1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Аллоҳнинг нусрати

18:30 / 10.03.2022 2260 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳунайн ғазоти Маккаи мукаррама фатҳ қилингандан сўнг, ҳижрий саккизинчи йил шаввол ойининг ўнинчиси, чоршанба куни бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррама фатҳини тамомлаб, ишларни бир ёқлик қилиб, шаҳар аҳолисининг кўпи мусулмон бўлиб турган бир пайтда нохуш хабар эшитдилар. Хабарда айтилишича, Ҳавозин қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилиш учун одам тўплабди. Уларнинг бошлиғи Молик ибн Авф Насрий экан. Унга сақифликлар (тоифликлар) тўла қўшилишибди. Яна Бану Наср, Бану Жушам, Бану Саъд ибн Бакр, Бану Ҳилол қабилаларидан тарқоқ жамоалар, Бану Амр ибн Омир ва Авф ибн Омирлар ҳам қўшилишибди. Жами йигирма тўрт мингдан кўпроқ аскар. Улар ўзлари билан аёллар, болалар, чорва моллари ва бошқа нарсаларни ҳам олиб чиқишибди.

Ҳавозин қабиласи Қурайшдан кейинги иккинчи куч ҳисобланар, бу икки қабила ўртасида доимо мансаб талашуви бўлар эди. Ҳавозин қабиласи ҳар бир нарсада Қурайшдан қолишмасликка ҳаракат қиларди. Қурайш енгилганидан кейин ҳавозинликлар улар қила олмаган ишни қилиб, шуҳрат қозонмоқчи бўлишди. Улар Исломни йўқ қилиб ташлаб, одамлар ўртасида «Қурайшнинг қўлидан келмаган ишни Ҳавозин қилди-я» деган гап тарқалишини жуда ҳам исташди. Ана ўша ножўя истак уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши лашкар тўплашга чорлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи учун олиб келган муҳожир, ансорий ва араб қабилаларидан тузилган ўн минг кишилик аскарлари билан душман томон йўл олдилар. Исломга янги кирган икки минг маккалик ҳам лашкарга қўшилди. Ҳаммалари бир бўлиб, душман томон юриш қилдилар.

Икки томон Маккадан Тоифга кетаверишда, 28 км масофада жойлашган Ҳунайн (ҳозир Шароиъ) деб номланадиган водийда тўқнашдилар. Жанг тонг ғира-шира ёришганда бошланди. Мусулмонлар водийга кириб боришганида ҳавозинликлар қўйган пистирма уларга сездирмай, қўққисдан ҳужум қилиб қолди. Улар тинмай камондан ўқ ёғдиришар эди. Шу пайт мусулмонлар орқага қараб қоча бошладилар.

Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам собит турдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хачирларини душманнинг рўпарасига қараб солар эдилар. Хачирнинг юганини ўнг томондан Аббос, чап томондан Абу ­Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб ушлаб тортишар, унинг юришини секинлатишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса одамларни қайтаришга уриниб: «Мен томонга, эй Аллоҳнинг бандалари, мен томонга! Мен Аллоҳнинг Расулиман! Менинг пайғамбарлигим ёлғон эмас! Мен Абдулмутталибнинг набирасиман!» деб бақирар эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобалардан саксонтача киши собит турдилар. Уларнинг ичида Абу Бакр, Умар, Алий, Аббос, Фазл ибн Аббос, Абу Суфён ибн Ҳорис, Айман ибн Умму Айман, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳулар бор эди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга баланд овоз билан «Эй дарахт соҳиблари!» деб чақиришни буюрдилар. (Ҳудайбияда муҳожир ва ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида байъат қилган эдилар. Ана ўша кишиларни чақиришни амр этдилар). Аббос баланд овоз билан чақиришга тушдилар. Улар эса: «Лаббайка, лаббайка!» деб жавоб бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон қайта бошладилар. Баъзи кишиларнинг минган уловлари қайтмаса, совутини кийиб, уловидан тушиб пиёда келди. Улардан бир гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тўплангандан сўнг уларга сидқидилдан кучли бир ҳамла қилишга буйруқ бердилар. Шунда мушриклар енгилиб, пала-партиш қочишга тушди. Асирларни тўплаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошларига олиб келишгандагина бошқа мусулмонлар ҳам қайтиб келишди.

Бу урушда биринчи марта мусулмонлар томонида ўн икки минг кишилик лашкар қатнашди. Лашкарнинг кўплиги уларни ғурурлантириб, ғалабанинг асосий манбаини унутиб қўйдилар. Оқибатда жангнинг бошланишида мағлубиятга учрадилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга собит турган оз сонли мусулмонларга Аллоҳнинг Ўзи нусрат берди. Шу билан бирга, Аллоҳ мусулмонларга ёрдам учун фаришталарни ҳам туширди.

«Ислом тарихи» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
14 ёшдан 20 ёшгача бўлган йигитқизларга ўсмир, ўспирин сўзи ишлатилади.Аслида арабчада муроҳиқ, ўзбекчада ўсмир, ўспирин деб аталган сўз ғарб истилоҳи бўлиб, давоми...

854 21:00 / 24.10.2022
Нубувватнинг 6йили Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу раҳбарлигида яна бир гуруҳ 100102 нафар саҳобалар Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар.Мусулмонлар эришган бу ҳолат давоми...

2787 19:02 / 08.02.2020
Нубувватнинг 12йили зулҳижжа ойи, ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди.Уларнинг беш нафари бир йил олдин Маккага келиб мусулмон давоми...

1819 15:02 / 12.05.2020
Фиръавнлар тамаддуниМиср Африка қитъасининг энг серҳосил минтақаларидан бири эди. Шунинг учун унинг аҳолиси жуда ҳам кўп бўлиб, унда фиръавнлар давлатига асос давоми...

2968 17:10 / 10.05.2019
Аудиолар

120890 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42459 14:35 / 11.08.2021