1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Илм ва билим: фарқ нимада?

11:26 / 14.11.2023 2281 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маҳаллада ёшлар етакчиси бўлиб ишлайдиган Сардорбек шанба куни эрталабдан бозорга тушди. Биринчи галда таътилда болалар зерикиб қолмасин деб, уларга китоблар сотиб олди. Сўнг деҳқон бозор тарафга юрди. Тушдан сўнг мактабда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишлаб ўтказиладиган тадбирга бориши керак. Шу боис, рўзғор учун керакли барча нарсаларни тез-тез харид қилиб, уйга шошилди. Уйга кирганида савол беравериб ойисини бошини оғритиб ўтирган олти яшар ўғли Муроджонга кўзи тушиб, уни ҳам ўзи билан тадбирга олиб кетиш кераклигини эслади. Бугун болалар боғчаси ишламайди. Институтда ўқийдиган аёлининг айнан шу бугун якуний имтиҳони экан. Шунинг учун Муроджонни мактабдаги йиғилишга бирга олиб кетишни илтимос қилганди. Дадаси билан тадбирга боришини эшитган бола тезда кийиниб чиқди-да, сўнг онасига жиддий оҳангда «Қайтиб келганимизда сизга ва опаларимга мажлисда нималарни гапиришганини айтиб бераман», дея ваъда берди.


Тадбирда экология қўмитаси вакили «катталар» тилида – атмосфера ва сув ҳавзаларининг ифлосланиши, сув ва озиқ-овқат тақчиллиги, глобал исиш ва ерлар дегродацияси – тупроқ эрозияси муаммолари бўйича маъруза ўқиди. Ундан сўнг сўзга чиққан Сардор бироз соддароқ тилда Орол денгизи нима сабабдан қуригани, ўрмонлару дарёларни нима учун асраш кераклиги, янги қонун ҳужжатларига мувофиқ, бундан буён машинада ўтириб, ташқарига чиқинди улоқтирган ҳайдовчи ва йўловчилар жаримага тортилиши ҳақида гапирди. Бола маъруза ўқиган профессорнинг нима деганини деярли тушунмаган бўлса-да, дадасининг гапларини мазза қилиб тинглади. Уйга келгач, Муроджон табиат ҳимоячисининг қуруқ нутқи ҳақидаги фикри ва отасининг гапларини онаси ва опаларига етказди. Бу ҳолатда бола маълумот тарқатувчи вазифасини ўтаб берди, десак ҳам бўлади. Демак, маърузачи, яъни илм берувчи маълумотларни тингловчининг ёшидан қатъи назар, унга у тушунадиган кўриниш (ҳолат)да тақдим этсагина, тингловчи маълумот (илм)ни қабул қилади – маълум даражадаги билимга эга бўлади. Мустақил билим олмоқчи бўлган илм изловчи, қийин мавзуларни ўрганиш пайтида, албатта ўша соҳа мутахассиси, яъни устоздан кўрсатма, йўл-йўриқ олиши лозим.


Умуман олганда, билим олиш, илмли бўлиш, қаердандир ёки кимдандир олинган қандайдир маълумотни ақл-идрок ила қайта ишлаш, керакли хулосаларни чиқариш, тафаккур қилиш фақат инсонгагина хос хислатдир. Аҳамиятли томони шундаки, билимли бўлишга ҳаракат қилган одам ҳар томонлама манфаат кўради. Хусусан, илм олган киши бу дунёда обрў-эътибор орттириш, юксак мартабага эришиш баробарида Яратганнинг назарига тушади. Бу ҳақда Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам айтилади. Жумладан:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни, хусусан, илм берилганларни даражаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).


Шундай экан, илм олишимиз, билимли бўлишимиз учун бизга нима тўсқинлик қиляпти? Ўрни келганда «билим» ва «илм» сўзларининг маъноси, мазкур икки каломнинг бир-биридан фарқи нимадан иборат эканига тўхталиб ўтсак. «Билим» сўзи «билиш», «маълумотга эга бўлиш», «англаш», «ўзлаштириш» маъноларини англатади. «Билим»нинг «илм»дан фарқи шундаки, «билим» – ўзбекча (туркий) сўз, «илм» эса араб тилидан кирган. Арабча «иълмун» калимаси ҳам «билиш», «маълумотга эга бўлиш» мазмунига эга. Ўзбек тилида «билим» ва «илм» сўзлари синоним сўзлар сифатида қўлланилади.


