимос қилади. Эртагача бирор яхшилик бўлиб қолар, Аллоҳ бирор йўл кўрсатар, деб умид қилади.

Эртасига учиши керак бўлган вақтдан бир неча соат олдин котиба унга қўнғироқ қилиб, идорага келишини сўрайди. Тезда етиб келган Муҳаммад Камолга мармарни сотиб олган харидор ҳақидаги маълумотни беришади. Харидорнинг топилганидан муҳандиснинг жуда хурсанд бўлиб кетади. Устига-устак, мармарнинг қолган ярмини сотиб олган ширкат Саудияга тегишли эди!

Муҳаммад Камол дарҳол Саудия Арабистонига учади ва аэропортдан тўғри мармарни сотиб олган ширкат жойлашган манзил томон йўл олади. У ерга боргач, директорлар кенгаши раисидан «Бир неча йил олдин Юнонистондан сотиб олинган мармарни нима қилгансизлар?» деб сўраганида бошлиқ эслолмаслигини айтади ва ширкатга қарашли дўконларга қўнғироқ қила бошлайди. Барча дўкон эгалари «Мармар умуман сотилмади, ҳаммаси жойида турибди», деб жавоб қайтаришади. Бу гапни эшитган Муҳаммад Камол ёш боладек ҳўнграб йиғлаб юборади. Раис ҳайрон бўлиб, ундан кўзёшнинг сабабини сўрайди. Муҳаммад Камол бунинг тарихини бирма-бир сўзлаб беради. Сўнгра ширкат бошлиғининг олдига бўш чек қоғозини қўяди-да, унга «Кўнглинг тилаган пулни ёз, ҳаммасини тўлайман», дейди. Компания раҳбари мармар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари учун сўралаётганини билгач, «Аллоҳнинг розилиги учун бир дирҳам ҳам олмайман, мармарнинг ҳаммасини олиб кетаверинглар», дейди. Шундай қилиб Масжиди Набавий ери ҳам оқ мармар билан қопланади.

 

Обидхон Абдулҳамидхон

«Ҳилол» журналининг 7(52) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4653. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.У киши сафарни ирода қилган одамга .Менга яқин кел. Сен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз ила давоми...

6048 19:14 / 21.03.2018
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Кишилар ўзаро муносабатда мулойим сўз, очиқ юзли бўлиши керак. Яхшига ҳам, ёмонга ҳам, бидъатчига ҳам, суннатга давоми...

1317 09:10 / 07 январь
4680. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик, бирдан Али келиб.Отаонам сизга фидо давоми...

14348 22:47 / 16.05.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи тоййибийна тоҳирийн.Абу Саъид давоми...

3113 05:00 / 17.02.2017