1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари

14:00 / 11.08.2023 1502 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(еттинчи мақола)

Хандақ урушидаги энг оғир вазиятда Бани Қурайза яҳудийлари Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдларини бузиб, душман томонга ўтиб олишлари мушрикларнинг ҳужумидан ҳам хавфли эди. 


Шунинг учун бу совуқ хабарни эшитишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ташвишга тушдилар. Чунки яҳудийлар шаҳар ичида мусулмонлар билан бирга яшар эди.


Хабарни эшитишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор турли кишиларни, жумладан, Зубайр розияллоҳу анҳуни яҳудийлар томон юбордилар. У кишига Бани Қурайзанинг аҳдномани бузиб, хиёнат қилганликлари ҳақидаги гапларни аниқлаб келишни топширдилар. 


Улар чиқиб, Бани Қурайза олдига бордилар ва ўзларига етган хабардан ҳам баттар ҳолга дуч келдилар. 


Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига бўҳтон гаплар айтишарди: 
«Расулуллоҳ ким бўлибди? Биз билан Муҳаммад ўртасида аҳд ҳам йўқ, паймон ҳам йўқ», дер эдилар. 


Қайтиб бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора билан иш қандай эканлигини етказдилар.


Ана шунда вазият яна ҳам жиддийлашди. Хавф-хатар яна ҳам кучайди. Мусулмонлар икки ўт орасида қолдилар. Бундай нозик пайтда мунофиқлар ҳам бош кўтариб қолишди.


Аммо Аллоҳ таоло Пайғамбарини ва мўмин бандаларини қўллаб-қувватлади. Уларга зафарни ёр этди. Душманлари ноумид бўлиб, келган томонларига қараб кетдилар. Улар бор имкониятларини ишга солиб, ҳамма арабларни тўплаб келсалар ҳам, бирор нарса қила олмадилар. Улар Расулуллоҳга ва мусулмонларга зарар етказа олмасликларига ишондилар, умидлари узилиб, ортга қайтдилар.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар эса Мадинага ғолиб бўлиб қайтдилар. Одамлар қуролларини қўйиб, ҳордиқ чиқара бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Умму Салама онамизнинг ҳужраларида жангдаги чанг-кирлардан покланиш учун ғусл қилаётган эдилар, ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: 
«Қуролни қўйдингми, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ҳа», дедилар. 
«Лекин фаришталар қуролларини қўйганлари йўқ. Ҳозир душманни қувишдан қайтаётган пайтим. Аллоҳ таборака ва таоло Бани Қурайза томон юришингни буюради», деди Жаброил алайҳиссалом. 


Бани Қурайза Мадинадан бир неча масофа четроқда яшар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар уларнинг масканларига борганларида яҳудийлар қўрғонлари ичига кириб, беркиниб олдилар. Қамал бошланди. Мусулмонлар учун уларнинг мудофаасини бузиб ўтиш жуда ҳам қийин бўлди.


Қамал чўзилиб кетганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу билан Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни чақириб, нима қилиб бўлса ҳам душман қалъасини очишни топширдилар. У зот икковларига «Ёки Ҳамза татиган нарсани татийсизлар ёки уларнинг қўрғонини фатҳ қиласизлар», дедилар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан яҳудийларнинг мустаҳқам қўрғони олдига етиб бордилар ва икковлари ўзларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларни:
«Ёки Ҳамза татиган нарсани татиймиз ёки уларнинг қўрғонини фатҳ қиламиз!!!» деб наъра тортдилар.


Сўнгра икковлари жанг қила бориб, қўрғон ичига ўзларини отдилар ва инсон ақлини лол қиладиган даражада паҳлавонлик ва баҳодирлик намуналарни кўрсатиб, қалъа ҳимоячилари билан жанг қилдилар. Улар жанг қила бориб, қўрғон эшикларини очдилар. Аллоҳнинг лашкарлари «Аллоҳу Акбар!» садолари остида душман устига ҳужум бошладилар. Аллоҳ Ўз лашкарларига нусрат берди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муоз ибн Жабал ибн Амр ибн Авс розияллоҳу анҳу 18 ёшларида Исломга кирдилар. Етмиш нафар мадиналик ансорлар билан бирга Ақаба байъатида иштирок этдилар. Кейинчалик давоми...

3919 14:00 / 05.04.2022
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумонинг Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумога қўшни бўлган ери бор эди. Уларнинг ерларида деҳқончилик қиладиган, ерга ишлов давоми...

1314 16:00 / 03.12.2022
Саҳобаларни яхши кўриш ва уларни пайғамбарлардан кейин энг афзал инсонлар бўлган, деб эътиқод қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Чунки улармуқаддас давоми...

21884 19:20 / 21.04.2017
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у саҳоба ҳақида .Бу мендандир ва мен унданман, дедилар.Бу саҳобани кўпчилигимиз танимаймиз. Моддий жиҳатдан фақир, аммо давоми...

3023 09:02 / 14.09.2021
Аудиолар

121569 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43045 14:35 / 11.08.2021