Шу ўринда илм фойдали ҳамда фойдасиз бўлиши, хатто «зарарли илм» деган тушунча мавжудлигини айтиб ўтиш даркор. Масалан, бир киши диний йўналиш бўйича илм олиб, ушбу илмга амал қилмаса, унинг олган илми фойдасиз ҳисобланади. На динга, на жамиятга наф келтирадиган, масалан, сеҳргарлик ёки фолбинлик каби одамларни алдаш учун қўлланиладиган билимларни ўрганиш эса ҳаромдир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради», дедилар» (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).


Илмга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарсага, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр туради.


Эътиборли томони шундаки, бойлик, пул ва давлат сарфлангани сайин ана шу бойлик камайиб бораверади. Илм улашсангиз, аксинча, илмингиз зиёда бўлса бўладики, озаймайди.


Баъзан толиби илмлар устозга савол беришни ор деб ҳисоблайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида бундай марҳамат қиладилар: «Илм – хазинадир, унинг калити саволдир. Сўранглар, сўрашда тўрт киши савобга эга бўлади: сўровчи, олим, яъни ўқимишли одам, эшитувчи ва уларни дўст тутувчи» (Байҳақий ривояти).


Алишер Навоий ҳазратлари эса:
«Билмаганин сўраб ўрганган олим,
Орланиб сўрамаган ўзига золим», дея Набий алайҳиссаломнинг айтганларини давом эттирдилар. Вақти келиб, юқорида тилга олган қаҳрамонимиз Муроджон ҳам ота-онасидан тушунмаганларини сўраб, оқил, эсли-хушли бола бўлиб вояга етишига умид қилиб қоламиз.


Зеро, оилали бўлиш, фарзандларга тарбия бериш, уй-жой қуриш, бирон соҳа бўйича иш юритиш учун ҳам илм ўрганиш керак. Бинобарин, баъзан илмсизлик оқибатида арзимаган хатолар сабаб оилалар пароканда бўлмоқда, қариндошлар орасига совуқчилик тушмоқда, нотўғри қурилган иморатлар хавфли масканга айланмоқда, тадбиркорликка сарфланган маблағлар зое кетмоқда.


Илм чегарасиз уммондир. Илм олиш эса ов қилиш жараёнига ўхшайди, устозлар томонидан берилган билимни керак бўлса ёзиб, ўзлаштириб олмасангиз, қўлингиздаги тайёр ўлжа қочиб кетади. Бундан ташқари, эгалланган билим такрорланиб турилмаса, кучини йўқота бошлайди. Шунинг учун ҳам илм соҳиби, ҳар дам уламолар анжуманларида қатнашиши, янгиликлардан хабардор бўлиб туриши, шогирдларига сабоқ бериш жараёнида билимларини чархлаб бориши даркор.


Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят ва илм худди ерга ёққан мўл ёмғирга ўхшайди: унинг яхши жойлари бўлиб, сувни сингдиради ва (у ердан) кўплаб ўт-ўланлар ўсиб чиқади. Унинг қаттиқ, қурғоқ жойлари ҳам бўлиб, сувни тўплаб қолади ва Аллоҳ бу билан одамларга манфаат беради: ундан ичишади, экинни суғоришади, (униб чиққан ўт-ўлан билан) чорваларини боқишади. (Мўл ёмғир ернинг) бошқа жойига ҳам ёғади. У сув ҳам тўпланмайдиган, экин ҳам ўсмайдиган текисликдир. Мана шу Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган, Аллоҳ мен ила юборган нарса манфаат берган кишининг; ўзи ўрганган ва (ўзгаларга ҳам) ўргатган кишининг ҳамда бунга эътибор бермаган, Аллоҳнинг мен ила юборилган ҳидоятини қабул қилмаган кишининг мисолидир» (Муслим ривояти). 


