1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

«Ислом» нима?

16:14 / 11.09.2023 3659 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ислом» сўзининг луғавий маъноси қуйидаги маъноларни англатади:
1. Ихлос.
2. Турли офатлардан саломат бўлиш.
3. Сулҳ ва омонлик.
4. Итоат ва бўйсуниш.


Исломнинг шаръий маъноси эса «Аллоҳ ягона» деб эътиқод қилиб, Унга бўйсуниш, бутун қалб билан Унга ихлос қилиш ва Аллоҳ буюрган диний эътиқодга иймон келтиришдир.


Қуръони Каримда Ислом ширкка (Аллоҳнинг шериги бор, деб ишонишга) қарши қўйилган. Бошқа оятларда Ислом Аллоҳга ихлос қўйиш ва Унга бўйсуниш, итоат қилиш маъноларида ҳам келган.


Ислом дини асосан уч қисмдан иборат:
Иймон – ақийда масалалари;
Ислом – шариат масалалари;
Эҳсон – тариқат масалалари.
Энди ушбу уч қисм билан қисқача танишиб олайлик.


Мўмин-мусулмонликни даъво қилган киши Аллоҳнинг борлигига, азалий ва абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтириши лозим.


Фаришталарга бўлган иймон Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Ҳар бир мўмин-мусулмон одам фаришталарнинг сифатларига, хизматларига ва хусусиятларига ҳам иймон келтириши лозим. Шунингдек, Аллоҳнинг китобларига, пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши даркор.


Охират кунига бўлган иймон ҳам, яхши-ю ёмон қадарга иймон ҳам шариат кўрсатмаси бўйича бўлиши лозим. Иймон мазкур сифат ва даражада бўлгандагина ҳақиқий иймон бўлади. Диннинг эътиқод қисмига оид таълимотлари «иймон» деб аталишини шундан билиб оламиз.


Иймон, яъни эътиқод масалаларига оид илоҳий таълимотлар тўплами одатда «ақийда» деб аталади. Бу қисмга оид илм «Ақоид илми» дейилади.


«Ақийда» сўзи арабча «ъақада» феълидан олинган бўлиб, «бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш» деган маънони англатади. Бу сўзнинг жами (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.


Аслида бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун, аввало, ўша нарсани идрок қилиш лозим. Кейин эса ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши керак. Сўнгра замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.


Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўналтирадиган, ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.


Ақийда масалалари дунёвий тизимларда мафкура – идеология ҳам дейилади.


Ислом ақийдалари Қуръони Карим ва Суннатдан олинади.


Исломда иймон Аллоҳ таоло тарафидан бандаларга берилган неъматларнинг энг улуғи сифатида қадрланади. Ислом инсоннинг қадрини иймон билан ўлчайди. Иймонсиз одам икки дунёда ҳам ҳеч бир нарсага эриша олмаслигини қаттиқ таъкидлайди. Исломда ҳамма нарса иймон асосида олиб борилишига алоҳида аҳамият берилади.

Аллоҳга иймон
Аллоҳга бўлган иймон бу масалада бош рукн ҳисобланади. Аллоҳга иймон бўлмаса, бошқа нарсага иймон бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, иймон масаласининг бош рукни бўлмиш Аллоҳга иймон келтириш нима ўзи?


Ислом нуқтаи назарида Аллоҳга бўлган иймон Аллоҳ таолонинг борлигига, ягоналигига, холиқлигига, мудаббирлигига, яъни барча ишнинг тадбирини қилиб турувчи, бошқарувчилигига, розиқлигига ҳамда бошқа исму сифатлари ва ишларига тил билан иймон келтириш, уларни дил билан тасдиқлашдир. Бу иймон Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганларидек бўлиши зарур.


Аллоҳга бўлган иймон ўз эгасини ҳар қандай ҳолатда Аллоҳнинг амри билан яшашга чорлайди. Аллоҳга иймони бор одам «Ҳар бир ишим-қилмишимни Аллоҳ кўриб турибди» деган ишонч ила ҳаёт кечиради. Шунинг учун у фақат Аллоҳга хуш келадиган ишларни қилиб яшайди. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.


Аллоҳга иймони бор одам «Ҳар бир гапимни Аллоҳ эшитиб турибди» деган ишонч билан яшагани учун доимо ўзидан яхши овоз, гап, сўз ва маънолар чиқишига ҳаракат қилади. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.


Аллоҳга иймони бор одам «Ҳар бир амалимни Аллоҳ ҳисоблаб турибди, қиёмат куни сўроқ-савол қилади» деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан узоқ туради. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.


Аллоҳга иймони бор одам «Тавбани фақат Аллоҳ қабул қилади» деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун ҳам ўзидан хато ўтса, дарҳол тавба қилишга, чин қалбдан афсус чекишга, ўша хатони такрор қилмасликка шошилади. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.


Аллоҳга иймони бор одам ўзида барча яхши фазилатларни жамлашга, барча разолатлардан четда бўлишга ҳаракат қилади. Иймон ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар бир жамият ва бутун инсоният учун ўта муҳим ҳамда зарур сифат эканини одамлар кўриб-билиб турибдилар.


Бошқа масалалар қатори иймон масаласида ҳам ҳамма нарса Аллоҳнинг Ўзи кўрсатганидек бўлиши керак. Инсоннинг ўзича «Унга иймон келтираман-у, бунга иймон келтирмайман» дейиши кулгили. Бу ҳолатда иймон-эътиқод, дину диёнат масаласини Аллоҳ эмас, банда жорий қилган бўлади.


Аллоҳга иймон қандай бўлиши кераклигини Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб бериши, шунингдек, Аллоҳдан бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб бериши фақат Исломда собитдир. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Азиз ўқувчи, салибчиларга Фаластиннинг бир қарич ерини ҳам беришдан бош тортган, тарих тажовузкорлари томонидан ёмонотлиқ қилинган mdash Усмонийлар халифасининг давоми...

5198 19:00 / 04.04.2021
Шуайб алайҳиссаломнинг насаблари Иброҳим алайҳиссаломнинг Мадян исмли ўғилларига бориб туташади. Демак, Шуайб алайҳиссалом ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг давоми...

2492 16:00 / 06.06.2019
Ҳунайн ғазоти Маккаи мукаррама фатҳ қилингандан сўнг, ҳижрий саккизинчи йил шаввол ойининг ўнинчиси, чоршанба куни бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2259 18:30 / 10.03.2022
Кавказ ҳақида фикр юритар эканмиз, бунда Осиё билан Европа ўртасида жойлашган, ғарб томони Қора денгиз, шарқ томони эса Каспий денгизи билан чекланган тоғли давоми...

4098 17:00 / 08.06.2022
Аудиолар

120870 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42440 14:35 / 11.08.2021