Осмондан ёққан ёмғир ўлик ерларга ҳаёт бахш этганидек, ҳақиқий илм ва кўрсатмалар ўлик қалбларни тирилтиради. Эшитувчилар ёмғир ёққан ҳар хил ерларга ўхшайди... Уларнинг баъзилари худди унумдор ер каби илмга амал қиладиган олимлар ҳамда муаллимлардир. Сув ичиб, ўзи фойдаланади, ўсимликларни ўстириб бошқаларга ҳам фойда келтиради. Баъзилари эса замонасидаги барча илмни эгаллайди, лекин унга амал қилмайди, яъни унга мувофиқ ҳаёт кечирмайди. Аммо бошқаларга етказади. Бу одамлар сувни ўзида сақлаб қолган ва одамлар унинг бағридаги сувдан фойдаланаётган ерга ўхшайди. Учинчи тоифа эса илм олмайди, табиийки атрофдагиларга ҳеч қандай наф келтирмайди.


Албатта, илм йўлида юриб, ўзига ҳам ўзгаларга ҳам манфаат етказган киши билан билимсизлик зулматлари ичида юришга рози бўлган киши орасида катта фарқ бор. Илм-фан, техника ва технология шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кунда билим олишга интилмаслик бу тараққиётдан орқада қолиш демакдир. 


Сир эмас, баъзи ёшларимиз мактабни битирар-битирмас тезроқ ва кўпроқ пул топиш илинжида ўзларини бозорга урмоқда, ишлаш учун чет элга кетишга уринмоқда. Таълим олиш, билимли бўлиш эса улар учун иккинчи даражали, аҳамиятсиз эҳтиёж бўлиб қоляпти. Умид қиламизки, бизнинг Муроджон хорижий тилларни ўрганмаса, дипломли бўлмаса, катта ютуқларга эришиши қийинлигини англайди ва ўқишга, айниқса, аниқ фанларни ўзлаштиришга, ахборот технологияларига оид билимларни эгаллашга, IELTS ёки СEFR бўйича кўпроқ балл тўплашга ҳаракат қилади.


Мамлакатимизда билимли бўлиш, яъни илм ўрганиш учун барча шароитлар мавжуд. Хоҳиш-истак, ҳаракат бўлса, бас. Сўзимиз исботи учун бундан 10 – 15 йил аввал мактабни битирган ёшларнинг фақат давлат таълим муассасаларида таҳсил олиш имконияти бўлгани, бугунги кунда эса ана шундай илм даргоҳлари сафига кўплаб тил марказлари, янги хусусий университетлар, IT (ай-ти), бизнес мактаблари ва бошқа йўналишдаги таълим масканлари қўшилганини мисол қилиб кўрсатиб ўтиш мумкин.


Хулоса ўрнида илм олиш ҳеч қачон кеч эмаслигини, айтиб ўтиш жоиз. Демак, Сардорга ўхшаган оталар фарзандлари қўлига китоб тутқазишлари, нима бўлишидан қатъи назар, болаларни яхши ўқитиш, уларнинг зиёлилар қаторидан ўрин олиши учун замин яратиб беришлари керак.

Зиёдулла Ҳамидов
«Ҳилол» журналининг 6(51) сонидан

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қалб ҳақида савол бўлиб қолган эди, дарҳол жавоб топиш учун маълумотлар излашга тушдик. Биз излаган бир қанча маълумотлар ичида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ давоми...

2031 16:11 / 09.01.2023
1947 йилда Қоҳирадаги шифокорлардан бири Молик ибн Набийга мактуб йўллаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва Қуръони Каримни таърифлаб бир китоб ёзиб давоми...

2367 11:00 / 07.03.2022
Ризқ талаб қилиш одамлар учун раҳматдир. Улар бу ишни ўзларига ризқ етиб келгунча нафсларига таскин бериш учун қиладилар. Зотан, нафс муҳтож бўлса, қўлида фазл бор давоми...

5058 09:00 / 02.08.2021
Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан ўтирганларида уларни илмга тарғиб қилиб шундай дедилар.Ким илм талаб қилиш йўлига кирса Аллоҳ унга давоми...

1856 09:19 / 16.06.2021